Қозоғистон: Норозиликка чиққан болалар ҳам куч билан олиб кетилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Остонада уйлари тортиб олинишидан норозилик билдирган бир гуруҳ аёллар ва уларнинг болаларини полиция куч билан олиб кетган.

Ҳодисани тасвирга олаётган журналист ҳам куч билан ушлаб турилган. Остона ички ишлар департаменти ушланганларнинг қўйиб юборилганини билдирди.

Тахминан 30 га яқин киши Остонадаги Бош прокуратура биноси олдида норозилик намойиши ўтказди.

Йиғилганлар уларнинг уйларини “давлат эҳтиёжи учун” номи остида тортиб олинишига норозилик билдирди.

Бош пурокуратура биносига кириш йўлини тўсиб олган остоналиклар Бош прокурор Асхат Даулбаев билан учрашишни талаб қилган.

Намойишчилар олдига чиққан прокуратура ходимлари уларни фаоллар залига таклиф қилган, бироқ йиғилганлар ушбу таклифни рад этишди.

Намойишчиларнинг таъкидлашича, уларнинг ҳаммаси олдин Бош прокурор қабулида бўлган, бироқ Асхат Даулбаев томонидан берилган топшириқлар бажарилмаган.

Намойишчилар ўз акциясини тўхтатишдан бош тортгач, ҳодиса жойига полиция кучлари келган ва намойишчиларни болалари билан қўшиб куч билан автобусга сола бошлаган.

Полиция ҳодиса жойида турган журналистлардан тасвирга олишни бас қилишни талаб қилган. Азаттиқ радиоси мухбири олган видео тасвирларда полиция журналистга ишлашга халақит бераётгани ва уни ҳам ҳам куч билан ушлаб бошқа томонга тортаётгани акс этган.

Остона шаҳар ички ишлар департаменти матбуот котиби София Қўшбекова ушланганларга нисбатан маъмурий жазо белгиланмаганлиги улар билан тушунтириш ишлари олиб борилгач қўйиб юборилганини билдирди. Матбуот котиби журналистнинг ишига полиция томонидан халақит берилганини рад этди.

“Журналистлар бемалол тасвирга олишди. Уларга ҳеч ким халақит бергани йўқ”, - дейди София Қўшбекова.

Қозоғистонда ота оналари билан митингга чиққан ёш болаларни ҳам ҳибсга олиш биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Бундан бироз олдин Остонада ҳудди шундай ҳолат бўлиб ўтганди.

Ижтимоий тармоқларда полиция тутган роли қораланган. Фикр билдирувчилар Бош прокурорнинг намойишчилар олдига чиқиши кераклигини таъкидлашган.

Кузатувчилар танга девалвация ортидан, ишсизлик ва коррупция сабаб жамиятда норозилар қатлами кенгайиб бораётганини айтишади.

Ҳукумат эса ушбу муаммоларнинг олдини олиш ўрнига намойишлар ўтказиш, унга чақириқлар ва ташкил этувчиларга нисбатан жазо чораларини оғирлаштирмоқда.