Ўшда аёллар учун диний сабоқ маркази очилмоқда

Image caption Диний марказдан аёлларнинг радикал ва экстремистик оқимларга кириб кетишлари олдини олиш мақсади кўзланган.

Ўш шаҳри марказий масжидида аёллар учун диний билим маркази очилди. Диний уламолар бу марказ аёллар радикаллашувини олдини олиш мақсадида очилганини айтмоқдалар.

300 – 400 ўринга мослашган марказда мактаб ўқувчиларидан тортиб то муҳтожларгача бепул ўқитиш режалаштирилган. Бунгача ҳуқуқ-тартибот идоралари қишлоқ уйларида, ҳужраларда диний билим олган аёллар кўпайиб кетганидан хавотир билдирганлар.

Ўш шаҳридаги марказий Имом ал-Бухорий номидаги масжид ичида ташкиллаштирилган аёллар диний ўқув маркази келаси ойдан бошланувчи сабоққа ўқувчиларни қабул қилишни бошлаган.

- Бу ерда 1 – апрелдан бошлаб 1 ойлик, 6 ойлик, 1 йиллик, 3 йиллик дарслар бошланади. Сабоқларнинг барчаси муфтиятдан тузилган махсус дастур асосида ўтилади. Асосан Қуръонни ёд олиш, одоб-аҳлоқ, намоз ўрганиш ва бошқа шу каби Ислом дини асослари, ундаги аёл ҳуқуқлари, мажбуриятлари каби нарсалар ўргатилади, - дейди масъуллардан Жанарбек Матиев

Суҳбатдошимиз марказнинг асосий мақсади – аёлларнинг диний радикал ва экстремистик оқимларга кириб кетмаслиги олдини олиш эканини қўшимча қилади.

- Радикал ва экстремистик оқимларга тасодифан, ўзи билмаган ҳолда кириб қолган аёллар бор. Уларни шундай йўлга атайлаб бошлаётганлар ҳам бор. Ушбу марказ аёлларни ўша ёмон йўлларга жалб этилишидан қайтаради. Шунга ҳаракат қиламиз. Биз бу ерда дин тўғрисида бутунлай тўғри маълумотларни беришга ҳаракат қиламиз.

“Қизларга куёвни қандай танлашни ўргатамиз”

Ўқув марказ катта хона, бир қанча бўлма ҳамда махсус аёллар таҳоратхонасидан иборат. Маҳаллий ҳомий қўллови билан қурилган иморат 300 – 400 нафар аёл илм олишига мўлжалланган. Муаллималар асосан қозиятда ишлаган ва мукаммал диний билимга эга аёллар.

- Биз ўқувчи қизлардан бошлаб, бечораҳолларгача қабул қиламиз. Масалан, 5 – синфдан то 10 – синфдагиларгача бир синф қилиб, уларга қизлар қандай бўлиши керак деган одоб – аҳлоқни ўргатамиз. Агарда 18 ёшга тўлиб, куёвга чиқишга тайёр бўлиб қолган қизлар бўлса, уларни алоҳида бўлиб, аёл киши турмушга чиққанида қандай бўлиши керак, куёвни қандай танлаш керак, каби нарсаларни ўқитамиз. Ундан кейин ёш келинлар, уларга дунёқарашни кенгайтирувчи маълумотларни ўқитамиз, янги соҳаларни ўзлаштиришга ёрдам берамиз. Ана ундан кейин кекса аёлларга алоҳида гуруҳ тузиб, таълим берамиз. Ҳар бир гуруҳ алоҳида – алоҳида билим олишади, дейди Ўш шаҳар ва вилоят диний идораси аёллар бўлими раҳбари Жамила Жапашова.

Жамила Жапашова бунгача қиз-жувонлар турли хил жойларда, уйларда диний сабоқ олиб келишганини ҳам қўшимчалади.

- Қиз жувонларнинг баъзилари мадрасага боради. Бироқ, ўқувчилар билан келинлар, баъзи қизлар қаёқдан диний билим олишни билмайдилар. Шунга биз қиз – жувонларни йиғиб, отин ойимларга олиб бориб ўқитар эдик. Бир уйда 10 – 15 қиз тунаб, ўша ёрда таҳсил олишар эди. Энди улар бу марказга келишлари мумкин, дейди у.

Шундай бўлса ҳам, Ўш вилоятида уйларда йиғилиб, диний билим олаётган аёллар марказлари ҳозир ҳам озайгани йўқ. Қорасув, Новқат ва Аравон туманларида диний билими бор аёлларнинг уйлари ҳужра деб аталиб, унда ора кунда аёллар йиғилиб, сабоқ олишаётгани яширин эмас. Ҳужраларда қай йўналишда билимлар берилаётгани диний уламоларга, ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳам номаълумлигича қолмоқда.

"Экстремистик ташкилотлар фаолиятини жадаллаштирмоқда"

Таҳлилчи Расул Авазбек ўғли сўнгги пайтда эктремистик ташкилотлар сафига аёлларни жалб этишга урғу бераётганини айтади.

-“Ҳизбут-Таҳрир” ҳамда шу каби қатор радикал ташкилотлар сўнгги пайтларда стратегияларини ўзгартирмоқдалар. Улардан бири – ёшлар ва аёлларни ўз сафларига жалб этишдир. Ёшларни жалб этаётганлари тушунарли. Аёлларни эса, оиладаги ўрни кўпроқ деб жалб этаяптилар. Сабаби, аёллар асосан одатий ёпиқ ижтимоий тарзда юришади ва бир – бирларига таъсир этиши, жалб этиши кучлироқ.

Маълумотларга кўра, Суриядаги жангларда иштирок этиш мақсадида кетган ўшликлар орасида аёллар ҳам борлиги аниқланган.

Бу ҳақда куни кеча Ўш вилоятидаги диний аҳвол муҳокама қилинган йиғинда ҳам маълумот берилди.

Қирғизистон дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг жанубий минтақа бўйича вакили Қурбонали Узоқов радикал ташкилотларни тақиқлаш кераклигини айтади.

- Ўш ҳудудида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати террористик ташкилоти билан “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик ташкилоти аъзолари йилдан – йилга фаоллашиб бормоқдалар. Бу аҳолини ваҳимага солиб, хавфсиратмоқда. Шу сабабдан, диний хавфсизликни таъминлашда огоҳлантирувчи чораларни қўллаш вақти келди. Бунинг учун, маҳалла оқсоқолларидан тортиб, аёллар жамоаси, ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан биргаликда иш олиб бориш зарур, -дейди Қурбонали Узоқов.

Ўш шаҳар ва вилоятида 10 дан ортиқ мадраса ва диний ўқув марказларидан тўрттаси аёлларни ўқитишга ихтисослашган.

Бироқ уларда тартибсиз ўқув олиб борилиши айтилиб келинади.

Ўш шаҳар диний идораси қошида ташкил этилган диний билим бериш маркази бу каби тартибсизликларни бартараф этишига умид қилинмоқда.

Қирғиз расмийлари баёнотларида Ўшда "Акромий", "Ваҳҳобий", "Ҳизбут-Таҳрир ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати каби радикал йўналишдаги гуруҳларнинг 400 дан ошиқ аъзоси борлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ