Украина шарқидаги тўқнашувларда талофатлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россияпараст қуроллилар шанба куни Славянксда назорат ўрнатишган

Украина Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, шарқий Славянск шаҳрида украин ҳукумат кучлари россияпараст қуроллилар билан тўқнашган.

Ички ишлар вазири Арсен Аваковга кўра, ҳар икки томондан талофатлар бор.

Украина кучлари россияпараст қуроллилар қўлида қолаётган шаҳарда назорат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.

Отишмаларда камида бир украин зобити ҳалок бўлган.

Россияпараст кучлар шанба куни шаҳарда назорат ўрнатиши ортидан Киев уларга қарши "аксилтеррор амалиёти"ни бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Украина шарқида катта сондаги русийзабон аҳоли истиқомат қилади

Киев ва ғарб давлатлари Москвани тартибсизликларга гижгижлашда айблайди, Кремл эса бу айбларни рад этган.

Славянск Донецк вилоятидаги россияпараст намойишчилар ҳужумига учраган уч шаҳардан биридир.

Қуролланган ва ҳарбий кийимдаги одамлар Славянск ва Краматорск шаҳарларидаги милиция идоралари ва маъмурий биноларни босиб олган.

Би-би-си мухбирларига кўра, қуроллилар яхши уюшган бўлган ва шаҳар бўйлаб қисқа вақт оралиғида назорат ўрнатишган.

Шаҳарга киришдаги асосий йўлларда назорат-ўтиш нуқталари ўрнатилган.

'Аксилтеррор' амалиёти

Ички ишлар вазири Аваков россияпараст қуроллиларнинг амалларини "Россия тажовузининг кўриниши" деб тасвирлаган ва уларга қарши амаёлиётлар бошланишидан аввал маҳаллий аҳолини уйларидан чиқмаслик ҳақида огоҳлантирган.

"Бўлгинчилар яқинлашиб келаётган махсус кучларни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз нишонга олмоқда", - деб айтган жаноб Аваков.

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Ҳар икки томондан талофатлар ҳақида хабарлар келмоқда

Донецк ҳокими Сергей Тарута минтақада тартибни қайта ўрнатиш учун "барча қонуний воситалар" ишга солинишини айтган.

Россияпараст намойишчилар шунингдек, Донецк марказидаги ҳокимият биноларини ишғол қилишда давом этганлар.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина шарқида ҳар қандай куч ишлатиш келаси ҳафтага мўлжалланган музокараларни хавф остига қўйиши ҳақида огоҳлантирган.

Унга кўра, Киев "мамлакат тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир эмаслигини кўрсатмоқда".

Аммо АҚШ Россия дастаклаётган кучлар Киевдаги янги ҳукуматга путур етказиш учун яхши ташкиллаштирилган кампания олиб бораётганликларини айтган.

Қўшма Штатлар Давлат Котиби Жон Керри Россия Украина чегарасидан қўшинларини олиб кетмагани тақдирда Москва учун "қўшимча оқибатлар"дан огоҳлантирган.

Украина шарқида катта сондаги русийзабон аҳоли истиқомат қилади.

Шу йил февралида Украинанинг россияпараст президенти Виктор Янукович ҳокимиятдан ағдарилганидан буён шарқий вилоятларда норозилик намойишлари давом этиб келади.