Виктор Янукович Россиядан ўзини ҳимоя қилишни сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Янукович чоршанба куни халқаро қидирувга берилган

Украинанинг ҳокимиятдан четлатилган Президенти Виктор Янукович Россия ҳукуматидан ўзининг шахсий хавфсизлигини таъминлашни сўраган.

Дастлабки хабарларда айтилишича, Москва унинг илтимосини қондирган.

"Мен ва менинг сафдошларимга ўлдириш билан таҳдид қилишмоқда. Россия Федерация ҳукуматидан мени экстремистлардан ҳимоя қилишини сўрашга мажбурман", дейилади жаноб Януковичнинг Россия хабар агентликларига йўлланган баёнотида.

Унда Виктор Янукович ўзини ҳамон Украинанинг халқ томонидан сайлаб қўйилган давлат раҳбари деб ҳисоблашини айтган.

У Украина парламенти - Раданинг ўзини президентлик вазифасидан четлатиш ҳақидаги қарорини ноқонуний деб атаган.

Жаноб Янкувичнинг баёнотида айтилишича, у 21 феврал куни мухолифат раҳбарлари билан имзоланган сиёсий инқироздан чиқишга доир муроса келишувининг бажарилиши учун курашни давом эттиради.

"Минтақалар партиясининг кўпгина аъзолари хавфсизлик хавотирлари сабаб парламент муҳокамаларида қатнашолмаётган, айримлари эса жисмоний зўравонлик қурбони бўлган ва мамлакатни тарк этган бир шароитда Украина Олий Радаси қабул қилаётган қарорлар ноқонунийдир", дейилади баёнотда.

Россия матбуотининг Кремлдаги манбаъларга иқтибосан хабар қилишича, жаноб Януковичнинг илтимоси қондирилган.

Аммо бу Янукович ҳозирда Россияда турганини англатадими, йўқми, хабар қилинмаяпти.

Чоршанба куни халқаро қидирувга берилган Януковичнинг қаердалиги ҳозиргача номаълум қолмоқда.

РБК агентлиги ўз манбаъсига иқтибосан унинг аввалига Москвадаги Radisson Royal (олдинги "Украина") меҳмонхонаси, кейинроқ эса Россия Президентининг Ишлар бошқармасига қарашли Барвиха оромгоҳида кўрилганини хабар қилган.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ва Президент Ишлар бошқармаси матбуот котиби Виктор Хрековлар Януковичнинг қаердалиги ҳақида ҳеч қандай ахборотга эга эмасликларини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ