'Мухтор Аблязов Россияга ҳам, Украинага ҳам экстрадиция қилинмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Франция кассация маҳкамаси қозоғистонлик корчалон Мухтор Аблязовни экстрадициясини талаб қилаётган Россияга ҳам, Украинага ҳам топширмаслик ҳақида қарор чиқарган.

Маҳкама қарори ҳақида "Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Бундан олдин Франциянинг Экс-ан-Прованс шаҳрининг маҳкамаси Қозоқ банкирини Россия ёки Украинага экстрадиция қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Мухтор Аблязов топширилишини Қозоғистон ҳам талаб қилган, бироқ Франция билан Қозоғистон ўртасида экстрадиция ҳақида битим имзоланмагани сабабли Қозоғистонга бера олмайди.

Чоршанба куни Франция Кассация маҳкамаси Экс-ан-Прованс шаҳри маҳкамаси қарорини бекор қилган. Бироқ маҳкамадаги бошқа тафсилотлар ҳозирча ноаниқ.

"Бугун Париждаги касаццион маҳкама Абзалов экстрадицияси ҳақидаги қарорни бекор қилди ва ишни кўриб чиқиш учун Экс-ан-Прованс шаҳри маҳкамасига қайтарди", дейди Аблязовнинг ҳимоячиси Марк Фейгин.

Фейгинга кўра, экстрадициянинг бекор қилинишига йўл қўйилган процессуал камчиликлар сабаб. Ҳимоячининг фикрича, Аблязов иши очиқ сиёсий сабабларга эга ва унинг топширилиши Экстрадиция ҳақидаги конвенцияни тўғридан-тўғри бузиш ҳисобланади.

Мухтор Аблязов Қозоғистонда Қозоқ БТА Банкидан бир неча миллиард долларлик маблағни ўғирлашда айбланиб, сиртдан ҳибсга олинган.

Бу банк Россия ва Украинада ҳам фаолият юритади.

Аблязов ўзига қўйилган айбловларни рад қилиб келади.

Мухтор Аблязов ўзига қарши олиб чиқилаётган айбловларни сиёсий сабабларга боғлайди ва уни "Президент Назарбоевнинг жиддий рақиби сифатида йўқотиш йўлига тушишганини" айтади.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам Аблязовга нисбатан шафқатсиз муносабат эҳтимоли катталигини ва унинг адолатли маҳкамага эришиш ҳуқуқи қўпол бузилиши мумкинлигини билдирган.

Лекин ҳақлигига ишонтириш учун Аблязов Лондондаги маҳкамада ҳозир бўлиши лозим эди. Лекин у маҳкамага бормаган.

2012 йилда Лондон Олий маҳкамаси томонидан маҳкамага ҳурматсизлик бўйича айбланиб, 22 ой қамоққа ҳукм этилганидан сўнг, Аблязов яширинган.

Ўтган йил ноябрида Мухтор Аблязов ишини кўриб чиққан Англия Олий Маҳкамасига кўра, собиқ мулозим БТА банкидан 300 миллион долларлик маблағни ўмарган ва айни банкка 400 миллион долларни қайтариб тўлаши керак.

Уни ўтган йил ёзида Франция полицияси тикучарлар ва махсус кучлар иштирокидаги махсус амалиётда тутган.

Аблязов муқаддам Қозоғистоннинг собиқ Энергетика ва Савдо вазири бўлган. БTA-Банкнинг директорлар кенгашини ва мухолифатдаги "Қозоғистоннинг демократик танлови" ҳаракатини бошқарган.

2009 йили Қозоғистондан қочиб чиққан. Бунга Қозоғистон ва Россияда 70 миллиард долларни ўмаришда айблов илгари сурилгани сабаб бўлган.

"Сиёсий сабаблар"

Жаноб Аблязов 1990 йилларнинг охирида Қозоғистоннинг собиқ Энергетика ва Савдо вазири лавозимини эгаллаган ва ҳукуматдаги нуфузли мулозимлар қаторида тилга олиб келинган. 2001 истеъфога чиққач, мухолифатдаги "Қозоғистоннинг демократик танлови" ҳаракатини бошқарган.

2002 йил Қозоғистон маҳкамаси Аблязовни хизмат вазифасини суистеъмол қилиш, давлат маблағини ўмариш ва ноқонуний тижорат билан шуғулланганликда айблаб, олти йилга озодликдан маҳрум қилган ва 3,5 миллион долларлик жаримага тортган.

Аблязов бир йил қамоқда ўтиргач, Назарбоев томонидан кечирилган ва озод қилинган.

Сўнгра тўрт йил мобайнида БTA-Банкнинг директорлар кенгашини бошқарган ва мухолифатдаги фаолиятини давом эттирган.

У 2009 йили босимлар ва қамалиш таҳдиди юқорилиги боис Қозоғистондан қочиб чиқишга мажбур бўлганини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ