Қозоғистон, Белорус ва Россия яқинда ягона валютага эга бўладиларми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россиянинг марказий оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон ва Беларус иштирокида ягона валюта ҳудуди яратилиши ҳақида хабарлар чиқа бошлаган.

Бундан олдин ягона валюта Оврўосиё иқтисодий иттифоқи доираси 2025 йилга келиб жорий қилиниши мумкинлиги айтилганди.

Россия матбуоти мамлакатга Ғарб томонидан жиддий иқтисоий жазо чоралари кўрилса, ушбу валюта 5 йилдан кейин амал қила бошлаши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Олтин деб номланиши кутилаётган ушбу валютанинг қисқа муддатда жорий қилинишидан қозоғистониклар хурсанд эмас кўринади.

Оврўосиё иттифоқи ҳудудида ягона валюта жорий қилиш ғояси Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга тегишли эканлиги айтилади.

Бироқ мамлакатдаги иқтисодчи ва сиёсатчилар Элбошининг фикрини қўлламайдиган кўринади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали миллий валюта бу давлат мустақиллигининг рамзи эканлигини айтади.

“Қозоғистон ўзининг миллий валютасидан бош тортиб, бошқа давлатлар билан биргаликда валюта жорий қилиниши яхши қадам деб билмайман. Бу Қозоғистоннинг мустақиллигига катта хавф солувчи нарса. Расмийлар ҳам Қозоғистон ўзининг миллий валютасидан воз кечмайди, деб бир неча маротаба таъкидлаган”, - дейди Расул Жумали.

Сиёсатшунос ҳар қандай интеграциянинг чегараси бўлиши кераклиги ва интеграция баҳона бирор мамлакат ўзининг суверенитетини йўқотиб қўймаслиги кераклигини таъкидлайди.

Расул Жумалининг айтишича, ягона валюта борасида Назарбоевнинг таклиф бергани рост, Назарбоев дунёдаги иқтисодий инқироз даврида ҳам халқаро ягона валюта жорий қилиш таклифи билан чиққан. Бироқ Украина ва Россия ўртасидаги ҳозирги инқироз манзарасида Назарбоевнинг таклифига россиялик мутахассислар бошқача тус бермоқда.

“Россиялик журналист, иқтисодчи ва сиёсатчилар Назарбоевнинг таклифларининг номини олади, бироқ мазмунини ўзларича талқин қилади. Тенг даражали интеграция каби ғояларини Россия манфаатларига мослаб амалга оширишни кўзлайди. Номи қозоқча бўлса ҳам унинг асли Россия принциплари асосида ишлашини Божхона иттифоқида кўрдик”, - дейди Расул Жумали.

“Жамиятдаги муаммолар таҳлили маркази” жамғармаси директори Меруерт Махмутова Россия томони таъсири остидаги давлатларда молия соҳасида ўзининг бош бошқарувини тузишга ҳаракат қилаётганини айтади. Ягона валюта ғоясини тезлаштириш ҳам ана шундай уринишлардан бири.

“Менинг нуқтаи назаримга кўра, бу уринишлар вақти келмасдан қилинаётган чораларга ўхшайди. Чунки айни дамда ягона валюта тузиш ҳақида гапиришга асос йўқ. ЧункиҚозоғистоннинг ҳам Росиянинг ҳам иқтисоди жаҳон бозоридаги нефт маҳсулотларининг нархига боғлиқ”, - дейди Меруерт Махмутова.

Иқтисодчига кўра Қозоғистоннинг яқин йилларда Россия билан ягона валюта тизимга қўшилиши молиявий ва иқтисодий мустақиллигини йўқотишга олиб келиши мумкин.

Ягона валюта жорий қилинса, Қозоғистон мустақил иқтисодий қарорлар чиқариш ҳуқуқини йўқотиши мумкин.

Иқтисодий қийинчиликлар юзага келган ҳолатда валюта нархига таъсир қила олмай қолади. Яъни уни мустаҳкамлаш ёки девалвация қилиш масаларида эрки йўқолади.

Иқтисодчи Мереуерт Махмутова ягона валюта жорий қилиш борасида Назарбевга маслаҳат бераётган маслаҳатчилар бу каби муаммоларни кўра олмаяпти. Чунки бундан олдин Назарбоев дунёда ягона валюта жорий қилиш таклифи билан чиққан. Ягона валюта бўлиши учун эса жаҳон Марказий банки тузилиши керак. Иқтисодчилар бундай банк тузилиши хом ҳаёллигини таъкидлашади.

Меруерт Махмутовага кўра бу сафар Оврўосиё иттифоқи доирасида ягона валюта ва ягона молиявий бошқарув тизимини тузиш ғоясини Россия томони олға сурмоқда. Қозоғистон томони эса расман бу каби ғоялар 2025 йилдан олдин амалга ошмаслигини билдиришган.

“2025 йилга келиб эса раҳбарият бошқа бўлиши мумкин. Ё подшоҳ ёки Насриддин афандининг эшшаги ўлади. У вақтгача кўп сув оқади ва вазиятнинг қандай бўлишини ҳеч ким билмайди”, - дейди Меруерт Махмутова.

Иқтисодчига кўра, ягона валюта борасида тенг ҳуқуқли иттифоқ тузган оврўпаликлар орадан 50 йил ўтиб бир тўхтамга келишган. Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ҳали иттифоқ тузилмасдан ягона валюта ҳақида гапиришга жуда эрта.

Кузатувчилар Ғарб томонидан Россияга иқтисодий жазо чоралари кўрилиш масаласи долзарб бўлиб турганда, Қозоғистон ягона валюта борасида шошмай тургани маъқуллигини айтишади.

Сиёсатшунос Расул Жумали халқаро ҳамжамиятнинг Россияга нисбатан муносабати таранг бўлиб турганда, ушбу давлатга яқинлашавериш яхшиликка олиб келмаслиги мумкинлигини айтади.

“Қарама қаршиликлар, Россияга нисбатан жорий қилинаётган санкцилар манзарасида бу давлатга янада яқинлашаверсак, халқаро ҳамжамият томонидан қўлланилаётган санкцияларнинг Қозоғистонга ҳам акс таъсири бўлиши мумкин. Қозоғистон ўзининг ташқи сиёсатдаги кўпвекторлик муносабатини ушлаши керак”, - дейди Расул Жумали

Бу мавзуда батафсилроқ