Ғалаба куни Георгиев тасмаси машмашалари билан қарши олинди

Марказий Осиё давлатларида иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба турли кайфият ва айрим қарама-қаршиликлар билан нишонламоқда.

Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳар йили тантана билан ва силлиқ ўтадиган бу байрамга бу йил эътирозлар янграган. Маҳаллий фаолларда байрам арафаси ва байраи куни тарқатиладиган Георгиев тасмаси норозиклик уйғотган. Норозилар ушбу лента орқали Россия ўзининг буюк империалистик ғоясини олға сураётганини таъкидламоқда.

Ўзбекистонда 9 май ғалаба эмас, балки Хотира ва қадрлаш куни дея нишонланиб келади. Лекин Георгиев лентаси борасида машмаша Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган.

Шўролар давридаги ҳарбий маршлар ва қўшиқлар остида Олма ота шаҳри марказидаги “28 Панфиловчилар” боғида ғалаба куни тантана билан нишонланди.

Байрамга келганларни бир нарса Георгиев лентаси янада ажратиб турарди. Айниқса ушбу тасма атрофида Қозоғистонда бу йил бўлган қизғин муҳокамалар қора-норинж рангда ялтираб турган Георгиев лентасига эътиборни орттирди.

Қозоғистонлик сиёсатчи Серикжан Мамбеталин Георгиев тасмаси Совет ҳукумати вақтида бўлмагани, ушбу тасма 2005 йилдан бошлаб расмий Кремль томонидан тарғиб қилинаётганини айтади.

“Совет ҳукумати вақтида ҳеч қандай Георгиев лентаси тарқатишмаган. Буни ўзлари ўйлаб топишган. Москва бу акцияни 2005 йили бошлади. 9 йилнинг ичида одатга айлантирди”, - дейди Серикжан Мабеталин.

Мамбеталин жаноблари ушбу тасманинг Марказий Осиё халқларига умуман алоқаси йўқлигини, аксинча ушбу лента Чор Россияси томонидан Ўрта Осиёни ишғол қилишда қатнашган рус аскарларига мукофот сифатида берилганини таъкидлайди.

Аввалига Қозоғистон ҳукумати ва қудратдаги “Нур Отан” партиясининг ҳудудлардаги бўлимлари қора ва норинж рангдаги Георгиев тасмасини текин тарқатишда ва тарғиб қилишда жонбозлик қилди.

Бироқ жамоат фаоллари ва сиёсатчиларнинг ижтимоий тармоқларда чиқиши ортидан ҳукумат структураларида ушбу лентага бўлган муносабат ўзагарди.

Остона ҳокимияти вазиятдан чиқиш учун 8 май куни 3 мингдан ортиқ Қозоғистон байроғи ранги ва қозоқ нақшлари туширилган ўзига хос тасмани текин тарқатди.

Бу каби тадбир руслар кўпчиликни ташкил қилувчи шимолдаги Петропавл шаҳрида ҳам кузатилди. “Нур отан” партияси у ерда қизил ва қора рангларга кўк ранги қўшилган 5 мингдан ортиқ тасма тарқатди.

“Георгиев лентаси қандай бўлса шундай қолади.У урушнинг барча иштирокчилари қаҳрамонлигини акс эттиради. Янги тасма эса Қозоғистоннинг буюк ғалабага қўшнган ҳиссасини билдириб туради”, - дейди “Нур отан” партиясининг Петропавл шаҳри филиали муовини Владимир Ветченко.

Сўнгги йилларда Георгиев тасмаси Қозоғистонда ғалаба кунини нишонлашнинг рамзига айланган эди. Ҳаттоки президент Назарбоевдан тортиб ҳокимларгача ушбу лентани тақиб байрам нишонларди.

Бироқ бу йил Қримнинг Россия томонидан аннекция қилиниши ва Украинадаги бўлгинчиларининг Россия томонидан дастакланиши Қозоғистондаги давлат арбобларини хавотирга солиб қўйгани айтилади.

Георгиев тасмасига қарши акциялар, унинг ўрнини бошқасига алмаштириш ҳаракатлари Қирғизистонда ҳам кузатилган. Би-би-си мухбири Тўлқинбек Турдибоев Георгиев лентаси айниқса бу йил кўпроқ тарқатилгани норозиликка олиб келганини айтади.

“Ҳеч ким бирорта катта чақириқ қилиб норозилик намойиши қилгани йўқ. Лекин амалда ўшанга рақобат сифатида Қирғизистоннинг миллий рамзидан дарак берувчи байроқ, Қирғизистон герби уширилган тасмаларни тарқатишяпти. Бугун майдонда иккала лента ҳам тарқатилди”, - дейди Тўлқинбек Турдибоев.

Ғалаба куни йўқ лекин Георгиев тасмаси бор

Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг 9 май Ғалаба куни эмас Хотира ва қадрлаш куни сифатида байрам қилинади.

Ҳукуматнинг совет анъаналарини унутиш йўлида қилган ушбу амали бугун Россия ўзини империя сифатида ҳис қила бошлаган даврда қўл келаётгани таъкидланади.

Бироқ Георгиев тасмаси машмашаси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Тошкентдаги Россия элчихонасида ушбу лента текин тарқатилди.

Георгиев тасмасининг Тошкентда тарқатилиши ва унинг туб аҳоли томонидан ҳам тақиб юрилиши ижтимоий тармоқларда муҳокаларга сабаб бўлди.

Георгиев тасмасига ўз эътирозини билдирмоқчи бўлган Ғайрат исмли фойдаланувчи фэйсбукдаги асосан ўзбекистонликлар аъзоси бўлган потребитель.уз гуруҳидан бир умрга бадарға қилинди.

Гуруҳ маъмури ўз тархини ҳурмат қилмаган одамга у ерда жой йўқлигини билдирди.

Би-би-си Ғайрат билан боғланиб нима сабабдан Георгиев лентасининг Ўзбекистонда тарқатилишига эътироз қилгани ҳақида сўради.

“2000 йиллардан кейин Россиянинг ҳозирги раҳбарияти ҳукуматга келганидан сўнг бу лентани собиқ Совет республикаларида тарқатиш, тарғиб қилиш анча кучайди. Ўша ерда ўқиб қолдим, Россия элчихонаси бориб сўраганларга чекланмаган миқдорда тарқатиб ётибди. Лекин тасаввур қилинг, бу нарса осмондан тушмаяпти, лентани чиқариш, давлатларга етказишга маблағ кетади. Бу лентани ғалаба лентаси остида хаспўшлашдан мақсад нима. Менга тушунарсиз бўлди”, - дейди Ғайрат.

Ғайрат иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва фронт ортида меҳнат қилганларнинг хотираси унутилмаслигини, бироқ ушбу ҳодисаларнинг Георгиев тасмасига олиб келиб боғлаш нотўғри эканлигини айтади.

Суҳбатдошимиз Путин бошчилигидаги Россия Чор Россияси давридаги рамзларни қайта тиклагани ва уни тарғиб қила бошлагани хавотир уйғотишини айтади. Чор Россияси даврида орденлар илиб берилган Георгиев лентаси бугун Ғалаба тасмаси дея тарғиб қилинаётгани ажаблантиради.

Ушбу тасма Украинадаги бўлгинчиларнинг рамзига айланганлиги Марказий Осиёдагиларни хавотирга солиб қўйгани айтилади.

Боз устига Россия думаси депутати ва мухолифатдаги сиёсатчилар Марказий Осиёнинг Россия империяси остидаги ерлар ва уларни қайтариш лозимлиги ҳақида баралла гапириши хавотирларни янада кучайтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ