Журналист Геннадий Павлюк ўлимида гумондорлар ушланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи KP
Image caption Геннадий Павлюк Бакиев ҳукумати ҳақида танқидий мақолалар чоп этган.

Қирғизистон прокуратураси хабар қилишича, журналист Геннадий Павлюк ўлимида айбланиб хавфсизлик хизматининг икки ходими қўлга олинган.

Геннадий Павлюк собиқ президент Бакиев ҳақидаги мақоласидан кейин 2009 йилда Қозоғистонда деразадан ташлаб юборилганди.

Ўшанда жиноятни ўрганган Олмоти шаҳар маҳкамаси журналист Геннадий Павлюкни ўлимида Қирғизистон махсус хизмати ходимлари қўли борлигини маълум қилганди.

Қирғизистон Прокуратураси матбуот хизматига кўра, айбланувчилар 5 апрелда ҳибсга олинган, ҳозирда тергов ишлари кетмоқда.

Орадан шунча вақт ўтгандан сўнг Павлюк ишида янги далилларнинг прокуратурага етказилгани гумондорларни қўлга олишга сабаб бўлган.

Павлюк ўлими

2009 йил 16 декабрда Иброҳим Рустамбек тахаллуси билан танилган Геннадий Павлюк Олмаотага хизмат сафарига боради.

У "Қозоғистон" меҳмонхонасига жойлашади, бироқ орадан икки соат ўтгач Павлюкни Фурманов кўчасида оғир жароҳатлар билан топилади.

Журналистни қўл ва оёқлари ип билан боғланган бўлган. Шунингдек журналистнинг курткаси, компютер сумкаси ва скотч ўрами топилган.

Олтинчи қаватдан тушиб, жароҳатлари туфайли кома ҳолатидаги Павлюк ҳушига келмасдан касалхонада вафот этган.

2011 йил охирида Олмаота маҳкамаси одам ўғирлаш ва қотилликда айбланиб ушланган Қирғизистон хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Алдиёр Исмонқулов, Қозоғистон фуқаролари Алмаз Игиликов ва Шалкар Оразалинларни 10 йилдан 17 йилгача қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Бироқ асосий буюртмачини топишнинг имкони бўлмаган.

Олдинги маҳкама маълумотларига кўра, Павлюк оммавий ахборот воситаларига молиявий кўмак берувчи қандайдир фонд билан ёзишмалар олиб борган. Фонд унга 80 минг евро грант ваъда қилган. Номаълум кишилар журналист билан шартнома тузиш баҳонасида Олмаотага таклиф қилишган.

Павлюкдан уй сейфининг рақамини олишга муваффақ бўлмаган кишилар уни деразадан ташлаб юборишган.

Image caption Бишкекда Павлюк хотирасига ёдгорлик ўрнатилган эди.

Журналист Павлюкнинг ўлими сиёсий эканлиги ҳақида ўшандаёқ билдирилган. "Белий пороход" газетининг асосчиси мухолифатнинг "Ота макон" партияси билан ҳамкорлик қилган, ўша пайтдаги ҳукумат, жумладан Қурманбек Бакиев ҳақида танқидий мақолалар чоп этган.

Гумондорлардан бири қирғиз Алдиёр Исмонқулов олдин ҳам жиноят содир этган, у Қирғизистондаги бир қанча юқори лавозимли кишилар ўлимига алоқадор кўрилган.

Бироқ Қурманбек Бакиев уни доим қувватлаб келгани боис Исмонқулов қамалиш ўрнига, лавозими кўтарилган.

Исмонқулов жумладан уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи бўлган , электрон почта ва телефон қўнғироқларини эшитиш билан шуғулланадиган техник бўлимни бошқарган.

Қирғизистонда Исмонқулов Бакиевнинг катта ўғли Марат Бакиевнинг соясида юрадиган шахс сифатида танилгани айтилади.

Геннадий Павлюк ўлими Қирғизистонда катта шов-шувларга сабаб бўлган. Унинг ўлимидан сўнг оиласи Россияга кўчиб кетган.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда марҳум журналист Геннадий Павлюк хотирасига ўрнатилган ёдгорлик ўғирлаб кетилгани ҳақида хабарлар чиққанди.

Бу мавзуда батафсилроқ