Афғонистон кўчки қурбонларига мотам тутмоқда

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Афғон ҳукумати жума куни Бадахшондаги кўчки остида қолган юзлаб инсонлар учун бир кунлик мотам эълон қилган.

Бадахшон вилоят ҳокими Шоҳ Валиуллоҳ Адиб Би-би-си билан суҳбатда ўз уйларида тириклайин кўмилган инсонлардан биронтасининг тирик қолганига умид йўқлигини айтган.

Қурбонларнинг аниқ сони ҳануз маълум эмас, Би-би-си манбаълари ҳозиргача 255 инсоннинг ҳалок бўлганини тасдиқлашган.

Шанба куни расмий қидирув амалиётлари ниҳоясига етган.

Экскаваторлар табиий офат сатҳига етиб боролмасдан, лой қатламлари ва тошлар остида қолган Оби Борик қишлоғини тарк этган.

Би-би-си мухбири Дэвид Лойннинг айтишича, кўчки остида қолган жасадларни олиб чиқиш учун жиддий саъй-ҳаракат қилинишини кутиш қийин.

Кучли ёмғирлардан сўнг, жума куни тонг соатларида тоғ қояси ўпирилиб тушган пайт қишлоқ аҳолиси ўз уйларида бўлган.

Image caption Қишлоқ ҳудуди оммавий қабристонга айлантирилади

Жарбдийдаларга ёрдамга шошилган яна юзлаб одам иккинчи кўчкига дуч келган.

Минтақага озиқ-овқат ва чодирлар юборилган, аммо офатдан омон қолган бир неча юз одам иккинчи тунни очиқликда кечирган.

Қишлоқ аҳолиси ҳукуматдан ўзларини бошқа ерга кўчиришни талаб қилишмоқда, уларнинг сўзларига кўра, шунча одам кўмилган жойга қайтиб бориб, яшолмайдилар.

Бадахшон ҳокими қишлоқ ҳудуди оммавий қабристонга айлантирилиши ва қурбонлар ҳаққига дуо қилишларини айтган.

"Менинг бутун оилам, болаларим ва ҳамма нарсам шу ерда кўмилган", - дейди офатдан омон қолган Зиё ул-Ҳақ исмли Оби Борик яшовчиси.

Тожикистон, Хитой ва Покистон билан чегарадош Бадахшон Афғонистоннинг энг қашшоқ минтақаларидан бири ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.