Қозоғистонда ижтимоий тармоқларни маҳкама қарорисиз тақиқлаб қўйиш мумкин

Қозоғистонда "Алоқа тўғрисида"ги қонунга киритилаётган ўзгартиришларга ижтимоий тармоқларни маҳкама қарорисиз тақиқлаб қўйиш меъёри киритилмоқда.

Бу ҳақда tengrinews.kz ахборот портали маълум қилган. Кузатувчилар қонунчиликка киритилаётган сўнгги ўзгартиришларни мамлакатда сўз эркинлигини чеклаш учун қилинаётган қадам, дея баҳолашган.

Сал олдинроқ миш миш тарқатганлар учун 12 йилгача жазо белгиланган ва фавқулодда ҳолатлар вақтида матбуот маҳаллий ҳокимиятнинг рухсати билан чоп этилиши мумкинлиги қонунийлаштирилган эди.

Энди ижтимоий тармоқлар шахс, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказиб жиноий мақсадларда ишлатилса ёки тармоқларда Қозоғистоннинг сайловлар тўғрисидаги қонунига зид хабарлар тарқатилса Бош прокурор ёки унинг ўринбосари ушбу ижтимоий тармоққа киришни чеклаб қўйиш чорасини кўриши мумкин.

Ўзгартиришда шунингдек ижтимоий тармоқларда рухсат берилмаган намойишлар ва оммавий тартибсизликларга чақирувчи фикрлар ёзилган тақдирда ҳам ўша ижтимоий тармоқ Қозоғистон ҳудудида прокурор буйруғи билан тўсиб қўйилиши кўрсатилган.

Бунгача бундай чоралар маҳакама қароридан сўнг кўрилган.

"Одил сўз" жамғармаси президенти Тамара Калеева Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларини маҳкама қарорисиз ёпиб қўйиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун тинмай ҳаракат қилиб келаётганини айтади.

"Бош прокуратура ОАВ ва сайтларни ўз ваколатидан келиб чиқиб, маҳкамасиз ва терговсиз ёпиб қўйиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун доим ҳаракат қилиб келади. Шу вақтгача бу меъёр Қозоғистондаги фуқаролик жамиятининг фаоллиги туфайли киритилмаган эди. Бундай уринишлар кўп бўлган. Ҳозирги ҳолатда эса энг хавфли ва ҳуқуққа тўғри келмайдиган меъёрлар қонунга киритилаётгани аниқлашаяпти", - дейди Тамара Калеева.

Калеева хоним сўнгги вақтларда Қозоғистон ҳукумати эркинликларни қонун йўли билан чеклашга ҳаракат қилаётганига эътибор қаратади.

"Намойишлар учун масъулиятни кескинлаштириш, фикрни эркин билдиришга масъулиятни кучайтиришларни кўриб Қозоғистон Шимолий Кореяга тенглашиб бораяпти деган асосли хавотирлар пайдо қилади. Қозоғистон бажариши шарт бўлган демократик меъёрларни унутиб қўймоқда", - дейди Тамара Калеева.

Ижтимоий тармоқларига маҳкама қарорисиз тўсиқ қўйилиши Facebook ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.

Сиёсатчи Серикжан Мамбеталин ўз саҳифасида ҳукумат Facebookни жиловлашга ҳаракат қилаётган бўлса тепада жиддийроқ нарса бошланган бўлиши мумкин дея ёзади.

"Мен Facebook ни шунчаки ёпиб қўймасликларини ёздим. Бу ҳукумат алмашинуви яқинлашганидан дарак беради. Изоҳ бермаслик ва муҳокама қилмасликлари учун ижтимоий тармоқларни ёпиб қўйиши мумкин", - дейди Серикжан Мамбеталин.

Мамбеталин жанобларининг айтишича, Facebook Қозоғистонда "В контакте" ижтимоий тармоғидан сўнг энг оммабоп сайт ҳисобланади.

Сўнгги вақтлардаги намойиш ва акциялар айнан Facebook орқали ташкиллаштирилгани инобатга олинса, ҳукуматнинг хавотирланишига асос бордек.

"Фэйсбук орқали намойиш ташкил қилиш бор нарса. Чунки сўнгги вақтлардаги намойишларнинг асосий қисми Facebook орқали ташкиллаштирилди. Бизда мухолиф матбуоти деярли йўқ. Варақа тарқатиш тажрибаси ривожланмаган. Шунинг учун ҳам одамлар бўладиган тадбир ҳақида фэйсбук орқали хабар топишади", - дейди Серикжан Мамбеталин.

"Либерти" жамоатчилик жамғармаси президенти Галим Агелеуов ҳукуматнинг сўз эркинлиги ва бошқа эркинликларни бўғиш учун қилаётган ҳаракатлари фуқаролик жамиятини тузишга ыарши зарба бўлишини айтади.

"Ижтимоий, сиёсий муаммоларнинг ечилмаслиги, сиёсий ислоҳатларнинг олиб борилмаслиги ва мамлакатда яхшиланиш учун ўзгаришларнинг бўлмаётганлиги одамларнинг ўз қобиғига ўралиб қолишига олиб келиши мумкин. Улар ўз муаммосини қонуний йўл билан эмас, балки ечимни кўрмаганда бирлашиб, ижтимоий портлашни юзага келтириши мумкин", - дейди Галим Агелеуов.

"Олдил сўз" жамғармаси президенти қонунчиликдаги сўнгги ўзгартиришлар Украина ҳодисасига бевосита боғлиқлигини айтади.

Ҳукумат сўнгги ҳодисалардан хавотирга тушиб қолган бўлиши ва шу йўл билан айрим тадбирларни олаётган бўлиши мумкин.

Бироқ "Либерти" жамоатчилик жамғармасидан Галим Агелеуов бундай йўл тутиш нотўғрилигини айтади.

"Албатта, улар шундай баҳонанини ишлатиши мумкин. Балки бу нарсага ишонишлари ҳам мумкин. Лекин бу уларнинг нотўғри йўлда эканлигини билдиради. Чунки ҳозир кучли бўлиш учун турли фикр, ғоя ва ҳуқуқи таъминланган фуқаролик жамиятига таяниш керак. Ҳукумат митингларни бостиришнинг ўрнига халқнинг дардига қулоқ солса ва муаммони ечса шунда умумий ҳаракат бошланади", - дейди Галим Агелеуов.

Бу мавзуда батафсилроқ