Москвада ОИТС га бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

Москвада Шарқий Оврупо ва Марказий Осиёда Инсон иммунитети танкислиги вируси ва синдроми масалалари буйича туртинчи халқаро анжуман бўлиб ўтган.

Анжуман қатнашчилари билдиришича, бу – мазкур масалалар буйича минтақада ўтказилаётган сўнгги беш йилдаги энг йирик тадбирдир.

Москвада йиғилган халқаро тадбирда жаҳоннинг 44 давлатидан 1300 нафардан ортиқ делегатлар иштирок этган.

БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТнинг ЮНЭЙДС махсус бирлашган дастури бўйича масъул Мишел Сидибе ушбу хавфли иллатга қарши курашишда минтақа давлатларини бирлашиб ҳаракат қилишга чақирган.

"Дунёнинг бошка минтакаларида ВИЧ/CПИД иллати сезиларли пасайган пайтда, Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиёда ушбу юқумли касаллик эпидемия микёсига етиб бориши – бу хавотирга соладиган ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат", - деб айтган БМТ мулозими.

"Шунча йиллар давомида ҳаракат қилиб ва жиддий молиялар сарфлангандан кейин, нима сабабдан Шарқий Оврўпо билан Марказий Осиёда ВИЧ вирусини юқтириб олиш хамда CПИД иллатидан ўлиш ҳоллари хавфли микдорда янада кўпаймоқда. Жаҳоннинг бошка минтақаларида, масалан, Африка ва Осиёда мазкур иллат камайганлигини кўриб турибмиз. Нима сабабдан Россияда биринчи навбатдаги даволаш нархи 2500 АҚШ долларга етиб боради-ю, БРИК дея номланган бошка давлатларнинг ўзида ишлаб чиқарилган дори-дармонларга 100 доллардан хам камроқ молия сарфланади? Шунингдек, Россия йирик йигирма давлатлар ва БРИК мамлакатлари орасида ВИЧ эпидемияси ўсаётган якка-ягона давлат. Мен бу жуда мураккаб саволлар эканлигини биламан, лекин шу ерда, Москвада бунга жавоб топишимиз лозим" - деган Мишель Сидибе.

Россия ва Марказий Осиё давлатларида ВИЧ билан боғлиқ вазият ҳақида Россия бош вазири маслаҳатчиси, академик Геннадий Онищенко ҳам фикр билдирган.

"Минтақа давлатларида ВИЧ вирусини тиббий ёрдам кўрсатилаётганда юқтириб олиш кўп учрайди. Сўнгги даврда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистонда қон қуйиш пайти касалликка чалиниш ҳолатлари мавжуд. Россияда эса сўнгги тўрт йилда шу каби 15 ҳодиса кузатилган ва 29 инсон вирусга дучор бўлган. Бундай ноқулай можаролар олдини олиш учун фақат тиббий ёрдам кўрсатишда хавфсизлик талабларига риоя қилиш шарт", - дейди жаноб Онищенко.

«Қозоғистонда ВИЧ вируси билан яшаётган аёллар тармоғи»нинг раҳбари Елена Билоконга кўра, минтақада ВИЧ иллатидан жабрланган инсонларнинг энг жиддий муаммоси бу-

стигма, яъни касал кишиларни камситиш, дискриминация ҳолларидир. Мазкур инсонлар улар ҳақли бўлган хизматлардан фойдаланиш, ўз касаллигини эълон қилиш, ҳатто юзини очиб юришдан хам хавфсирашади. Мана шу ҳолатга боғлиқ ўлим сони янада кўп. Лекин ҳар ҳолда иллатга қарши кураш юритилса, ғалабага эришиш мумкин.

"Мен ўзим хам аввал нашаванд бўлганман, лекин даволангач, учта фарзандли бўлдим ва уларнинг барчаси соғлом", - дейди қозоғистонлик фаол.

Халқаро анжуманда Ўзбекистондаги вазият ҳам тилга олинган.

Анжуман қатнашчиларидан бирининг айтишича, ўтган йилда Ўзбекистон касалхоналарида фақат битта ҳомиладорнинг чақалоғига ВИЧ вируси юқтирилганлиги хақида ҳукуматнинг расмий маълумот эълон қилган. Лекин амалдаги вазият қоғоздагидан жиддий фарқ қилади.

Ундан батафсилроқ ҳикоя қилишини сўраб, мурожаат қилинганда, ўзини таништирмаган маъсул "исми-шарифи айтилса, Ўзбекистонга бора олмаслиги"ни айтиб рад қилди.

БМТ вакили Мишель Сидибе эса, Шарқий Оврупо билан Марказий Осиё минтақасида касал инсонларга худди улар жиноятчилардагидай қонунлар қўлланишига ўз хавотирлигини билдирди.

"Мазкур қонунларни қабул қилиш оқибатида ҳамжинсвозлар, жинсий хизмат кўрсатувчилар, гиёхванд моддалар кўллаганлар ва муҳожирлар ноилож махфий ҳолатга ўтишади. Шундай норасмий ҳолатда уларнинг даволаниш имкониятлари янада чекланмокда", - деб айтади БМТ мулозими.

Шу билан бирга БМТ Бош котиби ўринбосари сўнгги бир неча йил давомида ВИЧ вирусини юқтириб олган инсонларни ўз ҳудудларига киритишни аввал чеклаб келган ва энди шу чекловларни бекор қилган Арманистон, Молдова, Словакия, Тожикистон, Украина ва Ўзбекистонни олқишлади.

Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё минтақасида мазкур чекловларни шу кунгача сақлаб келаётган Беларус, Литва, Россия ва Туркманистонни ОИТС иллатига карши курашишга тўсиқни бекор қилишга чақирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002