Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиев сиртдан 25 йилга қамалди

Image caption Қурманбек Бакиев ағдарилганидан сўнг Беларусдан бошпана олган.

Қирғизистон Олий маҳкамаси собиқ президент Қурманбек Бакиев ва унинг қариндошлари АҚШлик бизнесмен Шон Дейлининг ўлими бўйича айбдор деб топиб, сиртдан узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Первомайск маҳкамаси қарорига кўра, Қурманбек Бакиевга мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга, 25 йиллик жазо муддати тайинланган.

Шунингдек, унинг укаси, президент хавфсизлик хизматининг собиқ бошлиғи Жаниш Бакиев сиртдан бир умрга озодликдан маҳрум этилган.

Қурманбек Бакиевнинг ўғиллари Марат Бакиевга 20 йил, Максим Бакиевга умрбод қамоқ жазолари берилган.

Маҳкама ҳукми "Оксус" ширкати вакили Шон Дэйли ўлимини уюштирганликка боғлиқ текширувлар натижасида чиқарилган.

"Оксус" ширкати Талас вилоятида Жеруй олтин конида қидирув ишларини олиб боришни режалаган бўлган.

Қурманбек Бакиев ва унинг аксарият оила аъзолари айни пайтда Беларусда ва Британияда бошпана олган.

Бундан олдин Қирғизистон парламенти бир неча марта Беларус пойтахти Минск шаҳрида истиқомат қилаётган собиқ президент ва унинг укаси Жаниш Бакиевни экстрадиция қилишга оид мурожаат билан чиққанди.

Қирғиз томони Минск Конвенциясига аъзо бўлган МДҲ давлатларидан масалага аралашишни ҳам сўраган.

Қирғизистон ҳукуматининг 2010 йилги қонли ғалаёнларда қудратдан кетказилганидан сўнг мамлакатни тарк этган Бакиевларни мамлакатга қайтаришни сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Қирғиз парламенти маҳкама Бакиевларнинг давлат жиноятчилари эканлигини исботлаган бўлсада, бу оила аъзоларига нисбатан Минскнинг тутаётган мавқеидан норози бўлган.

Шунингдек, 2013 йилда собиқ президентнинг Британияда яшаб келаётган ўғли Максим Бакиев устидан АҚШда очилган маҳкама иши бекор қилинганди.

Лондондаги суд ҳам жаноб Бакиевни Америкага экстрадиция қилинмаслигини айтган.

Америка томони Максим Бакиев АҚШдаги биржаларда молиявий қаллобликларни амалга оширишга уринган деган айблар билан унинг экстрадициясини талаб қилиб келаётганди.

Қирғизлар Максим Бакиев Америкага топширилса, АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги экстрадиция келишувига биноан, уни Америкадан Бишкекка топширилишига эришмоқчи эдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ