Украинада ашаддий миллатчилар раҳбари ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Александр Музычко Россия ва Украинада қидирилаётганди

Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков Би-би-си билан суҳбатда миллатчи "Ўнг қанот" фаоли Александр Музычконинг ўлдирилганини тасдиқлаган.

Россия "Сашко Белый" номи билан билинган фаолни Чечен урушида рус зобитларига қарши ваҳшийликларда айблаган.

Украинанинг янги раҳбарияти аввалроқ унга нисбатан қидирув эълон қилган эди.

Музычко ва тарафдорлари Президент Януковични ҳокимиятдан ағдарган Майдондаги намойишларда иштирок этганлар.

Украин расмийларига кўра, Музычко мамлакат ғарбидаги Ровно шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт чоғида отиб ўлдирилган.

Ашаддий миллатчилар раҳбарининг ўлдирилиши Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг украиналик ҳамкасби Андрей Дещица билан учрашувидан бир неча соат ўтиб юз берган.

Ҳаагадаги учрашув Қрим иниқрозидан буён илк дипломатик мулоқот бўлган.

Россия "G8"дан ҳайдалди

Ҳаагадаги саммит чоғида Канада, Франция, Олмония, Италия, Япония, Буюк Британия ва АҚШ яна бир марта Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашган.

Президент Барак Обаманинг ташаббуси билан ўтган учрашув саноати ривожланган йирик еттиликнинг 1996 йилдан буён Россия иштирокисиз биринчи учрашувидир.

Бунга сабаб, ғарбнинг фикрича, Москванинг Қримга нисбатан халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатларидир.

Президент Обама Қўшма Штатлар ва Оврўпо Қримнинг қўшиб олиниши юзасидан Россияга қарши жазо чораларида якдил эканини айтди

"Оврўпо ва Америка Украина ҳукумати ва халқига ёрдам бериш маслагида бирлашган ва Россияга қарши жазо чораларида якдилдир. Тобора кучайиб бораётган жазо чоралари Россия иқтисоди учун жиддий оқибатларга олиб келади", - деб айтди жаноб Обама.

Би-би-си мухбири Мэтю Прайснинг Брюсселдан хабар беришича, Сочида ўтиши режаланган йирик саккизлик саммитини бекор қилишдан мақсад Украинадаги ҳаракатлари сабаб Россиянинг халқаро майдонда яккаланиб қолганини таъкидлашдир.

Қўшма Штатлар, Британия ҳамда йирик еттиликнинг бошқа аъзолари агар Москва ўзининг Қримдаги қадамларини қайта кўриб чиқмаса, уни ўз гуруҳларида кўришни истамасликларини тушунтириб қўйишмоқчи.

Ҳаагада қабул қилинган баённомада Қримдаги ноқонуний референдум қораланади.

"Биз Қримда Украина конституциясига хилоф равишда ўтказилган ноқонуний референдумни қоралаймиз. Биз шунингдек, Россиянинг халқаро ҳуқуқ ва аниқ халқаро мажбуриятларга зид равишда Қримни қўшиб олишга қаратилган ноқонуний ҳаракатларини қатъиян қоралаймиз. Биз буни тан олмаймиз", - дейилади баённомада.

Бунга жавобан Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия "саккизлик" давлатлари билан барча, жумладан энг юқори дажарадаги мулоқотларни давом эттиришдан манфаатдор экани, ҳозирча йирик саккизликдаги ҳамкорларидан олий даражадаги учрашувларнинг бекор қилингани ё-да кўчирилгани ҳақида билдириш олмаганини айтган.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиянинг йирик саккизликка "қараб қолмагани", барча муаммоларни "йирик йигирмалик" ва бошқа форумлар доирасида муҳокама қилиш имкони мавжудлигини айтган.

Украина Қримдан чиқиб кетмоқда

Айни пайтда Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков украин ҳарбийлари Қримдан чиқиб кетишлари мумкинлигини айтган.

"Аммо қурол биланми, қуролсизми, буни мудофаа вазирлиги ҳал қилади", - деган Путиннинг сўзчиси.

Душанба куни Украинанинг муваққат президенти Олександр Турчинов украин қўшинларини Қримдан олиб чиқишга буйруқ берган эди.

Унга кўра, ҳарбийлар ва оилаларининг хавфсизликларини ўйлаб, шундай қарор қабул қилинган.

Украинанинг ўзида муваққат мудофаа вазири Игор Тенюх истеъфога чиқарилган.

Сиёсатчилар ва экспертлар Қримдаги воқеалар сабаб унинг истеъфосини талаб қилишаётганди.

Парламент Тенюхнинг ўрнига чегара хизматининг генерал-полковниги Михаил Ковални тайинлаган.