Собиқ Ўш ҳокими бошлаган қимматбаҳо кўприк тергов қилинмоқда

"Аср қурилиши" дея ном олган Оқ-бура дарёси устидан ўтувчи кўприк қурилиши ўтган йили бошланиб, 2015 йили фойдаланишга топширилиши айтилган эди. Лекин, маблағ танқислиги сабаб, ҳозирги кунда ушбу кўприк қурилиши тўхтаб қолган.

Айни дамда Ўш шаҳар прокуратураси тарафидан қурилиши ҳали тўла бошланмасданоқ тўхтаб қолган кўприкнинг лойиҳаси, уни қуриш иштиёқини билдирган ҳорижий ташкилотлар тендери ноқонунийлиги, шаҳар бюджетидан бўлган ноқонуний ҳаражатлар юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов олиб борилмоқда.

Ўш шаҳрининг марказий бозори бўйлаб ўтувчи осма кўприк қурилиши, шаҳар собиқ ҳокими Мелис Мирзақматовнинг ташаббуси билан ўтган йилнинг сентябрь ойи охирида бошланган.

Ўшанда собиқ ҳоким, қурилаётган кўприкнинг узунлиги 400 метр, эни эса 17 метр бўлиб, жами қурилиш 539 миллион сўмга баҳоланганини айтганди.

Бироқ, Ўш шаҳар кенгаш раиси Улан Примов қурилажак кўприкни молиялаштириш учун шаҳар бюджетида маблағ етарли эмаслигини айтади.

"Ўш шаҳар кенгаши депутатлари 2014 йилга шаҳар бюджетини 787 миллион сўм деб қабул қилишган. Янги қурилувчи кўприкнинг умумий баҳоси эса 539 миллион сўмни ташкил қилади. Бу маблағ шаҳар бюджетининг ярмидан кўпини ташкил этади. Бу йил шаҳар бюджетидан кўприк қурилишига 40 миллион сўм ажиратилди. Баъзи ҳаражатларни қисқартириш ҳисобидан, яна 25 миллион бўлиниши мумкин" - деди жаноб Примов.

Жорий йил бошида Ўш шаҳар ҳокимлигига бўлиб ўтган сайловда ғолибликни қўлга киритган, иқтидордаги шаҳар ҳокими Айтмамат Қадирбаев, Ўш шаҳри учун кўприк қурилиши муҳим эканлигини, лекин буни фақат маҳаллий ҳокимиятнинг ўзи эплай олмаслигини айтар экан, марказий ҳукуматга ёрдам сўраб мурожаат этганликларини маълум қилди.

"Биз, кўприк қурилиши учун турли имкониятларни излаяпмиз. Шу қаторда марказий ҳукуматга ҳам, республика бюджетидан кўприк қурилиши учун маблағ бўлиб беришларини сўраб мурожаат қилдик. Ҳозирча аниқ жавоб олганимиз йўқ" - деди жаноб Қадирбаев.

Бу орада Қирғизистон Ҳукумат Бош Вазири Жонтўра Сотиболдиев 10 мартда Ўш шаҳрига қилган бир кунлик расмий иш сафари чоғида ҳозирги кунда қурилиши тўхтаб турган кўприкнинг аҳволи билан танишиб, Қирғизистоннинг мавжуд моддий аҳволи сабаб ҳукумат бу каби кўп маблағ талаб қилувчи кўприк қурилишини молиялаштиришга имконияти йўқлигини айтди ва маҳаллий расмийларга кўприкнинг арзон маблағ билан қурилувчи турларини ишлаб чиқишни буюрди.

"Агар, бу кўприк қурилишига маҳаллий бюджетдан йилига 40 миллион сўмдан ажратилса, у ҳолда кўприк 10 йилдан ортиқроқ вақтдан кейин тўла битказилади. Бу каби катта қурилишни бошлашдан, аввалгисини бузишдан аввал, унга молия манбаларини излаб топиш керак эди. Ана ундан кейин, қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиб, ишни бошласа бўларди. Ҳозир республика бюджетида бу қимматбаҳо кўприкни молиялаштиришга маблағ йўқ."

Ўш шаҳарида марказий кўчалардан бири ҳисобланмиш Алишер Навоий кўчаси бўйлаб қурилувчи, Масалиев ҳамда Ленин кўчаларини туташтириши режаланаётган кўприк қурилиши баҳонасида марказий бозор йўли тўсиқлиги, шаҳар яшовчиларига ва машина ҳаракатига бир қатор қийинчиликларни яратмоқда.

Маҳаллий яшовчи Илхом Азизов ҳар куни эрталаб, бир неча чақирим айланма йўллар билан иш манзилига боради ва кечга яқин ҳам шу кўриниш.

"Бу йўлни ёпиб қўйилгани оддий халққа ёмон бўлди. Шаҳарда қанча машина тиқинлари, одамларда оворагарчилик. Майли, Мирзақматов бу кўприк қурилишини молиявий жиҳатини ўйламай бошлаб қўйибди, лек ҳозирги ҳоким, ҳукумат бу кўприкни тезроқ қуриб, битириш керак-ку", - дея хуноб бўлади у.

2010 йилда Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган миллатлараро этник низолар ортидан ўзининг миллатчилик руҳидаги чиқишлари билан танилган Ўш шаҳар собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов кўприк қурилиши бошланиши арафасида қуйидаги сўзларни айтган эди.

"Одамлар, бу кўприкни қурилиши бўйича ҳар хил гапларни айтаяпти. Биз икки йил давомида кўприкни қуриб, ишни охирига етказамиз. Бу йил шаҳар бюджетидан 100 миллион сўм ажиратилди. Келажакда бу Ўрта Осиёдаги ягона кўприк бўлиб ҳисобланади. Кўприкни "Аср Қурилиши" деб атаса ҳам бўлади" - деган эди Мирзақматов.

"Ўзбошимча ҳоким" деб танилган собиқ ҳоким Мирзақматов 539 миллион сўм, тақрибан 9 800 000 АҚШ доллари миқдордаги маблағни талаб қилувчи "Аср Қурилиши" кўпригини қай маблаққа солишни мақсад қилгани ҳануз номаълум.

Your contact details
Disclaimer