Туркманистонда хориж дипломлари тан олинмайдиган бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркманистон инсон ҳақлари бўйича ташаббус гуруҳига кўра, Туркманистон ҳукумати хориж ўқув юртларининг дипломлари мамлакатда амал қилишига чекловлар киритган.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов фармонига биноан, хориждаги олий ва махсус таълим ўқув масканларини кечки ва сиртқи бўлимларини битирганлик ҳақидаги ҳужжатлар билан ишга қабул қилинмайди.

Шунингдек, 1993 йил 1 январдан кейин хориж ўқув юртларининг дипломига эга фуқаролар Туркманистон Маориф вазирлигида махсус суҳбатдан ўтишлари керак.

Ҳукуматнинг тўсатдан чиқарган қарори хориж ўқув юртларида таҳсил олаётган 10 мингдан ортиқ туркманистонликларни ташвишлантириб қўйган.

Туркман инсон ҳақлари фаолларига кўра, чет элдаги билим юртларининг охирги босқичларда ўқиётган талабалар энди нима бўлишидан хавотирланиб, уларга мурожаат этмоқдалар.

Маълумотларга қараганда, Туркманистонда 1993 йил 1 январдан сўнг хориж дипломини олиган 38 минг мутахассис бор. Уларнинг ҳужжатлари давлат томонидан тан олиниши учун имтиҳон топширишлари лозим.

Таҳлилчилар айни пайтда Туркманистонда ҳамма соҳаларда малакали, олий маълумотли мутахассисларнинг етишмаслиги кузатилиб турганда ҳукуматнинг дипломли мутахассислар сонини сунъий равишда қисқартиришга уриниши тушунарсиз ҳоллигини айтади.

Янги тартибга биноан, ўқиш муддати 2 йилдан 4 йилгача бўлган хориж ўқув юрти дипломлари кўриб чиқилади.

Мутахассислар Туркманистонда жамиятшунослик ва туркман тили бўйича имтиҳон топширишади.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳам мамлакатнинг олдинги раҳбари Ниёзов каби кутилмаган қарорлар чиқариши билан танилган.

Жаноб Бердимуҳаммедов феврал ойида спорт соҳасида мутахассислар йўқлиги боис, бундан буён мамлакатда спорт мактаблари қурилмаслигини айтган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ