Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан. Ӯн тӯққизинчи ҳикоя

Олимжон отасининг жанозасига жӯнаб кетгач, эртаси кечгача хавотир юрдим. Бир мен эмас, Шуҳрат ҳам вақтида етиб борган бӯлсин-да, совиганми-совимаганми, отасининг юзини охирги марта кӯриб, қабрига сепиладиган дамтупроқни ҳидлаб, ақалли икки кетмон тупроқ тортишга улгурган бӯлсин», деган ӯйда экан.

Кечқурун ишдан кела солиб, акамга қӯнғироқ қилдим.

- Мен ӯзим телефон қилмоқчи бӯлиб тургандим, - деди акам алланечук ҳорғинми, маҳ-зунми товушда. - Хавотир бӯлманглар. Аэропортда Олимжонни амакиси икковимиз кутиб олдик. Олимжон текширувчиларга военкоматга ёзган аризасини кӯрсатди. Биз отасининг қирқи ӯтгунча имкон беришларини, маъракадан сӯнг эртасигаёқ хизматга жӯнаб кетишини айтдик. Чегарачиларнинг каттаси Олимжоннинг отаси ӯлганини эшитиб, унинг елкасига қоқиб қӯйди. "Военкоматдагилар ҳам одам, уларнинг ҳам ота-онаси бор, йигитнинг аҳволини тушунишар",- деди у ёнидаги аскарларга қараб…

"Яхши одам экан, - дедим Шуҳратга акамнинг айтганларини сӯзлаб берар эканман. - Йӯқ, биз юқорининг буйруғини бажаришимиз шарт, эшаги лойдан ӯтиб, қочиб кетадиганларнинг кӯпини кӯрганмиз, дейишса нима қиламиз, дея икки оёқни бир этикка тиқиб оладиганлар хилидан, на урф-одатларимизни ҳурмат қилмайдиган, на инсон кӯнглини тушунмайдиган темир қӯғирчоққа учраб қолганда нима бӯларди",- дедим.

Мен энди ана шундай қӯғирчоқлардан бири ҳақида мисол келтирмоқчи эдим, Шуҳрат ӯзи кӯрган бир гапуқмас тӯғрисида ҳикоя бошлади…

Бӯш пиёлада чой ичмоқчи бӯлганим

Ташвиш келса, қӯш келади, деган гап бор. Ҳордиқ куни эди. Ҳатто нонуштага ҳам турмасдан, чӯзилиб ётгандик. Шуҳратнинг телефони куй чалиб, апил-тапил кийинди-да, ошхона томонга ӯтиб кетди. Бирпасдан сӯнг бошқаларни уйғотиб юбормаслик учун аста қадам қӯйганча остонадан ӯтиб, ошхона эшигини ёпди.

Мен ёнбошлаганча Шуҳратга савол назари билан қарадим. У қулоғимга шивирлади:

- Йигитлар чарчашган, уйғотиб юбормайлик. Тур, ошхонага ӯт.

Мен юз-қӯлимни ювиб келиб, ошхонага кирганимда, Шуҳрат чой дамлаётган экан. У шошмасдан чой қайтарди.

- Чой ичишга чақирдингми, - дедим Шуҳратнинг кайфиятини яхшилаш мақсадида атайлаб овозимга қувноқ тус беришга уриниб.

- Кӯкчой асабга ором беради, деб ӯзинг ӯргатгансан-ку, ӯртоқ, - Шуҳрат устма-уст икки пиёла чой ичди. – Маҳалламиздаги Ғайрат акани танийсан-а? Синфдошимиз Наргис бор-ку, ӯшанинг акаси.

Мен Шуҳратнинг авзойидан қандайдир ташвишли ҳодиса юз берганини, лекин у атайлаб ётиғи билан сӯзлашга уринаётганини сезиб ӯтирардим.

- Анови Домодедовода хотини иккови ишлайдиган Ғайрат аками? Тинчликми?.

- Тинчлик эмас-да… Ғайрат аканинг сваршик бӯлиб ишлашларини яхши биласан. Шу… аллақандай теплотрасса ӯтказишаётган экан, йиқилиб тушиб, оёғи синибди.

Мен шу лаҳза Ғайрат акага кӯплар ҳавас қилишини ӯйладим. Чунки Москвада уста пайвандчиларга талаб катта. Ғайрат ака камида ӯн йилдан буён Домодедовода пайвандчилик қилади. Хотини ӯша ерда фаррош. Унинг ӯн беш мингга яқин ойлик олади, деб эшитганим бор. Шуҳратнинг айтишича, Ғайрат ака эллик минг рублга яқин оларкан. Яъни бир ярим минг долларга яқин. Шунгами, ҳатто ҳамқишлоқларим орасида ҳам унга ҳавас қиладиганлар ҳам, ҳасад қиладиганлар ҳам бор.

Бундай қарасам, аллақачон бӯшаган пиёлани яна лабимга олиб боряпман.

- Шуҳрат, оёғи синган бӯлса… Ғайрат ака ҳали ёш, бӯлса, биздан ӯн ёш каттадир, оёғи тузалиб кетар. Ишқилиб, жигар-пигари қаттиқ урилмаган бӯлса, бӯлгани.

- Буни ӯшаққа бориб аниқлаймиз. Кеннойи икки оғиз гапириб-гапирмас, «энди мусофир юртда нима қиламан», дея йиғига тушди.

Оёқ остидаги фалокат

Икки соатдан кейин Ғайрат аканинг Домодедово шаҳарчасидаги ижара уйида ӯтирардик. Ғайрат ака тахтакачланган оёғини узатганча ётарди. Бизни кӯриши билан пиқиллай бошлаган кеннойи ҳалигача кӯз ёшини тиёлмасди.

- Фалокат оёқ остида, дейдилар-ку, укалар, - Ғайрат ака жилмайганча ӯтиришга уринди. –Озгина иш қолганди, эртага қолдирмайин деб… Оёғим қандай сирғаниб кетганини билмай қолибман.

- Майли, ака, бошга тушганни кӯз кӯрар, дейдилар онамлар. Ишқилиб, бошқа ерингизга зиён етгани йӯқми? – деди астагина Шуҳрат.

- Худога шукр, бошқа ҳамма ерлари тузук экан, - деди кӯз ёшини артганча кеннойи. – Рентгенга туширдик, кейин москвалик дӯхтирлар роса синчиклаб текширишар экан. Барака топишсин. Фақат пулига чидасангиз бӯлди экан…

Кеннойининг айтишича, шу битта тахтакачлашга дунёнинг пулини олишибди. Шунинг учун ӯзимизда даволатишни маъқул топишибди. Ҳисоблаб кӯришса, синган оёқ битиб кетгунча даволатиш Тожикистонда анча арзон экан. Борди-келди пулини ҳам ҳисоблашибди, Тожикистонда ӯз уйида ижара учун пул тӯламасликни ҳам ҳисоблашибди, хуллас, ҳаммасини тарози палласига қӯйишса, Москвада даволатиш қимматга тушаркан.

- Ҳар нарсанинг яхши-ёмон томони бӯлади. Ӯтган йили уйга боролмагандим. Уйимизни, онамни соғинганман, устига ӯзимизнинг дори емаган меваларга тӯйиб келаман, - деди ҳамон жилмайганча Ғайрат ака.

… Шу куни кечқурун Ғайрат акани самолётга кузатиб қӯйдик. Қӯшни қишлоқдан бир танишни учратиб, Ғайрат акага қараб кетишни илтимос қилдик.

Кеннойини ижара уйига ташлаб, ӯзимиз ярим кечада таксида Москвага қайтдик.

Эшакнинг меҳнати ҳалол, ӯзи ҳаром

Мен таксида келар эканмиз, Ғайрат аканинг гапларини эслардим. Шуҳрат ундан ишхонаси қандай ёрдам берганини сӯраганди, Ғайрат ака истеҳзоли жилмайганча "Эшакнинг меҳнати ҳалол, ӯзи ҳаром",- деб эшитмаганмисан? Нима дединг, тиб… тиббий суғурта, дедингми?. Ҳа, бу медисина страхованиеси, дегани-да, тӯғрими? Худо Москвага ишлаш учун келган бирон мусофирнинг танига ҳеч дард бермасин. Биз соғ бӯлсак, аслида қилган меҳнатимиз учун бериладиган ярим ҳаққа хурсанд бӯлиб, лом-мим демасдан ишлаб юрсак, москвалик хӯжайинларнинг оғзи қулоғида бӯлади. Бир еринг оғриб, икки соат ишга чиқмагин-чи, ё ҳақингни талаб қилгин-чи, лаб-лунжлари осилиб, катта кӯчани кӯрсатиб қӯйишади", -деди.

Ғайрат ака овози аламдан титраб гапирар экан, мен ишда йиқилиб оёқ-қӯли синган, жигар-бағри эзилган… ҳамюртларимиз, ӯзбекистонлик, қирғизистонликларни эсладим. Хӯжайинларнинг ҳаммаси десам, балки инсофсизлик бӯлар, лекин асосий кӯпчилиги техника хавфсизлигига амал қилмагансизлар, биз вақтида инструктаж ӯтказганмиз, ӯзларинг амал қилмагансизлар, дея жабрланганларнинг ӯзларини айбдор қилиб қӯйишади.

Оёқ ё қӯл синса, тузалиб кетар, лекин Россияда пул топаман, бола-чақамни боқаман, деб ӯлиб кетганлар-чи? Янги савдо маркази қуриш учун эски уй бузилаётганда, унинг тагида ӯлиб кетган уч тожикистонлик, бир ӯзбекистонликнинг болаларини энди ким боқади? Мутахассисларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан, уйнинг ёнида чуқур қаздирганларми? Сифатсиз қурилган бозор томи босиб қолганда, тагида ӯлган Ҳасан-Ҳусанларнинг онаизори дардига ким малҳам қӯяди энди? Душанбенинг шундоққина биқинидаги қишлоқда яшайдиган бу ӯзбек йигитлар йигирмага кирмасдан, уйланмасдан дунёдан ӯтишгани билан бозордан юз минг долларлаб фойда оладиганларнинг не қайғуси бор? Ё Москва яқинида қуйида газ бор бӯлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмасдан қудуқ қаздирганлар бир соатга етар-етмас вақт орасида бир-бирини қутқараман, дея ҳалок бӯлган беш йигитнинг оиласига кӯмак беришяптимикан? Қаёқда! Шу ӯзимизнинг Суғд вилоятидаги чекка Қӯрғонча қишлоғидан Москвага нон топиш учун борган беш инсон ҳалок бӯлганда, фақат у қишлоқда эмас, атроф-теваракда ҳам оғир фожеадан чекилган фарёдни мақсади мӯмай пул топиш бӯлган Россиялик бойлар эшитганларида ҳам, бир туклари ӯзгармаслиги турган гап…

Ғайрат аканинг оёғи тузалиб кетар. Лекин у бошлаб қӯйган уй қурилишини тугатиш учун энди яна қачон Москвага бориб ишлайди, қачон пул топади. Хотинининг супур-сидирдан топган пули урвоқ ҳам бӯлмас…

"Пастак кулбада ҳам яшаб ӯтиш мумкин"

Москвада, Россияда ишлаётган бирон ҳамқишлоғимиз бошига иш тушмасин. Ана шундай пайтларда мен онамни ӯйлаб, хавотирга тушаман. Ғайрат акани уйга жӯнатворганимиздан кейин ишқилиб, онам унинг ишда йиқилиб, оёғи синганини эшитмаган бӯлсинлар, деб Худодан илтижо қилардим. Ғайрат ака Шуҳратлар билан қӯшни, биздан пастроқдаги маҳаллада яшайди. Шуҳратнинг онаси билан онам тӯй-маъракаларда учрашиб туришади. Ишқилиб…

Худди ана шу ӯйга чӯмган пайтимда телефон жиринглади. Жияним. У ҳол-аҳвол сӯради-да, бувимлар сиз билан гаплашмоқчилар, деди. Наҳотки, Ғайрат аканинг оёғи синганини эшитган бӯлсалар!

Эшитибдилар. Онам соғлигимни сӯрадилар, мен билан бирга бир уйда турган йигитларнинг аҳволини сӯрадилар, қишлоқда шу якшанбадан тӯла чироқ беришаётганини айтдилар. Ва кейин…

- Ӯғлим, қурилишда тӯрт терак баландда ишларкансизлар. Аввало, Худойим асрасин, лекин ӯзинг ҳам эҳтиёт бӯлгин. Ғайратжоннинг онаси куйиб ётибди. Энди уйининг томини ёпиб, пардозига пул тӯплаётганда… Қуриб кетсин, пастак кулбада ҳам яшаб ӯтиш мумкин. Болажоним, эҳтиёт бӯлгин! Агар… қайтиб келсанг, мен сени кӯриб хотиржамгина ухлардим…

Томоғимга нимадир тиқилиб, айтадиган гапимни айтолмай қолдим.

Умид,

Москва-Домодедово-Москва.