Қозоғистон: Янги бош вазир номзоди таклиф этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Карим Масимов 2007 ва 2012 йиллар орасида Қозоғистон Бош вазири лавозимида фаолият юритган

Қозоғистон Бош Вазири Серик Ахметов истеъфога чиқиши ортидан, Президент Нурсултон Назарбоев бу лавозимга Карим Масимовнинг номзодлигини таклиф қилган.

Бу ҳақида Оқ Ўрданинг Твиттердаги саҳифасида хабар қилинди.

Карим Масимов 2007 ва 2012 йиллар орасида Қозоғистон Бош вазири лавозимида фаолият юритган.

Сешанба куни Бош Вазир Серик Ахметов ҳукумат мажлисида ўз истеъфосини эълон қилди.

«Бугун давлат раҳбари менинг истеъфомни қабул қилди», - деб айтган у.

Қозоқ қонунларига биноан, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг истеъфога чиқиши бутун ҳукуматнинг истеъфосини англатади.

Вазирлар ўринларига бошқа мулозим сайлангунча ўз вазифаларини бажаришда давом этадилар.

Жаноб Ахметов кўп вазирлар ўз лавозимида қолишига умид қилишини айтди.

У Қозоғистон Бош вазири лавозимини 2012 йилдан бери эгаллаб келаётганди.

CA-NEWS хабар агентлигига гапирган қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Сергей Расовнинг айтишича, ҳукуматнинг истеъфоси аввалдан кутилганди.

“Бу кутилганди, чунки Серик Ахметов ўз вазифаларини бажара олмаётганди. Ундан ташқари, баъзи хабарларга кўра, у ва Қозоғистон Президентининг девони раҳбари Карим Масимов билан алоқалари яхши эмас эди”, - деди таҳлилчи.

Унинг айтишича, ҳукуматнинг истеъфоси ҳақида ярим йилдирки гапирилиб келинаётганди.