Афғонистон вице-президенти Муҳаммад Қосим Фаҳим вафот этган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Муҳаммад Қосим Фаҳим Афғонистоннинг энг қудратли шахсларидан бири бўлган.

Афғонистондаги қудратли шахслардан бири, вице-президент фельдмаршал Муҳаммад Қосим Фаҳим оламдан ўтган.

Расман эълон қилинишича, Муҳаммад Қосим Фаҳимнинг юраги табиий сабаб туфайли уришдан тўхтаган.

У охирги пайтда хасталикдан азият чеккани хабар қилинади.

Шу муносабат билан Афғонистонда уч кунлик мотам эълон қилинган, мамлакат байроғи ярмига туширилган.

Этник Тожик бўлган Муҳаммад Қосим Фаҳим Афғонистондаги фуқаролар уруши пайти Толибонга қарши жанг қилган Шимолий Иттифоқнинг энг катта қўмондонларидан бири бўлган.

2001 йилда Толибон қудратдан ағдарилганидан кейин у Афғонистон мудофаа вазири лавозимини эгаллаган.

2009 йилда Президент Ҳомид Карзай ўринбосари этиб тайинланган.

56 ёшда бўлган Муҳаммад Қосим Фаҳимни ўта шафқатсизликда айблашган.

Бироқ Толибон қулаганидан кейин у АҚШ дастагини қўлга киритган.

Жаноб Фаҳим бир ойдан кейин Афғонистонда ўтказиладиган президентлик сайловига ўз номзодларини илгари сурган икки сиёсатчи - Залмай Расул ва собиқ ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло билан яқин бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ