Шинжонда яна бир "террор гуруҳи" қўлга олингани даъво қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Хитой Шинжонда хавфсизлик чораларини кучайтиргани айтилади

Хитой давлат матбуотига кўра, сўнгги ҳужумларга доир “террор гуруҳи” қўлга олинган.

Синхуа хабар агентлигига кўра, беш нафар гумонланувчи ҳибсга олинган, улар билан қарийб икки тонна портловчи ускуналар бўлгани айтилмоқда.

Полицияга кўра, шубҳа остидаги шахслар Шинжоннинг жанубий-ғарбидаги Ҳўтанда гавжум жойларни портлатишни режалаган бўлишган.

Бир неча кун аввал Шинжон пойтахти Урумчида рўй берган ҳужум оқибатида 39 киши қурбон бўлган эди.

Мулозимларга кўра, улар айни ҳужумга алоқадор деб кўрилган шахсни сўроқ қилишмоқда.

Тўрт нафар ҳужумчи ҳодиса рўй берган жойда қурбон бўлгани хабар қилинган эди.

Шинжон уйғурлари

Уйғурлар туркийтил мусулмонлардир

Шинжоннинг 45 фоиз аҳолиси уйғурлар

40 фоиз аҳоли эса хан хитойликлар

Хитой 1949 йилда оз муддат яшаган Шарқий Туркистон давлатини йўқ қилиб минтақада назорат ўрнатган эди

Ўшандан бери минтақага катта сонда хан хитойликлар кўчиб келган

Уйғурлар ўз маданиятлари йўқ бўлиб кетишидан хавотирда

Душанба куни Хитой расмийлари Шинжон минтақасида 20 дан ортиқ экстремистик гуруҳ ошкор қилиниб, 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинганини маълум қилишган эди.

Ўтган ҳафта Урумчи шаҳридаги бозорда 30 дан ортиқ кишининг ҳалок бўлишига олиб келган ҳужум уюштирилганди.

Минтақада охирги вақтларда тез-тез рўй бериб турган бу каби ҳужумларда Хитой расмийлари бўлгинчиларни айбламоқдалар.

Лекин ўтган ҳафта минтақадаги қишлоқлардан бирида рўй берган ҳодиса ҳақида кенг хабар берилмади.

Ола қарға қишлоғидаги мактаб раҳбарияти рўмол ўраб келган 25 га яқин қиз-аёлларни, ноқонуний равишда ушлаб турганидан сўнг норозилик рўй берган ва полициянинг йиғилганларга қарата ўқ очиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган.

Шинжонда узоқ йиллардан буён этник уйғурлар ва хитойлик ханлар ўртасида қарама-қаршиликлар давом этади.

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари уйғурларни бўлгинчиликда айблаб келади.

Хитойда мавжуд ўлим ҳукми террорчилик ҳаракатларида айбланиб ҳибсга олинган кўплаб уйғурларга нисбатан қўлланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.