AI Туркманистонда очлик эълон қилган маҳкум тақдиридан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи amnesty
Image caption Халқаро Амнистия Туркманистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши борасида йилларки бонг уриб келади

Халқаро Амнистия 19 май куни очлик эълон қилган Мансур Мингелов тақдиридан хавотир изҳор этган.

39 ёшли Мингелов “адолатсиз маҳкама” ҳукми билан 22 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ташкилотга кўра, Мингеловга зўрлаб овқатлантириш билан таҳдид қилишган.

Мансур Мингелов Бош прокуратура ва Туркманистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари ва Демократия миллий институтининг вакиллари билан учрашишни талаб қилган.

Шарқий Туркманистоннинг Лебаб вилоятидаги қамоқхонада сақланаётган Мингелов ҳузурига маҳаллий прокурорлардан бири келган ва унга мажбурий овқатлантириш таҳдидини қилган, дейилади Халқаро Амнистия тарқатган баёнотда.

Халқаро Амнистия маълум сабаблар билан номини очиқламаган манбасига таяниб ёзишича, Мингелов ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган.

Мансур Мингеловга босимлар ортидаги сабаб у ўз устидан маҳкаманинг адолатсиз кечгани ҳақида гапира бошлагани билан боғлиқлиги айтилади.

Ташкилот қўлга киритган ахборотларга кўра, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Мансур Мингеловнинг отаси ҳузурига боришган.

Унинг мобил телефонини олиб, барча контакт номлар ва SMS ёзишмалар кўчириб олингани айтилади.

Мингелов ўз укаси билан боғлиқ жиноий иш юзасидан 2012 йил 6 июнда ҳибсга олинган ва ўша куниёқ хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан калтакланган, дейилади Халқаро Амнистия баёнотида.

Ташкилот Туркманистон раҳбариятини маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва очлик амаллари учун жазоламасликка чақиради.

Шунингдек, Мингеловнинг маҳкама иши қайта кўриб чиқилиши кераклиги ва хавфсизлик ходимларининг қийноқ қўллаганлари ҳақидаги хабарлар текширилиши лозимлигини урғулайди.

Қийноқлар кенг қўлланиладиган мамлакат

Image caption Туркманистон президенти Бердимуҳаммадов сиёсий ислоҳотларга шошилаётгани йўқ

Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан биридир.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мамлакатда юзлаб сиёсий маҳбуслар бор.

Фаолларга кўра, Туркманистон қамоқхоналари учун ҳам Ўзбекистонда бўлгани каби қийноқ қўллашлар ёт эмас.

Халқаро Амнистия ҳам мамлакатга кириши тақиқланган ташкилотлар орасида.

Ўтган йил ташкилот мамлакат ҳибсхона ва жазо муассасаларида қийноқларнинг кенг тарқалгани айтилган ҳисоботда қийноқ турлари санаб ўтган эди.

Жумладан, иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбурланган шахсларнинг тирноқлари остига игна тиқиш, электрошок усули, мунтазам жинсий зўрлаш, психотроп моддалар, таёқ ва сув тўлдирилган бутилкалар билан уриш ҳоллари кенг тарқалган.

Халқаро Амнистия жаҳон ҳамжамиятини туркман ҳукумати билан мулоқотлар чоғида сиёсий ва фуқаровий эркинликлар, инсон ҳақларининг поймол этилиши масалаларини назардан қочирмасликка чақирган.