Қирғизистонда фуқароликни олиш осонми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Қирғизистонда чорак аср яшаб ҳам фуқароликни ололмаётганлар бор.

Қирғизистонда кўплаб одамлар қонуний ҳаққи бўлишига қарамай, фуқаролик олишолмаяпти.

Парламент вакилларига кўра, муаммо сабаблари турлича. Қўшни давлатлардан кўчиб келган ва ё Қирғиз фуқаролари билан оила қурган яқин хориж фуқаролари узоқ йиллардан бери ватандошлик мақоми олишолмаяпти.

Қирғизистон парламенти аъзолари кўшни мамлакатлардан ўнлаб йиллар олдин кўчиб келиб одамлар шу пайтгача Қирғизистон фуқаролари бўла олмаганлигини танқид қилган.

Қирғизистон жанубий вилоятларида ҳам бундай ҳолатлар кўплаб учрайди.

Асли ўзбекистонлик, 48 ёшдаги Асқарали Тўраев айни пайтда Ўш вилоятининг Аравон қишлоғида истиқомат килади. Тажрибали деҳқон, кўп йиллар давомида пахта етиштиради. Ўнлаб йиллар олдин у қирғизистонликка уйланган. Бироқ ҳануз, кўп боланинг отаси бўлиб ҳам чет эллик фуқаро саналади.

"Муаммолар бўлаяпти. Болам паспорт олгани борса, отангнинг паспорти кўчирмасини ҳам олиб кел, деган. Лекин мен Қирғизистон фуқароси бўлмасам, қандай кўчирма қилиб бераман? Аёлим қирғизистонлик, болаларим хам барчаси Қирғизистонда туғилган. Учта ўғлим, икки келин, иккита неварам бор. Лекин ўзимга паспорт ололмаяпман", дейди у.

Яқинда Олий Кенгашнинг Ижтимоий сиёсат қўмитаси раҳбари Дамира Ниязалиева эса Қирғизистон фуқароларига турмушга чиққан аёлларнинг ачинарли тақдири ҳақида гапиради.

"Бу аёллар йигирма-ўттиз йилдан буён ватандошларимизнинг рафиқалари бўлгани билан, улар шу кунгача давлатимизнинг фуқаролари эмас. Айниқса бу зиддият Қирғизистон жанубига хос ва шундай ҳолатлар аксарияти ҳам – худди жанубда қайд этилган", дейди у.

Парламент аъзоси айтишича, жорий йилда шу муаммони ҳал қилиш учун ҳаракат қилади.

Асқарали Тураев айтишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги борди-келди алоқалари мураккаблашиб кетган. Шу билан бирга, у шахсан ўзи Қиргизистон фуқароси бўлмагач, Ўзбекистонда яшаётган кекса ота-онаси билан кўп вақт давомида учраша олмаяпти.

"Мен хозир Ўзбекистонга, ота-онамнинг олдига бориб келишдан жуда қийналиб юрибман. Ота-оналар қариб қолган, улар баъзида оғриб, қийналиб қолаяпти, лекин менда ҳозир ҳеч кандай имконият йўқ, шу томондан кийналдим. Мана шаҳарга хам чиқиб келиш муаммога айланади, чунки кўчада кетаётсанг, милиция тухтатиб: «ҳужжатинг қани?», деб сўрайди. Менда эса асосий ҳужжатим шу кунгача йўқ. Расмий холда «Паспортлар берилмоқда» дегани билан, амалда ундай эмас", деб айтади Асқарали.

Асқарали ҳикоя қилишича, у кўп маротаба тумандаги масъулларга мурожаат қилганига қарамасдан, тез-тез алмашадиган раҳбарлар унинг муаммосини эътиборсиз қолдирган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг бошлиғи Журабой Абдураимов шундай дейди:

- Қандай муаммо бўлса ҳам, маҳаллий раҳбарларнинг доимий фаолият кўрсатиши ёки алмашиб кетишидан қатъий назар, фуқароларнинг мурожаати конунда белгиланган муддатда ҳал қилиниши ёки жавоб берилиши керак. Фуқаролик масаласига боғлик энг кам муддат икки ҳафта қилиб белгиланган. Ўша муддат етарли бўлмаса, фуқароларга бунинг сабабини тушунтириб, бир ой давомида муаммосини ҳал қилиш шарт.

Журабой Абдураимов шунингдек, инсонларда Қирғизистон фуқаролигини олишга боғлиқ муаммолар келиб чиқса, ўзларига мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ