Қирғизистонда янги ҳукумат коалицияси тузилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи kenesh.kg
Image caption Олдинги коалиция ўтган ой тарқалиб кетганди

Қирғизистон парламенти фавқулодда йиғинида янги коалицион ҳукумат тузилиши ҳақида расман эълон қилинган.

Хабар қилинишича, янги кўпчилик коалицияси "Давлатчиликни кучайтириш учун", деб номланади.

Қарорни Социал демократлар фракцияси раҳбари Чинибай Турсунбеков эълон қилган.

"Биз, шунингдек, Жоомарт Каипович Оторбаевни бош вазирликка ягона номзод сифатида кўрсатаётганимизни маълум қиламиз", дея қўшимча қилган Чинибай Турсунбеков.

Қирғизистон Социал демократлар партияси, Ота-Макон ва Ор-Номус фирқалари раҳбарлари 31 март куни учрашиб, янги коалиция тузиш борасида келишув имзолашган.

Мазкур келишув эса, парламент мажлисида расман эълон қилинганидан кейин кучга киради.

19 март куни Президент Алмазбек Атамбаев Социал демократлар партияси, Ота-Макон ва Ор-Номус партияларидан ташкил топган ҳукумат истеъфоси ҳақидаги фармонга имзо чекканди.

Бир кун олдин 2012 йил 3 сентябрида ташкил этилган "Бирдамлик" коалицияси "Ота Макон" партияси чиқиб кетиши билан парчаланганди.