Олмаотада Гитлер ҳақида мақола чоп этган журнал ёқилди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида уруш ветеранлари Гитлернинг 125 йиллигига бағишланган журнал чиқарилганига норозилик маъносида уни ёққанлар.

Норозилик акциясида Иккинчи Жаҳон уруши ветеранлари, Афғон жангчилари ва Чернобил фожеаси оқибатларини бартараф этиш иштирокчилари қатнашганлар.

"Бизнинг ибрат бўладиган ўз қаҳрамонларимиз бор, лекин уларнинг қаторида Гитлер йўқ. Унинг юзини Улуғ Ватан урушининг 69 йиллиги арафасида журнал муқовасига олиб чиқиш бу шаккоклик ва ҳатто жиноят", деб айтади Уруш қатнашчилари ташкилоти кенгаши раҳбари Мурот Абдушукуров.

Норозилик қатнашчилари шунингдек, фашистлар раҳбарини тарғиб қилган журналга қарши чора кўришни сўраб, Бош прокуратура ва президент маъмуриятига мурожаат қилишларини айтганлар.

Уруш фахрийлари маҳаллий ҳокимиятдан журнал лицензиясини олиб қўйишни талаб қилмоқдалар.

Қозоқ тилида чиқадиган "Жулдиздар отбаси - Аниз адам" ("Юлдузли уй- Афсона-одам") журнали апрел ойи сонини Гитлерга бағишлаган. Журналда "Гитлер фашист эмас" мақоласи, шунингдек Гитлернинг "Майн кампф" китоби тўғрисида шарҳлар бўлган.

Журналдаги Гитлер билан боғлиқ мақолаларга фикр билдирган бош муҳаррир Жарилқап Қалибай бундай мавзуга мурожаатни "Қўшни давлат- Россия раҳбарининг хавфли сиёсатидан асраш" талабларидан келиб чиққани билан изоҳлаган.

"Жулдиздар отбаси - Аниз адам" нашри 25 минг нусхада чоп этилади.

Ушбу журнал билан боғлиқ жанжалли ҳодиса ўтган йил ҳам тилга тушган. Журнал муҳаррири Жарилқап Қалибай қозоқ тилида хизмат кўрсатишни сўраб, учоқда жанжал кўтаргани айтилганди.

Қозоғистон Алоқа ва ахборот агентлиги журналнинг апрел сони мазмуни мамлакат Конституцияси қонунлари бузилиши эканини билдирган.