Урумчи портлаши гумондори яқинлари қидирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хитой матбуоти тарқатган хабарга кўра, Урумчи шаҳар темир йўл вокзалидаги ҳужумни содир этган деб гумон қилинаётган шахснинг қариндошларини қидириш бошланган.

Хитой Коммунистик партияси рўзномаларидан бўлган The Global Timesнинг хавфсизлик идораларига таяниб ёзишича, 30 апрел куни Урумчи темир йўл станциясидаги портлаш ва пичоқлар билан ҳужумни икки шахс содир этган.

The Global Timeга кўра, портлаш оқибатида икки ҳужумчи ҳам ҳалок бўлган.

Хитойнинг давлат назоратидаги рўзномаси ҳалок бўлганлардан бирининг номини эълон қилади.

Ҳужумчилардан бири Шинжон Уйғуристонининг Ақсу туманидан бўлган 39 ёшли Садриддин Совут бўлган, дейди рўзнома.

Ҳужумда гумон қилинаётган иккинчи ва ҳалок бўлгани айтилаётган шахснинг исми-шарифи эълон қилинмаган.

Хитой расмийларига кўра, Урумчи портлаши ташкилотчиси Садриддин Совутнинг яқинларига ов эълон қилинган.

Хитой амалдорлари Садриддин Совутнинг қариндошлари унга ҳужумни амалга оширишда кўмаклашганлар, деб гумон қилинаяптилар.

Ҳозир унинг хотини, отаси, қайнотаси ва яна икки қариндоши ғойиб бўлгани ҳақида айтишмоқда Хитой расмийлари.

Урумчи вокзалидаги портлаш Шинжонга Хитой Президенти Ши Жинпингнинг минтақага президент бўлганидан буён илк сафари ниҳоясига етган куни рўй берган.

Хитой расмийларига кўра, одатда портловчи моддани бир жойга қўйиб кетилади, бироқ бу гал икки ҳужумчи портлаш пайтида шу жойда бўлганлар ва ҳалок бўлганлар.

Вокзалдаги ҳужум оқибатида икки ҳужумчидан ташқари яна бир инсон ҳалок бўлгани, 70 киши жароҳатлангани хабар қилинган.

Хитойда кенг тарқалган Twitter-сифат Weibo ижтимоий тармоғида вокзалга кираверишда вайроналар ва чемоданлардаги қон излари туширилган суратлар тарқалган. Ҳозирча бу суратлар не қадар ҳаққоний эканлигини текшириш имкони йўқ.

Марказий Осиёга чегарадош, табиий бойликларга мўл стратегик муҳим Шинжон вилояти Хитой ҳукумати томонидан ислом жангарилари ва бўлгинчилар макони дея таъқиб қилиб келинади.

Яқин вақтларгача аксар аҳолиси уйғурлардан иборат бўлган Шинжонда охирги йиллар мобайнида вазият беқарорлашиб, қатор ҳужумлар рўй бериб келмоқда.

Ҳукумат ушбу ҳужумлар ортида исломий жангарилар ва бўлгинчилар турганлигини айтади.

Уйғур фаоллари эса вазиятнинг беқарорлашишига Хитой ҳукуматининг мусулмон аҳолиси фаолияти ва уйғур маданиятини чеклашга қаратилган сиёсати сабаб эканлигини билдирадилар.

Хитой ҳукуматининг исломий жангариликка нисбатан хавотирлари ўтган йили октябр ойида Пекиндаги Тян Ань Мен майдонида машина портлаши ва ўтган ойда Кунминг шаҳрида 29 киши пичоқ билан қуролланган шахс ҳужумига учраганидан сўнг кучайган.

Ҳукумат ушбу зўравонликларнинг ҳаммасида уйғур бўлгинчиларини айблаган. Хитой расмийларининг Уйғур бўлгинчилари айбдорлиги борасидаги даъволарини мустақил текширишнинг имкони йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ