Россия ва Хитой газ битимини имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шартномани имзолаш маросимида Россия ва Хитой президентлари иштирок этишган

Россиянинг "Газпром" ва Хитойнинг CNPC ширкатлари Шанҳайда имзолаган йирик шартнома тафсилотлари ошкор этилмаяпти.

30 йилга мўлжалланган шартноманинг умумий қиймати 400 миллиард долларга тенг.

Унга мувофиқ, Россия Хитойга йилига 38 миллиард кубометр газ етказиб беради.

Аксарият Оврўпо давлатлари Россия газига қарамликдан қутулиш йўлларини излаётган бир пайтда Кремл муқобил бозорларни топиш ҳаракатига тушган.

Москвани бу қадамга Украинадаги воқеалар боис Оврўпо Иттифоқининг янги жазо чораларини киритиш эҳтимоли ҳам ундамоқда.

'Тижорий сир'

Россия ва Хитой ўртасида газ музокаралари узоқ йиллардан буён давом этиб келади.

Путиннинг Пекинга ташрифи арафасида асосий масала-газ нархи юзасидан "силжишга эришилгани" хабар қилинганди.

"Газпром" ширкати раиси Алексей Миллер газ нархи "тижорий сир" эканини айтган.

Аммо кузатувчиларга кўра, унча мураккаб бўлмаган арифметик ҳисоб-китобларга таянган ҳолда Хитойга сотилажак газнинг ҳар минг кубометри учун келишилган нарх 350 доллар эканини тахмин қилиш мумкин.

Бу Россия 2013 йилда Оврўпо учун белгилаган нархнинг ўртачаси.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Оврўпо давлатлари ўтган йили Россия газининг ҳар минг кубометри учун 360 билан 380 доллар ўртасида ҳақ тўлашган.

Таҳлилчиларга кўра, шартнома нафақат миқёси, балки "Газпром"нинг Хитой бозорига чиқиши билан ҳам аҳамиятли.

Алексей Миллер бу каби йирик келишув "Газпром" билан дунёдаги бошқа биронта ҳам ширкат ўртасида мавжуд эмаслигини айтган.

Россия газини Хитойга етказиб бериш қачон бошланиши номаълум.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, одатда шартнома имзоланганидан сўнг 5 йил ўтади ва лойиҳа тўла қувват билан ишлаши учун яна 2-3 йил керак бўлади.

Ўтган йили "Газпром" ва CNPC газ қувурига доир меморандумни имзолаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002