‘Боко Ҳарам’нинг иши Марказий Осиёда ҳам акс-садо берди

Image caption 'Бу каби экстремист ташкилотларнинг мақсадлари – мусулмонлар ва умуман олганда Исломнинг обрўйига доғ туширишдир'

Минтақада ягона исломийси бўлган “Тожикистон Ислом Уйғониш” партияси Нигериядаги бу экстремист гуруҳ томонидан икки юздан ортиқ ўқувчи қизнинг ўғирланишини қоралаб чиқди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу – Тожикистон мисолида “Боко Ҳарам”нинг қилмишига Марказий Осиё давлатлари мусулмонлари билдирган биринчи расмий муносабат бўлади.

“Ўзини исломий, деб атовчи гуруҳ Ислом дини қадриятларининг яқинига ҳам келмайди. Бу каби экстремист ташкилотларнинг мақсадлари – мусулмонлар ва умуман олганда Исломнинг обрўйига доғ туширишдир”, - дейилади партиянинг расмий баёнотида.

“Тожикистон Ислом Уйғониш” партияси, ўз ўрнида, мусулмонларни Ислом ҳақидаги қотиб қолган қарашларни ўзгартириш учун шахсан намуна бўлишга ҳам даъват этган.

Ўқувчи қизлар эса, ўтган ой Нигерия шимоли-шарқида жойлашган мактабларидан олиб қочилишганди.

Улар билан юз берган воқеа халқаро миқёсда кескин акс-садоларга сабаб бўлган ва бўлаётир.

Акс-садо

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Боко Ҳарам" ўқувчи қизларни қаерда сақлаб тургани ҳали ҳам маълум эмас

Куни-кеча мусулмон оламида катта нуфузга эга Саудия Арабистони Олий Муфтийси Абдул Азиз ибн Муҳаммад ибн Абдул Раҳмон ибн Абдуллоҳ Аш-Шайх ҳазратлари ҳам гуруҳнинг бу амалини кескин қоралаб чиққанди.

Орада Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом дунёсида катта обрў ва таъсирга эга "Ал-Азҳар" университети ҳам худди шундай мазмундаги баёнотлар билан чиқишган.

"Боко Ҳарам"нинг қилмиши Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгашининг ҳам қаҳру ғазабли муносабатига сабаб бўлган ва ҳозир гуруҳга қарши "муносиб чора кўриш" ҳақида бош қотирмоқда.

Дунёнинг қўшни Афғонистон дохил қатор давлатларида нигериялик ўқувчи қизларни озод қилиш талаби билан турли норозилик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда.

Уларнинг тақдири Американинг биринчи хоними Мишель Обама, Голливуд юлдузи Анжелина Жоли ва номзоди бу йилги Нобель Тинчлик мукофотига илгари сурилган покистонлик фаол ўқувчи қиз Малала Юсуфзайни ҳам беэътибор қолдирмаган.

Улар ҳам турли соҳаларда дунёга машҳур қатор юлдузлар сафидан жой олиб,"#BringBackOurGirls."кампаниясига ҳам бош қўшишган.

Музокара?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Душанба кунги хабарларга кўра, "Боко Ҳарам" қизларни Нигерия ҳукумати қамоқхоналаридаги жангариларга айирбошламоқчи

Энг сўнгги хабарларга кўра, Нигерия ҳукумати “Боко Ҳарам” жангарилари билан музокаралар олиб боришга рози бўлган.

Шу ҳафта душанба куни экстремист гуруҳ раҳбари Ислом динини қабул қилмаган ўқувчи қизларни ҳукумат қамоқхоналарида сақланаётган аъзоларига айирбошлашга рози эканини билдирганди.

Бугун сешанба куни эса, АҚШ олиб қочилган ўқувчи қизларни топиш учун Нигерияда махсус кузатув учоқлари ишга солинишини ҳам маълум қилди.

Жорий пайтда 30 га яқин америкалик экспертлар Нигерияда қидирув ишларига кўмак беришмоқда.

Улар билан бир сафда Буюк Британия, Франция ва Хитой мутахассислари ҳам иш олиб боришаётир.

Энди Исроил ҳам ўзининг аксилтеррор гуруҳини Нигерияга юбормоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ