Афғон-тожик чегарасидаги Бадахшонда ҳаёт

Афғонистоннинг тоғли Бадахшонидаги туманларга меҳмон бориши маҳаллий аҳоли учун ҳар доим катта воқеа ҳисобланади.

Шу боисдан тоғликлар БМТ, Оврўпо Иттифоқи ходимлари, дипломатлар ва журналистлардан иборат гуруҳни алоҳида бир қизиқиш билан кутиб олишди.

Биз Афғонистоннинг Ванчига янги чегара комиссириати биноси ва "Жомаржи Боло" назорат-рухсат масканини расмий очилиш маросимига бордик.

Янги, бир миллион доллардан ортиқ қийматга эга замонавий назорат-рухсат маскани Оврўпо Иттифоқи ва БМТ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида қурилган.

Бу Тожик-Афғон чегарасидаги олтинчи назорат-рухсат пунктидир. Кўринишидан, бунинг бир ажралиб турадиган жиҳати йўқдек. Лекин у афғонлар учун муҳим ҳаётий аҳамият касб этади.

Помирнинг давлат чегарасини аниқлаш қийин эмас- уни Панж дарёси ажратиб туради. Чап қирғоқ-тожикларники, ўнг қирғоқ афғонларники.

Панжнинг икки соҳилидаги ҳаёт бир-биридан катта фарқ қилади. Чапда, тожик Бадахшонида, ҳали ўша совет даврларида автомобил йўллари қурилган, электрэнергия билан таъминланган, мактаб ва касалхоналар ишлайди.

Ўнг қирғоқ-афғон Бадахшонида манзара бутунлай ўзгача.

Юқори даражада ривожланган технологиялар асрида биз билан ёнма-ён телевидение, мобил телефон ва интернет нималигини билмайдиган инсонлар яшашини тасаввур қилиш қийин.

Интернет у ёқда турсин, Афғонистоннинг баланд тоғ қишлоқлари аҳолиси учун автомобил йўли, транспорт, касалхона ва мактаблар йўқ.

Image caption Тожикистон ва Афғонистон ўртасидан Панж дарёси оқиб ўтади.

Улар тор йўлакчалардан тоғнинг баланд чўққиларигача жойларга юриб боришади.

"Бизнинг қишлоқларимизга озиқ-овқат ва бошқа юкларни эшак ва отларда олиб келиш ўта оғир. Биз савдо қилиш учун Қундузга борамиз, сўнгра уйга қайтиш учун юзлаб чақирим йўлни босиб ўтишимиз керак бўлади. Умид қиламизки, янги чегара назорат-рухсат пункти ва тожик-афғон чегарасидаги кўприкларнинг очилиши билан юкларни ташиш осонлашади, камроқ вақт сарфланадиган бўлади", дейди Жомаржи Боло қишлоғи фуқароси.

Ота-боболар мероси

Жомаржи Боло Бадахшон вилоятининг Дорвоз туманида жойлашган. Қишлоқнинг асосан ўз томорқасидаги хўжалик асосида кун кечирадиган аҳолиси уч мингдан ошмайди. Ёзда улар олма, нок, узум етиштирадилар, куз ва қишда ўзларининг катта бўлмаган ҳосилларини тожик-афғон чегарасидаги бозорларга ёки Афғонистоннинг марказий ҳудудларига олиб бориб сотишади.

Жомаржи Болонинг ёнида ўнлаб бошқа тоғ қишлоқлари жойлашган ва улардаги ҳаёт тарзи уларнинг ота-боболари яшаб келган шароитдан кам фарқ қилади: томи паст, деразасиз уй, эски идиш-товоқ ва тоғдаги булоқ суви.

Жомаржи Болонинг кексаларидан 60 ёшли Фаракноз болаларнинг келажагидан ташвишланади.

"Бизнинг қишлоғимизда бундан 50 йил олдин қурилган мактаб бор. Шу пайтгача у бир марта ҳам таъмир қилинмаган. Ўқитувчилар ҳамқишлоқларимиз. Улар болаларга таълим беришади, ёзиш ва ҳисобга ўргатишади. Дарсларга қиз ва ўғил болалар боришади. Лекин ёмғир ва қор ёққанда, мактаб ёпилади, сабаби совуқ ва бинонинг томи йўқ. Мактабимиз ўзининг 50 йиллик ҳаётида ҳали бирорта ўқувчи олий ўқув юртига кирмади ёки бирор касбни эгалламади. Бизнинг болаларимизда маблағ йўқ", дейди у.

Image caption Жомаржи Боло жуда чиройли, баҳаво водийда жойлашган, лекин бу ерда ҳаёт кечириш осон эмас.

Жомаржи болонинг аттестат ҳам, диплом ҳам бермайдиган, деярли пулсиз ишлайдиган маҳаллий фидойилар дарс берадиган эскигина мактабнинг саноқли ўқувчилари Афғонистоннинг марказий ўқув юртларига бориб ўқиш имконига эга.

Кобулгача етиб бориш учун юзлаб чақиримни босиб ўтиш керак. Қишлоқликларда йўл учун ҳам, кийим кечак учун ҳам, болаларининг ётоғи учун ҳам пул йўқ, шунинг учун аксарият ўсмирлар бирор бир мутахассисликка ўқий олмайдилар.

"Бизда йўл ҳам, электр энергия ҳам йўқ. Биз ўзимиз етиштирган маҳсулотлар эвазига яшаймиз. Бир қоп унни бизнинг қишлоғимизга олиб келингунча 40 долларгача кўтарилади. Бизда иш йўқлиги учун бу катта пул. Биз дунёдан узилганмиз. Ҳукумат сайловолди кўп нарсани ваъда беради, бироқ кейин ҳамма нарсани унутади. Мен шунча йиллар давомида марказдан келган бирорта депутатни, бирорта вакилни кўрганим йўқ", -дейди Фаракноз.

Яшаб турган жойида иш тополмаган ёш йигитлар тирикчилик учун Эрон ва Покистонга йўл олишади. Катта ергача улар пиёда юриб боришлари керак бўлади. Баъзида ҳафталарни йўлда ўтказишга тўғри келади.

Image caption Давлати Худо чилангар бўлиб ишлайди, унинг ойига оладиган 100-150 доллар иш ҳақи бу ерда яхши ҳисобланади.

"Мен бир неча марта Эронга тирикчиликка бордим. Бошқа юртдошларимга ўхшаб ноқонуний албатта. Теҳронда қурилишда ишладим. Агар иш бўлмаса, яна кетишимга тўғри келади. Оилани боқиш керак", дейди Жомаржи Бололик Давлати Худо.

Ҳозир 23 ёшли Давлати ўнлаб қишлоқдошлари каби Жомаржи Болодаги чегара назорат пунктида ишлайди. Давлат чилангар. У ўзининг меҳнати учун ойига 100-150 доллар маош олади ва бундан жуда хурсанд.

Чегара пунктини қуриш лойиҳаси жиноятчилик даражасини камайтириш, наркотрафикка қарши кураш ва Афғонистоннинг Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегара ҳудудларида хавфсизликни кўтаришга қаратилган.

Бироқ чегара пунктида қурилиш тугагач, Давлати яна иш излаб сафарга чиқишига тўғри келади.

Қизлар савдоси

Бадахшонликлар экин ер камлигидан қийналишади. Шу боисдан бу ерларда ҳар бир қарич ер қадрланади. Афғон қишлоқлари ёнидан ўтаётиб, баланд тоғ этакларида тошлардан тозаланган ер участкаларини кўриш мумкин. У ерларга чиқишни тасаввур қилиш мушкул, лекин одамлар ўша баландликларда буғдой ва нўхат экишади.

Image caption Алидод Тавхик кўп болалаи оиласини боқиш учун буғдой экади.

"Мен буғдой экиб, оиламни боқаман. Ҳар йили ҳар хил ҳосил бўлади. Яшаш қийин. Менинг саккизта болам бор, ҳеч бирининг касби йўқ", дейди Алидод Тавхиқ.

Чекка тоғ қишлоқларида эрта никоҳлар кенг тарқалган. Келинчакларнинг ўртача ёши 14-15. Лекин бу ҳеч кимни ажаблантирмайди. Мураккаб иқлим шароити ва қийин ҳаёт сабаб одамлар тез қаришади. Бу ерларда она ва болалар ўлими баланд.

"Қизларимни эрга берганман. Ҳозир қизларга уч минг долларгача беришади. Кўп камбағал оилалар қизларини деярли сотишади, яъни қизларини бақувватроқ оилага беришни хоҳлашади. Мен қизимни 15 ёшда эрга берганман. Ачинарли, лекин бошқа чораси йўқ эди. Қандайдир қилиб яшаш керак", дейди Алидод.

Афғон Бадахшонининг чегараолди туманлари мамлакатнинг марказдан узилиб қолган энг чекка ҳудуди. Одамлар қаҳратон қишда азоб чекишади. Касалхоналар йўқ. "Биз тожик ҳамкасбларимиздан фуқароларимизни Тожикистонда жойлашган касалхоналарга боришларига рухсат беришни сўраймиз. Улар илтимосимизни ерда қолдиришмайди", дейди Афғонистионнинг Жомаржи Болодаги чегара полицияси комиссари Ҳакимбек Юсуфий.

Image caption Лекин чегараолди қишлоқлар ташқи денёдан деярли узилиб қолган.

Одамлар уйларини лойдан, тошдан қуришади. Электр энергия йўқ. Ўзига тўқ афғонлар ёқилғи билан ишлаб электр берадиган воситалар олиб келишади. Тожикистон бир неча йилдан буён Афғонистонга электр энергия узата бошлаган. Бироқ у ҳозирча фақат аҳоли кўп марказий ҳудудларга боради. Баланд тоғ қишлоқлари чироқ ва газсиз ҳаёт кечиради.

Бу ҳудудларни ҳаёт даражаси бирмунча баланд Тожикистондан Панж дарёси ажратиб туради холос.

Панж дарёси устига қурилган кўприклар афғонлар учун кўпгина муаммоларни ечишга умид туғдиради. Панж орқали наркотрафик кучайиши кўпларни ташвишга солса, баъзилар минтақада ижтимоий аҳвол яхшиланиши наркотик савдосига қарши курашга ёрдам беради, деган фикрда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.