Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан. Ӯн иккинчи ҳикоя

Ӯн иккинчи ҳикоя

Уч ой қандай ӯтиб кетганини билмай қолибман. Мартда Москвага етиб бориб, иш бошлашим керак. Бир томондан хурсандман, яна ишлайман, пул топаман, янги уйни битказиб оламиз. Иккинчи томондан яна туғилган маконимдан, онажоним, акам, опам, қон-қариндошларимдан олисда яшашни ӯйлаб, кӯнглимдан бир нималар узилиб кетаётгандек бӯлаверади.

Москвага учадиган самолётга чипта сотиб олганимда ҳам кӯнглимда икки хил ҳис олишарди.

- Ӯғлим, кетадиган бӯлдингми? Қачонга? – деди онам чипта олганимни эшитганидан сӯнг алланечук бир маъюсланиб.

- Пайшанба куни, 27 февралга, - мен бу гапни хотиржамгина айтар эканман, ичимда иккинчи ҳис ғолиб келаётгандек эди.

- Умиджон, ӯғлим, шу ӯзимизда ишлаб юрсанг бӯлмайдими? Ана, ӯртоқларингни биттаcи дӯкон очган, уч-тӯрттаси бир бӯлволишиб, одамларга уй қуриб беришяпти.

Онам жилмайишга уринар, лекин кӯздаги маъюслик лабдаги жилмайишнинг зӯраки эканлигини билдириб қӯяётганди.

- Онажон, мен энди ҳар йили келиб тураман. Уч йилгача ӯшақларда қолиб кетмайман.

- Умиджон, эшигингни очиб қӯяй, дегандим. Отанг тӯйингни кӯрмасдан армонда кетдилар, - онажонимнинг кӯзларида пайдо бӯлган ёш томоғимни тирнай кетди.

- Онажон, ҳали кӯп тӯйлар қиламиз. Менинг тӯйимга ҳам, ана, акамнинг қизидан тортиб, ӯғиллари, опаларимнинг болаларини узатиш, уйлантириш тӯйларида ҳам ӯзингиз бош бӯласиз.

- Яқин ӯртоғинг Фотиҳ бӯлгандан кейин сенга гап топиб бӯлармиди, болам…

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Россияга борган баъзи муҳожирларнинг тақдири фожеали тугайди.

Илондек ӯрмалаган шумхабар

Шу билан менинг Москвага кетишим ҳақида бошқа гап очилмайди, деб ӯйлагандим. Қаерда? Эрта тонгда вақтли туриб Фотиҳ ва икки синфдошим билан қишлоқнинг янги маҳалласига фотиҳага бориб келдик. Россиядан мен тенги – йигирма бешлик йигитнинг ӯлиги келган экан. Марҳумнинг қандай ӯлгани ҳақида ҳар ким ҳар хил гапирарди. Биттаси газдан исланиб ӯлди, деса, иккинчиси аллакимлар билан жанжаллашган экан, жон жойига уриб ӯлдиришибди, дерди…

Фотиҳадан қайтгач, гарчи юрагим қоп-қоронғи бӯлса-да, ичимдагини сиртга чиқармасликка уриниб, ӯзимни хотиржам тутишга ҳаракат қилардим. Ишқилиб, Россиядан ӯлиб келган бола ҳақида онам эшитмаган бӯлсинлар-да.

Мен онамнинг авзойидан янги маҳаллага келган тобутни эшитмаганликларини сезиб, Москвага олиб кетиш учун у-бу харид қилиш мақсадида бозорга кетдим. Бозордан қайтиб келсам, онамнинг ранг-рӯйлари буткул ӯзгарган. Қишлоғимиз китобларда ёзиладигандек дӯппидеккина эмас, Фотиҳнинг айтишича аҳолиси қирқ минг нафарга яқинлашиб қолган. Саккизта умумтаълим мактаби бор. Қишлоқнинг бир маҳалласидаги одамлар икки-уч маҳалла наридаги одамларни танишмайди. Лекин хунук хабар илондек ӯрмалаб уйма-уй кириб боради, деганлари тӯғри гап. Онам қӯлимдаги нарсаларни бир четга олиб қӯйиб, мени дуо қилар экан, овози баралла титрарди.

- Болам, қаерда бӯлмагин, Худойим ӯз паноҳида асрасин. Ҳеч бир она фарзанд доғини кӯрмасин. Илоҳим, тӯйингни, бахтингни кӯрай, болаларингни ӯзим алла айтиб катта қилайин…

Онам кафтларини юзидан олганда кӯзлари жиққа ёшга тӯлганди.

- Онажон, сизнинг дуонгиз мени ҳамма ҳар ерда асрайди, - дедим онамнинг елкасига бош қӯяётиб.

- Кеча-кундуз икки ӯғлим, икки қизимнинг кӯплар қатори ӯзинг асра, деб сӯрайман. Лекин… - онам кӯзига рӯмолча босди. – Бу душман кӯнгил… Янгимаҳаллалик йигитнинг онаизорини ӯйлаб ичим эзилиб кетяпти. Раҳматли сен тенги экан. Икки яшар ӯғилчаси етим, ёш келин есир қолди…

- Онажон, ӯзингиз айтасиз-ку тақдирдан қочиб қутулиб бӯлмайди, дея.

- Тақдир.., - онам пешонамни, бошимни силарди. Мен бу илиқ, меҳрибон қӯлнинг пешонамдан узилмаслигини истаганча жимгина онамнинг елкасидан бош кӯтармасдан ётардим. – Ҳаётга келиб, нима кӯрибди у йигит. Эшитганим рост чиқса-ю уни ким уриб ӯлдирган бӯлса, қӯллари синсин, акашак бӯлсин, жазосини тортсин!

Ҳайкал ва аччиқ ҳақиқат

Кечқурун уйга аввал икки синфдошим, сал кейинроқ Фотиҳ келди. Мен иложи борича Россия, муҳожирлик ҳақида гап очилмаслигини истардим ва шунга уринардим. Лекин, қаерда? Фотиҳ кулганича гап бошлаб қолди:

- Москвадан кейинги гал келганингча юртимизда битта ҳайкал кӯпаяди. Балки келин билан унинг тагига гул қӯярсизлар.

- Қаердаги гапларни топасан. Яна қандай ҳайкал? Мен ҳеч қандай ҳайкал пойига бориб, гул-пул қӯймайман. Мен билан бир умр бирга бӯлишга аҳд қилган қизни ҳам шунга кӯндираман.

- Ҳозир интернетни Тожикистонда мардикорлар, э, кечирасизлар, меҳнат муҳожири шарафига ҳайкал ӯрнатиш ҳақидаги хабарлар босиб кетди, - деди тӯсатдан жиддий тортиб Фотиҳ. – Исфандиёр деган бир йигит қайси бир сайтга ана шу таклиф билан чиққан экан, унга тарафдорлар соат сайин кӯпайгандан-кӯпайяпти.

- Мен «Азия-плюс»да ӯқидим, - келганидан бери жимгина ӯтирган синфдошларимдан бири қӯлидаги планшетни ишлатди. – Мана, қаранглар, ҳатто одамлар ҳайкалнинг қандай бӯлиши, уни қаерга ӯрнатиш борасида таклифлар ёзишяпти.

Синфдошим узатган планшетни олиб, уч-тӯртта турли-турли фикрларни ӯқиб кӯрдим. Биттаси жуда яхши таклиф, Тожикистонга йилига миллиард-миллиард пул юбориб турган меҳнат муҳожирларига ҳайкал қӯйилса арзийди, дея ёзибди. Яна биттасининг фикрича ҳайкал фарзандини Россияга кузатаётган ота-она кӯринишида бӯлса яхши эмиш. Лекин уларнинг чеҳрасини маъюс қилиб тасвирлашни таклиф қилибди. Ҳайкал Исмоил Сомоний ҳайкалидан паст бӯлмасин, уни Душанбе аэропорти ё темирйӯл вокзали майдонига қӯйишсин, деб ҳам ёзишибди. Бошқа бир фикр бошдан-оёқ кесатиқдан иборат экан. Гап эгасини топади, деганларидек, бу кесатиқлар милён нафардан ортиқ одамга яхши маошли иш топа бера олмай, мусофирликка мубтало қилган раҳбарларга етиб борармикан.

Ҳайкални юртида чӯнтаги шилиниб, йиртилиб кетган йигит қиёфасида ясашсин, деган фикрни ӯқиб, аввалига кулдим, бироз ӯтмай, бу аччиқ ҳақиқатни тан олар эканман, қош-қовоғим осилиб кетди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com

Бола - Тожикистонда, она - Россияда

Менинг кӯринишимдаги ӯзгаришни сездими, Фотиҳ «Интернетда муҳожирлар ҳақига ғамхӯрликлар қилинаётгани ҳақида ҳам ёзишган», деди.

Унинг айтишича, Москвада тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокат иш бошлабди. Агар биронтамизнинг ҳақ-ҳуқуқимиз бузилса, Тожикистон Меҳнат, муҳожирлик ва иш билан таъминлаш вазирлиги қошидаги ваколатхонага борар эканмиз. Бунгача вазирликнинг Москвадаги ваколатхонаси муҳожирлар аризаларига кӯра уларни ҳал этиш учун прокуратура каби Россия ҳуқуқ-тартибот мақомотларига мурожаат этиб келишган экан. Лекин адвокат хизматига эҳтиёж борлиги сезилиб қолибди

Мен Фотиҳга яхши хабар учун раҳмат айтдим. Лекин юз минглаб меҳнат муҳожирининг дардини биттагина адвокат енгиллатиб бера олмаслигини ичимда ӯйласамда, сиртимга чиқармадим. Устига буни Фотиҳнинг ӯзи ҳам жуда яхши билишини билмасдан нима.

Синфдошим эса, мен қайтариб берган планшетдан кӯз узмасдан яна бир хабарни айтди. Конибодомлик Шуҳрат деган йигитни Россиядан чиқариб юбориш ҳақида ҳукм чиқарилган экан. Ҳалиги адвокат олган ваколатхона Шуҳратнинг аризасини кӯриб чиқиб, унинг ҳужжатлари ва россияликлар ҳукми билан батафсил танишиб чиқибди. Натижада Шуҳратни Россиядан чиқариб юбориш ҳақидаги ҳукм асоссиз эканлиги исботланибди. У Россиянинг ҳеч қандай қонунини бузмаган ва барча тегишли ҳужжатлари жойида экан. Шундай қилиб, энди Шуҳрат Россияда бемалол ишлайверар экан.

- Бунгача ёш болали аёллардан учтасининг нотӯғри депорт қилингани исботланган экан. Ҳозир улар Россияда қолган ёш болаларининг олдига қайтиб боришибди, - деди синфдошим менинг қизиқиш билан қараб турганимни кӯриб.

- Яшасинлар! – деди кафтини кафтига уриб Фотиҳ. – Уч онани боласи билан бирга бӯлиши иложини топишибди. Лекин Тожикистонда бир ярим-икки яшар боласини онасига ё қайнонасига ташлаб кетиб, Россияда ишлаб юрган минглаб ёш оналарни фарзанди олдига қайтаришни ким ӯйлайди? Россияда ишлаб юрган онаси меҳрига зор бӯлиб ӯсаётган, туғилганидан бери отасини кӯрмаган болаларни ким ӯйлайди? Шуҳратнинг Россиядан ноҳақ чиқариб юборилганини исботлашибди, унга ёрдам беришибди. Раҳмат! Лекин Россиядан арзимас баҳоналар билан депорт қилинаётган бошқа ӯн минглаб одамларимизга ким ёрдам беради?

Бир тандир патир

Эрта тонгда уйғонсам, онам печка олдида хамир қоряптилар.

- Онажон, совуқда тандирга ӯт ёқиб нима қиласан? Уйда нонимиз бор-ку! – дедим астагина.

- Тандирга ӯтни сен ёқиб берасан. Масквага олиб кетишингга бир тандиргина патир ёпиб берайин, - дедилар онам хамирни муштлаганларича.

- Онажон, қизиқсиз-а, бир тандир нонни нима қиламан?

- Масквадагилар уй нонини соғинишган. Ҳамхоналарингга, сени кӯргани келадиган ҳамқишлоқларга биттадан улашсанг, бир тандир нон етмайди аслида.

Ҳозир Москвада нонвойхоналар кӯпайиб кетган, дедим, у дедим, бу дедим, барибир онамни кӯндира олмадим. Патир ёпилди. Лекин онамнинг зорланишларига қарамасдан, бир тандир эмас, саккизта патирни жомадонга жойладим. Майиз, асал, онам ӯз қӯллари билан чаққан бодом, ёнғоқ мағзи… Бошқа совға-салом, кийим-кечак билан тӯлган жома-донни зӯрға ёпдим.

Самолёт тунги иккида учади. Лекин аэропортга камида икки-уч соат олдин бориш керак. Мени акам олиб чиқиб қӯядиган бӯлдилар. Онам мен ҳам аэропортга бораман, сени кузатаман, деб турволдилар. Акам тунги совуқда онамнинг қийналиб қолишларини ӯйлаб, уйда яхшилаб дуо қилсангиз, бӯлди, деди. Онам кӯз ёшларини артдилар-да, ичкари уйга кириб кетдилар.

- Қани, ӯғлим, «Бисмиллоҳирр раҳмонирр раҳийм», дея буларни тишлагин!

Ичкаридан қайтиб чиққан онамнинг қӯлида иккита патир турарди…

Умид.

Бу мавзуда батафсилроқ