'Шинжонда икки намойишчи ўлдирилган, 100 дан ортиғи ҳибсга олинган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жаҳон Уйғурлари Қурултойи сўзчиси Дилшод Рашиднинг хабар қилишича, ўз диний эътиқоди бўйича кийинган 25 га яқин Уйғур мактаб ўқувчи қизлари ҳибсга олинган, бунга норози бўлиб чиққан яқинларига қарши ўт очилган.

Маҳаллий аҳолига кўра, ҳодиса 20 май сешанба куни Шинжон Уйғур Мухтор туманининг Куча минтақасидаги Алақача шаҳарчасида юз берган.

Жаҳон Уйғурлари Қурултойи сўзчиси Дилшод Рашидга кўра, Хитой расмийлари ушбу ҳодиса ва ундан кейинги ахборотнинг четда ёйилиши олдини олишга интилаяпти, шу сабаб Алақачадан тўла тафсилотни қўлга киритишнинг имкони йўқ.

Шу пайтгача маълум бўлган хабарларга кўра, мактабга рўмол ўраб борган катта ёшдаги қизлардан рўмолларини ечиш талаб қилинган, Уйғур қизлари рўмолларини ечишдан бош тортганлари туфайли ҳибсга олинганлар.

Ҳибсга олинган муслималар сони 25 тача экани айтилмоқда.

Ҳибс ҳақидаги хабар қизларнинг қариндошларини ғазаблантирган, улар Алақача шаҳридаги қизлар ҳибсда сақланаяпти деб кўрилган бино атрофида тўпланганлар.

Норози намойишчилар қизларни озод қилишни талаб қилганлар, акс ҳолда бино ичкарисига бостириб кириш билан таҳдид қилганлар.

Тушдан кейинги соат 4 лардан кейин ҳодиса жойига полиция махсус кучлари етиб келган ва оломонга қарата ўт очганлари хабар қилинмоқда.

Алақачалик бир киши камида икки инсон ҳалок бўлганини, улардан бири 23 ёшли Уйғур эканини айтган.

Шундан кейин уйма-уй юриб, норозиликда қатнашганларни қидириш бошланган.

80 тача киши ҳибсга олингани маълум.

22 май куни Шинжон пойтахти Урумчида портлашлар содир этилди.

Бу ҳужумларда Хитой расмийлари Уйғур миллатига мансуб беш шахсни айбладилар.

Ҳужумлар оқибатида 39 инсон ҳалок бўлгани, 90 дан ортиқ киши жароҳатлангани хабар қилинди.

Шинжоннинг Куча минтақасидаги норозилик ва Урумчи шаҳридаги портлашларнинг ўзаро алоқаси бор ёки йўқлиги аниқ эмас.

Жаҳон Уйғурлари Қурултойи сўзчиси Дилшод Рашид, таранглик кучаяётганининг сабаби Хитой ҳукуматининг мусулмон Уйғурларнинг диний ва маданий ҳаётига босимни ошираётганидадир, дейди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ