Қирғизистонда собиқ вазирни озод қилиш сўралди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ўзи қонунбузар, дейди фаоллар.

Қирғизистон парламентининг «Ор-Номус» партияси раиси Феликс Кулов қамоқ жазосини ўтаётган Ижтимоий ривожланиш вазирлигининг собиқ раҳбари Равшан Собиров озодликка чиқарилиши кераклигини айтган.

Депутат Кулов ушбу баёнотини Олий Кенгашнинг Махкама-ҳуқуқий масалалари ва қонуният қўмитаси йиғинида қилган.

Собиқ вазирга қарши бундан икки йил олдин порахўрликда айбланиб қамалган эди.

Қўмита йиғинига келган ҳимоячи Нина Зотовага кўра, порахўрликда айбланган Равшан Собиров Бишкек шахрининг Биринчи Май тумани маҳкамаси томонидан бутунлай оқланган.

Бишкек шаҳрининг маҳкама коллегияси эса туман махкамасининг қарорини қувватлаган ва айбланувчининг ҳатти-ҳаракатларини Жиноят кодексининг 310 моддасига муносиб эканлигини тасдиқлаган. Қирғизистон Олий махкамасида ҳам бу қарор маъкулланган.

Лекин Собировнинг жавобгарликка тортилганлигини ҳимоячи Нина Зотова ноқонуний, деб билади.

"Ҳимоямдаги Равшан Собировни ушбу асосда озодликдан маҳрум қилиниши аслида нотўғри бўлган. Чунки у вақтда Қирғизистон Жиноят кодексида 310 модда йўқ эди. Мазкур модда 2012 йилнинг 10 августида бекор қилиниб, жиноят кодексидан четлатилган. Қолаверса, Равшан Собиров афв қонуни бўйича ҳам қамокдан бўшатилиши керак. Лекин мен Бош прокуратурага мурожаат этганимда, илтимосим қондирилмади- дейди ҳимоячи.

Феликс Кулов парламент қўмитаси йиғинида ҳимоячи Зотовани фикрларини ёқлаган.

"Равшан Собиров дарҳол озодликка чиқарилиши шарт. Мен бошқа йўлни кўрмаяпман. Биронта инсон амалда йўқ моддага асосан озодликдан махрум килинса, биз сукут саклаб ўтираверишга ҳаққимиз йўк. У киши авф бўйича қамоқдан чиқарилишга ҳам ҳуқуқи бор. Илгари бизда шундай ҳодисалар ҳеч қачон бўлмаган ва биз шу келишмовчиликни ҳал килишимиз лозим. Олий маҳкаманинг бунга эътиборини тортиш лозим - деган жаноб Кулов.

Шу билан бирга у бекор қилинган модда бўйича фармон чиқарган ҳакамларнинг ҳам жавобгарлиги масаласини Олий Кенгашнинг умумий йигинида муҳокама қилишни таклиф этган.

Равшан Собиров 2012 йил болаларни асраб олиш доирасида фаолият кўрсатган хорижий ташкилот вакилларидан пора ундиришда айбланган.

2013 йилнинг 23 май куни Қирғизистон Олий маҳкамаси Равшан Собировга боғлиқ Бишкек судининг беш йилга озодликдан маҳрум қилиш қарорини кучида қолдирган.

Собиқ вазирнинг мол-мулки мусодара қилиниб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм чиқарилган.

Айни пайтда Равшан Собиров Бишкек яқинидаги қамоқхонада сақланмоқда.

Худди шу қамоқхонада 2010 йилнинг июн ойида содир этилган қонли воқеаларда айбланган таниқли инсон ҳақлари фаоли Азимжон Аскаров умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ