Тожик расмийлари алюминий заводи портлашини бартараф қилганини айтмоқдалар

Image caption TALCO Тожикистоннинг энг йирик саноат корхонаси.

Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мамлакатнинг энг йирик саноат корхонаси бўлган "Тожик Алюминий заводи"ни портлатиш мақсадида бўлган жиноий гуруҳни фош қилгани ҳақида хабар тарқатган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, "жиноий гуруҳ аъзолари" ўтган ҳафта Турсунзода шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт пайтида қўлга олинганлар.

Ҳибсга олинганлар ёнида жуда катта миқдорда тротил портловчи моддаси топилгани хабар қилинган.

Ички ишлар вазирлиги мулозимларига кўра, "жиноий гуруҳ" аъзолари орасида "Тожик Алюминий заводи" - TALCO ходимлари ҳам бўлган.

Заводдаги манбалар тўрт ходим ҳибсга олинганини маълум қилганлар.

Бироқ айрим оммавий ахборот воситалари қўлга олинганларнинг "мафиоз гуруҳ аъзолари" экани ҳақида хабар қилмоқдалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳибсга олинганларнинг "ўта оғир жиноят содир этиш" мақсади ҳақида айтганлар.

Бу ўта оғир жиноят нима эканини ҳали тергов давомида аниқлаш лозимлиги ҳақида маълум қилганлар масъуллар.

"Тожик Алюминий заводи" Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридан 60 километр ғарбда жойлашган.

TALCO Тожикистон ғазнасига йирик валюта тушумлари олиб келадиган энг йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади.

Завод йилига 500 минг тоннадан ортиқ алюминий ишлаб чиқариш қувватига эга, охирги йилларда 300 минг тонна хомашё чиқараётгани хабар қилинади.

Ҳозирги пайтда TALCOда 10 минг дан ортиқ ишчи иш билан бандлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ