Қадр топган шоир ва тожикистонлик ўзбеклар

Тожикистон пойтахти – Душанбеда ўзбек шоири Ўлмас Жамолнинг 80 йиллиги нишонланган. Асосий тантана Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи мажлислар залида бўлиб ўтган.

Шоир таваллуд айёмини нишонлаш учун Тожикистоннинг деярли ҳамма минтақаларидан шоир ва ёзувчилар, ижодкорнинг юзлаб мухлислари йиғилишган.

Тўрт юз кишидан ортиқ одамни сиғдира оладиган катта толор Ўлмас Жамол дўстлари, мухлисларини сиғдира олмаган. Ўнлаб кишилар тик туриб қолишган.

Бир юракни икки тилиб бўлармикан?

Йиғилишда дастлаб сўз олган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси Меҳмон Бахтий Ўлмас Жамолнинг фақатгина Тожикистондаги ўзбек адабиётига эмас, балки тожик адабиётига ҳам ҳисса қўшганлигини таъкидлаган.

У шоирнинг Алишер Навоийдан кейин ўзбек шоирлари орасида тўрт девон тузишга муваффақ бўлганлигини алоҳида таъкидлаган.

Шоир 80 йиллиги арафасида унга бағишлаб Душанбеда нашр этилган китобга айнан Меҳмон Бахтийнинг Ўлмас Жамол борасидаги сўзлари – «Икки чаман булбули» ном ўлароқ танланган.

Тантанани олиб борган Тожикистон Халқ шоири Камол Насрулло Ўлмас Жамол ҳақида сўзлар экан, ўзбек ва тожик халқларини ҳеч қачон ажратиб бўлмаслигини, бунинг учун бир юракни икки тилиб ташлаш зарурлигини ифода этган.

Машҳур шоира Гулрухсор Ўлмас Жамолнинг Рудакийдан тортиб ҳозирги тожик шоирларининг асарларини ўзбек китобхонларига етказиб беришдаги хизматлари беқиёслигини, унинг икки тилни бирдай яхши билиши таржиманинг асл нусхадаги каби чиқишида ўрин тутганлигини айтган.

Ўлмас Жамолнинг 80 йиллигида шоир, дўстлик, ватанпарварлик, инсонийлик ҳақида айтилган юрак сўзлари, қўшиқлар икки тилда янграр экан, ўзбек ва тожикларни бирдай ҳаяжонга солган.

Тожикистон Халқ артисти Афзалшо Шодиев Ўлмас Жамолни тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги кўприк деган ва шоирнинг икки халқ дўстлигини васф этувчи «Тожикистон ўғлидурман, ўзбегим гуфто писар…» қўшиғини ижро этган.

Тожикистоннинг илк мустақиллик йилларида мамлакатда кечган фуқаролик уруши даврида Ўлмас Жамол ўзбек ва тожикларни дўстликка, биродарликка чорлаш учун ҳаётини хавфга солган ҳолда ўқ узилиб турган ерларга ҳам борган.

У ҳозирда ҳам мамлакатда икки қарама-қарши куч орасида тузилган ярашув битимидан сўнг ташкил этилган Ваҳдат («Бирлик») ва миллий эҳё ҳаракати Раёсати аъзосидир.

Айни бир пайтда Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи ўзбек бўлими бошлиғи, Республика Рудакий номли Давлат мукофоти Қўмитаси аъзосидир.

Шоирнинг ўзбекистонлик дўстлари

Ўлмас Жамол аслида Самарқанднинг Ургутида дунёга келган. Мактабнинг икки синфини у ерда ўқигач, ота-онаси билан Тожикистонга - Душанбега кўчиб келишган. Ҳозирда Душанбеда, Қўрғонтепада ургутликлар яшайдиган ўндан ортиқ маҳалла мавжуд.

Шоирнинг саксон йиллик тўйига келган меҳмонлар орасида ногиронлик аравачасида ўтирган самарқандлик шоир Ҳаёт Неъматни кўриш мумкин эди.

Лекин Ўлмас Жамолнинг кўплаб ўзбекистонлик ижодкор дўстлари унинг тўйида бирга бўла олишмаган. Маҳаллий таҳлилчиларнинг айтишларича бунинг асосий сабаби икки мамлакат орасидаги виза тартибига боғлиқ бўлиши мумкин.

Шу ўринда Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг Ўлмас Жамол борасида айтган сўзларини келтириш ўринли:

« Ҳеч эсимдан чиқмайди, улуғ устозимиз Ғафур Ғулом билан Душанбеда сафарда бўлганимизда бир адабий кечамиз бўлиб ўтган эди. Ўшанда тожикистонлик бир неча ёш шо-ир ҳам иштирок этган эди. Ўлмас Жамол уларнинг етакчиси эди. Ғафур Ғулом ёш шоир-ларнинг шеърларини тинглаб, бошларини силаб, кўнгилларини кўтариб, меҳрибонлик кўрсатганига ўзим гувоҳман. Ўлмас Жамолнинг шеъриятидаги нафосат, дилбарлик ёнига донишмандлик қўшилди. Инсоний дард, инсонпарварлик, гуманистик йўналиш пайдо бўлди.

Ҳозир у маҳоратнинг чўққисида турибди. Бизга тенгдош бўлган шоирлар орасида арузда ижод қилганлари жуда кам».

Эркин Воҳидов каби Абдулла Орипов, Жамол Камол каби машҳур ўзбек шоирлари ҳам Ўлмас Жамолнинг аруздаги маҳоратини таъкидлашган.

«Мана Ўлмас Жамол кўплаб девон тузибдилар. Мен шу ўринда айтмоқчиманки, девон тузиш, бу ҳаммага маълум, ҳар бир шоирга ҳам насиб этган эмас. Ҳозирги замонда ҳам, ўтган даврларда ҳам бу девонлар ўз-ўзидан нашр ҳам бўлиб қолавермайди, бундан кўз юммаслик керак», деган Абдулла Орипов.

У Ўлмас Жамол ҳақидаги сўзини давом эттирар экан, « Бозор иқтисодиёти каби муаммолар ёзувчининг қаршисидан чиқиб туради. Бу бутун дунёда бор гап. Шундай шароитда шоирнинг наинки шеърини ўқиб, балки тушуниб, унга кўмак бериб келаётган инсонлар яхшиямки, бу дунёда бор. Мен уларга чин дилдан раҳмат, дейман», деган фикрни айтган.

Шоирнинг саксон ёшлиги арафасида Душанбедаги «Адиб» нашриётида унинг тўртинчи девони – «Маъмур» нашр этилган.

Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол «Ўлмас аканинг яна бир ўзга улуғ хусусиятини таъкидлашни истардим», дейди.

Унинг ёзишича:

«Ўлмас ака бизни биродарликка ундайди. Тожик ва ўзбек халқлари дўстлигини куйлай-ди. Шуни битта эмас, юзлаб қўшиқларга айлантирган мана шу Ўлмас Жамол бўлади. Инсоф билан айтиш керак, биз доимо айтамиз, бу бир эт билан тирноқ – икки халқ. Биз халқни дўстликка, биродарликка ундамасак бўлмайди. Чунки бизга ўша совет давридан миллатчилик деган бир балони олиб келишди. Пайғамбаримиздан қолган ҳадис борки, миллатчилик ислом учун ҳаромдир. Асосий байроғи умматчилик, миллатчилик эмас. Шунинг учун, биз келажакда албатта наинки Тожикистону Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё битта иттифоққа уюшишимиз керак. Бу бугун бўлмаса, индин, албатта бўлади. Нима учун? Чунки 27 давлат Европа иттифоқи бўлиб турганда, нега биз жону жигар, дилимиз, томиримиз, илдизимиз битта бўлган 5 та республика алоҳида-алоҳида бўлиб яшаймиз?.. Ана шу биргаликка ундайдиган шоирлардан биттаси Ўлмас Жамол акамиз бўлади».

Изтиробли ташвишлар

Ўзбек адабиётига Абдулла Қаҳҳор ва Пиримқул Қодировдек машҳур адибларни берган Тожикистонда ҳозирда ҳам ўнлаб ўзбек шоир ва ёзувчилари яшаб, ижод этишмоқда. Жорий йилда улардан уч нафари Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига аъзолигига қабул қилинди.

Айни бир пайтда Тожикистонда ўзбек адабиёти келажаги борасида изтиробли ташвишлар ҳам йўқ эмас. Маҳаллий таҳлилчиларнинг айтишларича мамлакатда ўзбек мактаблари сони тобора камайиб борар экан, ўзбек тилидаги китобларга эҳтиёж ҳам камаяди. Тожик тилида маълумот оладиган ўзбеклар ўз она тилларидан узоқлаша бориб, бу тилда ёзилган китобларни тушуниб ўқишда қийналадилар.

Бироқ ҳозирда ҳам ўзбек тилидаги бадиий китоблар жуда оз нусхада – кўпи билан минг-икки минг нусхада, аксар ҳолларда атиги 100-200 нусхадан нашр этилмоқда. Ана шу оз нусхадаги китобларнинг тарқалиши хам қийин кечмоқда. Ўзбек китоблари муаллифнинг маблағи ё жуда оз ҳолларда ҳомийлар кўмаги билан дунё юзини кўрмоқда.

Шоир ва журналист Ўлмас Жамолнинг саксон йиллигининг тантанали нишонланиши, унинг телевидение орқали кўрсатиш учун суратга олиниши, ўзбек ижодкорининг қадрланиши бу тўйга келган ўзбекларни айниқса тўлқинлантириб юборди. Фақат Душанбе ва унинг атрофидаги Ҳисор водисидан эмас, балки Суғд ва Қўрғонтепа вилоятларидан келган ўзбеклар Ўлмас Жамол мисолида ўзлари ҳам қадр топгандай бўлишди, дейди таҳлилчилардан бири.