Қозоғистонда Овросиё Иттифоқига қарши овозлар

Олма ота шаҳрида йиғилган 500 га яқин фуқаро ва экспертлар Овросиё иттифоқига қарши чиқишди.

"Аксил Овросиё форуми" деб ном олган тадбир шаҳар меҳмонхоналарнинг бирида бўлиб ўтган.

Унда чиқиш қилган иқтисодчи, сиёсатчи ва жамоат фаоллари Россия бошчилигидаги ушбу Иттифоқ Қозоғистон учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиришини таъкидлашган.

"Аксил Овросиё форуми"га қатнашишни истовчилар кўплиги боис анжуман учун буюрилган зал тўлиб тошди.

Ташкилотчилар форумнинг бош мақсади Россия билан тузилиши кутилаётган Овросия Иттифоқининг Қозоғистонга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан маъқул бўлмаган ташаббус эканлигини илмий жиҳатдан исботлаш эканлигини билдиришди.

"Жамиятдаги муаммолар таҳлили маркази" жамоатчилик жамғармаси директори Меруерт Махмутова Овросиё Иттифоқининг Қозоғистонга иқтисодий томонлама фойдадан кўра зарар келтирувчи ташкилот бўлишини таъкидлади.

Иқтисодчи Қозоғистон 2010 йил Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқига киргунига қадар дунёдаги энг либерал иқтисодга эга бўлган давлатлардан бири бўлганини айтди.

"Афсуски, Қозоғистон ҳукумати Божхона Иттифоқига киришда Россия фанлар академиясининг маълумотларига таянди. Шартномани имзолаган президент Назарбоев Божхона Иттифоқига қўшилиш ортидан 2015 йилга келиб 16 миллиард доллардан кўпроқ фойда кўрамиз, деди.", дейди Меруерт Махмутова.

Иқтисодчи Қозоғистон ва Россиянинг ташқи савдосига эътибор қаратаркан, ушбу давлатлар бир бирини тўлдирувчи ишлаб чиқаришга эмас, балки рақобатчи бўлган минерал ресурсларни экспорт қилишга йўналганига эътибор қаратади.

Божхона иттифоқи тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўйилишдан олдин Қозоғистоннинг экспорт даромади 74 фоизини минерал заҳираларни сотишдан келган. Ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми халқаро бозорларда сотилиши инобатга олинса Қозоғистонга Божхона Иттифоқига киришдан катта фойда бўлмаган.

Қозоғистон экспортига асосан минерал бойликларни сотиш кирса, мамлакат эҳтиёжи учун керак бўлган барча товарларни импорт қилади.

Яъни ишлаб чиқариш ривожланмаган. Қозоғистон иқтисодининг бундай шаклланиши Божхона иттифоқига қўшилганидан сўнг фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирган.

"Россияга экспортимиз тушиб кетди. Агар у 2009 йили Қозоғистоннинг умумий экспортидан 8,2 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб 7 фоизга тушиб кетди. Россиядан импорт 2009 йили 31 фоизни ташкил қилган бўлса, айни дамга келиб 36 фоизга кўтарилди. Ҳозирча савдо сиёсатимиз бўйича Россиядан фойда кўрганимиз йўқ", - дейди Меруерт Махмутова.

Россия МДҲ давлатлари орасида ИЯМ ҳажми бўйича яққол етакчилик қилмоқда.

Мутахассислар бундай ҳолатда тенг ҳуқуқли Иттифоқ тузиш амри маҳоллигини таъкидлашади.

Қозоғистоннинг МДҲ давлатлари орасидаги ИЯМ 7 фоизни Беларусники эса 2 фоизни ташкил қилади.

Сиёсатшунос Дастан Қадиржонов Россия Қримни ўзига аннексия қилиб олганидан бошлаб дунёда тартиб кескин ўзгарганини айтади.

"Қримнинг аннексияси ва Қозоғистоннинг Овросиё иқтисодий Иттифоқига қўшилиш масаласи бир бирига чамбар час боғлиқ эканлиги шубҳа уйғотмайди. Яъни бу бугунги кунда битта масала бўлиб қолди. Бу нафақат геосиёсий масала, балки цивилизацион танлов масаласидир. Энг муҳими гап бизнинг Ғарб ва Россия ўртасидан бирини танлашимизда эмас, балки ўз миллий манфаатларимизни танлаб уни ҳимоя қила олишимизда", - дейди Дастан Қадиржанов.

Сўзга чиққан журналист ва жамоат фаоллари Россиянинг ўз қардош қўшниси Украинага нисбатан халқаро ҳуқуқий меъёрларга зид амалларни бажариб турганда бу каби давлат билан иттифоқ тузиш ўзини чоҳга итариш билан тенг эканлигини билдиришди.

"Мана шу тадбир бошланганидан бери Оврўосиё иттфоқига қарши 300 мингдан ортиқ имзо йиғилди. Шу билан халқ ўзининг Божхона ва Овросиё Иттифоқига қарши эканлигини исботлади. Бугунги ҳукумат референдум ўтказишдан қўрқишининг сабаби шуки, халқ қарши чиқади. Мамлакат Назарбоевнинг хусусий томорқаси эмаску, нега халқ билан маслаҳатлашмайди. Чунки бизнинг жавобимизни билади. Биз қаршимиз", - дейди "Жас Алаш" газетаси бош муҳаррири Рисбек Сарсенбаев.

Овросиё иқтисодий Иттифоқи ҳужжатлари Қозоғистон, Беларус ва Россия давлатлари ўртасида шу йилнинг май ойида имзоналади. Форум иштирокчилари ушбу иттифоққа Қозоғистоннинг қўшилишига қарши резолюция қабул қилди.

Форум иштирокчилари ҳукумат уларнинг таклифига қулоқ солмаган тақдирда мамлакат бўйлаб тинч намойишларни ўтказишни билдиришди.