Алишер Усмонов Mail.ru ҳиссаларини сотмоқчими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES
Image caption Ўтган ой жаноб Усмонов Facebook ва Аpple ҳиссаларини сотгани маълум бўлган.

Россиянинг Mail.ru Group интернет холдингининг аксарият ҳиссадорлари ширкат ҳиссаларини сотишга қўйилган тақиқни олиб ташлашган.

Ширкат тарқатган хабарга кўра, бу борада низомга киритилган ўзгартиришлар оддий ҳиссалар эмас, балки фақат "А" тоифадаги ҳиссаларни сотиш имконини беради.

Mail.ru Group икки хил турдаги ҳиссаларга эга бўлиб, "А" тоифадаги ҳиссалар 25 та овозга, оддий ҳиссалар эса битта овозга тенг.

Айтилишича, эндиликда бу тоифадаги ҳиссаларни сотиш учун уларни оддий ҳиссаларга айлантириш керак бўлмайди.

Mail.ruнинг асосий ҳиссадори асли ўзбекистонлик ишбилармон Алишер Усмонов ҳисобланади.

Жаноб Усмоновнинг қўлидаги 17.9 фоиз ҳисса 51.9 фоиз овозга тенг.

Mail.ru Group "Одноклассники", "Мой мир" ҳамда "ВКонтакте" ижтимоий тармоқ саҳифалари, шунингдек, ICQ ва "Mail.ru Агент" хабарлашиш хизматларини ўз ичига олади.

Бундан ташқари Mail.ru Group қатор Россия ва Украина интернет ширкатларида ўз ҳиссаларига эга.

Хитой бозори

Ўтган ҳафта Лондон биржасида Mail.ru ҳиссалари 14 фоизга тушиб кетган.

Бунга Президент Путиннинг Санкт-Петербургдаги медиа-форумда айтган сўзлари сабаб бўлган.

Жаноб Путин интернет аввал-бошда АҚШ Марказий Жосуслик Бошқармасининг лойиҳаси бўлгани, Яндекс қидирув саҳифасига ҳам "босим ўтказилгани"ни айтган.

Ўтган ҳафта "ВКонтакте" ижтимоий тармоқ саҳифаси асосчиси Павел Дуровнинг Россияни тарк этгани маълум бўлган.

Жаноб Дуров Россияда ортиқ "интернет бизнес юритиш имкони йўқ"лигини айтган.

Алишер Усмоновнинг Mail.ru даги ҳиссаларини сотиш режаси борасида ҳеч нарса маълум эмас.

Ўтган ой жаноб Усмонов Facebook ва Аpple ҳиссаларини сотгани маълум бўлган.

Бу ҳақда Усмонов акцияларини бошқарадиган USM Advisors ширкати раҳбари Иван Стрешинский Bloomberg агентлигига айтган.

Унинг сўзларига қараганда, жаноб Усмонов Apple ҳиссаларини шу йил бошида сотишга қарор қилган.

Усмонов бунгача Америка ширкатининг 100 миллион долларлик акцияларига эга бўлган.

Ўтган йил охиридаги савдодан жаноб Усмонов қарийб ярим миллиард доллар фойда кўргани айтилмоқда.

Алишер Усмонов 2009 йилда дунёнинг энг йирик ижтимоий тармоқ саҳифаси ҳиссаларини сотиб олган эди.

Усмонов Facebook ҳиссаларидан келган фойдани Хитойнинг Alibaba Group ва JD.com сингари интернет дўконлари ҳиссаларини сотиб олишга йўналтирган.

Ўтган ҳафта Forbes Алишер Усмоновни яна бир марта Россиянинг энг бой одами деб атаган.

Forbes журнали жаноб Усмоновнинг бойлигини 18.6 миллиард дея баҳолаган.

Жаноб Усмонов мобил алоқа, медиа ва интернет соҳасидан ташқари Британиянинг Арсенал футбол клуби улушларига ҳам эгалик қилади.