Қозоқларда Россия билан яқинлашувдан хадиксираш кучайган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистонлик фаоллар Россия бошчилигидаги Овросиё иттифоқига қарши анжуман режалаганлар. Украина ҳодисаларидан сўнг Қозоғистонда Владимир Путин бошчилигидаги Овросиё иттифоқининг миллий манфаатларга фойдаси борасида шубҳалар янада чуқурлашган.

Қозоғистонда бир гуруҳ жамоат фаоллари 12 апрел куни мамлакатнинг Овросиё иттифоқига киришига қарши форум ўтказишишини билдирди.

"Руҳ билан тил" клуби раҳбари Жанпўлат Мамай Қозоғистон ушбу иттифоққа қўшилса республика сиёсати Москвада ҳал бўлиш хавфи борлигини айтади.

Унга кўра, Украиндаги сўнгги ҳодисалар Овросиё иттифоқининг Қозоғистон миллий манфаатларига тўғри келмаслигини яна бир бор кўрсатиб берган.

"Украинада рўй бераётган ҳодисалар бизни ушбу иттифоққа қарши туришимизга яна бир асос беради. Россиянинг номаълум ҳарбийлари Қримга кириши аннекция ва Украина давлати суверенитетига даҳл қилинганликни англатади. Биз бундай давлат билан битта иттифоқда бўлишни истамаймиз. Агар Қозоғистон Овросиё иттифоқига қўшилишдан бош тортадиган бўлса, шундай ҳолат бизнинг ҳам бошимизга тушмаслигига кафолат йўқ", - дейди жаноб Мамай.

Мамай жаноблари Овросиё иттифоқи Совет иттифоқининг янги шаклда қайта тикланишини англатишини ва бу Қозоғистоннинг мустақиллиги барҳам топиши билан тугаши мумкинлигини таъкидлайди.

2014 йилнинг 1 май куни Қозоғистон, Беларус ва Россия Божхона иттифоқидан Овросиё иттифоқига ўтиш бўйича барча ҳужжатларни тайёр ҳолига келтириши керак. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб эса, ушбу янги иттифоқ тўлиқ амалга кириши кутилмоқда.

Россиялик сиёсатчи ва расмийлар ушбу иттифоқнинг кўпроқ Россиянинг геосиёсий манфаатларини кўзлаб тузилаётганини яшираётгани йўқ.

Шундай бўлса-да, Россия давлат думаси депутати Михаил Старшинов ушбу иттифоқнинг бошқа давлатларга ҳам фойдали эканлигини айтади.

"Мен ушбу иттифоқ фақат Россияга фойдали деб савол қўймаган бўлардим. Бу, албатта, ушбу иттифоқда иштирок этмоқчи бўлган барча мустақил давлатлар учун ўзаро фойдали бир қурилма бўлади", - дейди Старшинов.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали мамлакатда Овросиё иттифоқига муносабат қатламларга қараб турлича эканлигини айтади.

"Агар биз жамиятимизнинг катта сегменти бўлмиш қозоқ тилли қисмини олсак, уларнинг Божхона иттифоқи ва Овросиё иттифоқига бўлган муносабати сўнгги йиллар давомида ёмонлашиб борди. Ушбу иттифоқнинг бошланиши 2010 йилни олсак, маълум шубҳаланишлар ва қўллаб-қувватлашлар бор эди. Иттифоқ Қозоғистон учун хавфсизлик, иқтисодий нуқтаи назардан фойдали бўлиши мумкинлиги ҳақида қарашлар бор эди. Лекин 2-3 йил давомида ушбу муносабат анча салбийлашди", - дейди жаноб Жумали.

Сиёсатшуносга кўра, Россиянинг Украинага бўлган муносабати ва айрим россиялик сиёсатчиларининг чиқишлари ушбу иттифоқнинг фойдали бўлишига умид қилган оз сонли қозоқзабонларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилган.

Бироқ, русийзабон қозоғистонликлар ҳалиям Россия билан интеграциялашув мамлакат учунг фойдали бўлиши мумкин деган қарашларда собит турибди.

Иқтисодчилар Божхона иттифоқи Қозоғистон иқтисодий ва кўп векторлик сиёсатига фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирганини айтишади.

Божхона иттифоқига кирган Қозоғистон ташқи бозорга ёпила бошлади. Товарлар ва хизматларга божхона тўловларининг кўтарилиши мамлакатда нарх-наволарнинг ортишига олиб келди.

Божхона иттифоқига кириш қозоғистонлик тадбиркорларга қўл келиши ва ишлаб чиқариш гуркираб ривожланиши кутилган эди. Бироқ, сўнгги уч йилда ушбу амалнинг Россиялик тадбиркорлар учун қўл келгани ва Қозоғистон бозори ташқи дунё учун бироз ёпилиб россиялик тадбиркорларнинг эркин ҳаракатланувчи бозорига айланиб қолгани ойдинлашди.

Мутахассислар Овросиё иттифоқи борасидаги келишувларнинг матни тўлалигича жамоатчиликка ошкор қилинмаётганидан хавотир билдиришмоқда.

Жаноб Жумали иттифоқнинг бошланғич лойиҳаларидаги келишувлар интернетда чоп қилинганини, бироқ келишувнинг сўнгги якуний лойиҳаси ҳеч қаерда чоп қилинмаганини айтади.

"Бу нарса Қозоғистон конституцияга зид. Чунки барча халқаро шартномалар имзоланишидан олдин расмий матбуотда чоп қилиниши керак. Бироқ ҳали уни ҳеч ким кўргани йўқ", - дейди Жумали жаноблари.

Унга кўра, Қозоғистоннинг Божхона иттифоқида кўп нарса йўқотгани эътиборга олинса, Овросиё иттифоқида ҳам кўп нарса йўқотиши мумкинлигини ҳеч ким инкор қилолмайди.

Сиёсатшунос фикрида бу каби масалаларда шартномани имзолашда шошилмаслик лозим. Аммо нимагадир, ташаббусчи Владимир Путин Қозоғистон ва Беларуснинг Россия бошчилигидаги иттифоққа тезроқ киришини истамоқда.