Этник қозоқларга фуқаролик бериш осонлаштирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистон хориждан келган этник қозоқларга фуқаролик беришни енгиллаштирди.

Ўралмон, деб юритилувчи ушбу тоифа амалдаги қонун бўйича фуқароликни олиш учун 5 йил кутиши керак эди.

Янги ўзгартиришлар бўйича қозоқлар бир йилнинг ичида фуқаролик олиш имконига эга бўлади.

Ушбу ҳолат Россиянинг Украинага қарашли Қрим бўлгасини аннексия қилиб олгани манзарасида рўй бермоқда.

Эндиликда Қозоғистонга яшаш учун четдан келган қозоқлар бир йилнинг ичида фуқароликни олишлари мумкин.

Миграция тўғрисидаги қонунда ушбу тартибнинг 5 йил қилиб белгиланганлигига ҳали бир йил ҳам бўлмасдан Қозоғистон расмийлари уни ўзгартирмоқда.

Ўралмонларга енгилликлар берилиши ҳақида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дейсенова маълум қилган.

Вазирга кўра, олдин ҳукумат томонидан белгиланган минтақаларга кўчиб келган қозоқларга ўралмон деган мақом берилган.

Ўзлари истаган ҳудудга кўчиб келган қозоқлар эса ҳукуматга ўзларини ўзлари моддий таъминлай олишларини исботлашларига тўғри келган. Уларнинг ҳисоб рақамида камида 11 минг доллар бўлиши керак бўлган.

Бундан ташқари қонун бўйича ўралмонлар 4 йил Қозоғистонда вақтинча яшаб юрувчи мақомида турган ва яна 3 йилнинг ичида фуқароликни олиш масаласи ҳал этилган.

Энди ушбу йиллар бир йилгача қисқартирилади ва ҳудудлар бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.

"Отаним елим" халқаро юридик ширкати 15 йилдан бери ўралмонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб келади. Компания раҳбари Саид Омар Есмирза ули қозоқларга фуқаролик олишнинг енгиллаштирилгани қувонарли ҳолат эканлингини айтади.

"Ўралмонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётганимизга 15 йил бўлди. Ушбу масалани, президент ва ҳукуматнинг топшириқларини маҳаллий органлар бажармаслигини яқиндан биламиз. Ўралмонларнинг эса кўпида савод йўқ, шикоят қилмайди. Агар ҳукумат айтаётган гаплар рост бўлса жуда катта енгиллик бўлади", - дейди Саид Омар Есмирза ули.

Суҳбатдошнинг айтишича, 2011 йилги Жанаўзен ҳодисаларидан сўнг ҳукумат ўралмонларга берилган енгилликларни босқичма босқич йўқ қилиб келган ва бугунги кунгача уларнинг мақоми бошқа хорижликлар каби бир ҳил бўлган.

Мутахассис айни дамда минглаб қозоқлар фуқаролик ололмасдан сарсон юрганини айтади. Агар ушбу енгилликлар кучга кирса Қозоғистонга кўчиб келишни истовчи қозоқларнинг сони кескин ортиши мумкин.

Ҳукуматнинг ўралмонларга нисбатан фикрининг кескин ўзгариши Украина ҳодисалари билан боғланмоқда. Баъзи таҳлилчиларга кўра, Россиялик сиёсатчилар марказий телеканаллар орқали Қозоғистоннинг шимоли Россияга тегишли эканлиги борасида гапира бошлагач, Қозоғистон ҳукумати бунга қарши мана шундай чораларга қўл ураётган бўлиши мумкин.

Қозоғистоннинг шимолий вилоятларида қозоқлар камчиликни ташкил қилади.

Қозоғистон мустақилликка эришгандан бери мамлакатга миллионга яқин қозоқ кўчиб келган. Улар аҳолининг умумий сонига нисбатан 5,5 фоизни ташкил қилмоқда.

Ўралмонларнинг 74 фоизини асосан Ўзбекистон, Туркманистон ва Россиядан келган қозоқлар ташкил қилади. МДҲ давлатлари ва узоқ хорижда 3 миллион 200 минг қозоқ истиқомат қилиши айтилади.