Қирғизистон: қамоқдаги ўзбек фаоли Азимжон Асқаровнинг аризаси кўриб чиқилмоқда

Бишкекнинг Октябр тумани маҳкамаси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг жиноий иши бўйича янгидан очилган тафсилот-жиҳатларга боғлиқ даъво аризасини кўриб чиқишни бошлаган.

"Бир дунё" нодавлат ташкилоти раҳбари Тулойхон Исмоилова, тергов пайти Асқаров қийноққа солинганлигини айтиб, аввалги маҳкамалар ҳукмларини бекор қилиш юзасидан шикоят қилган.

Қирғизистонда таниқли инсон ҳуқуқ фаоли, асли ўзбек Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида содир этилган қонли миллий низолар пайти милициянинг қирғиз ходими шафқатсиз ўлдирилганлигига алоқадорликда айбланиб, бир умрга озодликдан маҳрум этилган.

Лекин жаҳон ҳамжамияти Қирғизистондаги маҳкамалар мазкур қарорларини адолатсизлиги ва тергов жараёни мутлақо нохолис бўлганлигини айтган.

Азимжон Асқаров тарафдорлари Қирғизистон Бош прокуратураси фармони бекор қилиниши лозим дея маҳкамага мурожаат этишган. Улар айтишича, ўтган йилнинг май ойида Бош прокуратура мазкур жиноий ишнинг янги жиҳатларини ўргана бошлаган. Лекин тўккиз ойдан сўнг, шу йилнинг феврал ойида ҳеч кандай янги тафслотлар йўқ, деган қарор чиқарган.

Азимжон Асқаровнинг оқловчиси Валерян Вахитовга кўра, прокуратура амалда уларга берилган далил-исботларни текширмаган.

"Биз айтган эдик, улар тўққиз ой ишлагани билан, биз уларга берган асосларни бутунлай текширган эмас. Биз берган исботларни ўрганмаган. Биз атаган гувоҳномаларни қараб чиқмаган. Бу жиноий ишнинг биринчи кунидан то охирги кунига қадар ноқонуний ҳибсга олиш бўлдими, қийноққа солиш бўлдими, - биз ўшаларнинг барчасини айтгандик. Лекин биз таклиф килган нарсаларни улар ўрганишмаган. Энди маҳкама прокуратуранинг ўша фармойишини бекор қилиб берсин. Бош прокуратура “биз ҳаммасини текширдик” дегани билан, улар қарши чиқиб келмоқда", - дейди ҳимоячи.

Октябр тумани ҳаками Амир Шагивалиев, ўз навбатида, маҳкама йиғини якунламагунча, бу жиноий ишга алоқадор баёнотлардан воз кечган.

Мазкур иш буйича Жалолободда хам янги далил-исботлар бўлганига боғлиқ у ердаги маҳкама йиғини ҳали ниҳоясига етмаган. Маҳкама йиғини 8 апрелда давом этиши керак.

“Бир дунё” инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати раиси Тулойхон Исмоилова эса, маҳкама жараёнлари бир томонлама бўлганига алоқадор Азимжон Асқаров уч ярим йилдан бери ўз хуқуқини тўлақонли ҳимоя қила олмаётганини айтади.

"Бош прокуратуранинг шу битими қонунга зид ва биз бу хулосани сиёсий қарор, деб хисоблаймиз. Асқаров 2010 йил 15 июнда ҳибсга олиниб, ҳодиса фақат 16 июнда расмий қайд этилган. Бир сутка давомида уни кийноққа солишган. Биз тушунамиз, ўша кунларда балки милиция ходимлари хам янглишиб қолгандир ёки тергов ишлари нотўғри юргизилгандир. Лекин бугун ушбу ишни бутунлай янгидан текшириш имконияти борку ахир? Ҳозир янги жиҳатлар, тафсилотлар ойдин бўлди. Янги гувоҳлар келиб айтишаяпти, биз у кишини мутлақо бошқа ерда кўрганмиз, деб. Ҳар ҳолда қонун қайта тикланадими ёки тикланмай қолаверадими, бу ҳақида ҳозирги шароитда аниқ бир нарса дейиш қийин", - дейди Тўлойхон Исмоилова.

Азимжон Асқаров шу кунгача ўзига қўйилган айбловларни катъий рад этиб келади.

Аскаров жиноий иши нафақат Қирғизистонда, балки бутун дунёда ҳуқуқ фаоллари томонидан танқид қилинган.

Жумладан, Оврупо Иттифоқи элчиси Чезаре де Монтис Қирғизистон маҳкамасининг 2010 йил воқеалари бўйича чиқарган ҳукмини адолатсиз, деб айтган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ