Путин ўзи ва Медведевнинг маошини қарийб уч баробарга кўтарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption Кремлга кўра, Путин ва Медведев ҳозиргача "энг кам ҳақ тўланган" давлат одамлари бўлишган

Россия Президенти Владимир Путин ўзи ва Бош вазир Дмитрий Медведевнинг маошини икки ярим баробардан кўпроққа ошириш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

11 апрел куни имзоланган ва Кремлнинг расмий сайтида эълон қилинган фармон имзоланган ондан бошлаб кучга киради.

Жорий йилнинг ўзида Путин қатор Россия ҳукумати мулозимларининг иш ҳақларини кўтарган.

Ўтган жума эълон қилинган даромадлар тўғрисидаги баённомага кўра, 2013 йилда Президент Путиннинг даромадлари 2012 йилдагидан 2 миллион рублга кам бўлган.

Унинг матбуот котиби орадаги фарқни икки йил аввал тўланган таътил пули билан изоҳлаган.

Бош вазир Медведев ҳам ўтган йили бултургидан камроқ пул ишлаган.

2012 йилда жаноб Медведевнинг даромадлари 5.8 миллион, 2013 да эса 4.26 миллион рублни ташкил этган.

"Ведомости" нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, Президент Путиннинг ойлик маоши қарийб 280 минг рубл, Бош вазир Медведевники эса 215 минг рублни ташкил этади.

Жаноб Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Президент ва Бош вазир сўнгги йилларда олий ҳокимиятнинг энг кам ҳақ тўланадиган вакиллари бўлиб келишган.

"Амалдорлар, Президент маъмурияти ва Оқ уй ходимларининг маошлари кўтарилган пайт уларники кўтарилмаганди. Бу маошларнинг кечикиб кўтарилишидир", - деб айтган жаноб Песков "Эхо Москвы" радиоси билан суҳбатда.