Афғонистон сарҳадида туркман чегарачилари ўлдирилган

Туркманистоннинг Афғонистон билан чегара ҳудудида уч нафар туркман чегара қўриқчилари номаълум қуролли шахслар томонидан отиб ўлдирилган.

Дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан ҳисобланган Туркманистон чегарасида юз берган ҳодиса орадан уч кун ўтиб маълум бўлмоқда.

24 майда содир бўлган бу воқеа ҳақида Қундуз полициясига иқтибосан Афғонистондаги Би-би-си мухбири Мубин Ғофурий хабар бермоқда.

Ҳодиса ҳақида Туркманистон томони ҳам Афғонистон ҳукумати мухолиф гуруҳлари ҳам бирор изоҳ билдирмаган.

Бодғиз вилоятидан етиб келган хабарларга кўра, қуролли кучлар Боломмурғон улусининг Хўжагурдин минтақасида чегарага ўрнатилган тиканли симларни кесиб ўтиб, Туркманистоннинг чегара қўриқчи қароргоҳига ҳужум уюштириб, учта туркман аскарини отиб ўлдирган.

Ўз исмини айтмаган Бодғиз вилояти расмийларидан бирига кўра, қуролли кишилар чегарачиларни ўлдирганидан кейин уч Калашников автоматини ҳам ўзлари билан олиб кетганлар.

Бундан бир неча ой олдин ҳам қуролли Афғон Толибони Туркманистоннинг уч чегара қўриқчиларини айни шундай бир ҳужумда отиб ўлдирганди.

Image caption Аскарлари чегарада ўлдирилгани ҳақида Туркманистон хабар бермаган.

Туркманистон республикаси Афғонистон билан 219 чақирим қўшма чегарага эга. Унинг катта қисми Бодғиз вилоятида жойлашган.

Айни пайтда мамлакатнинг шимолий-шарқий Қундуз вилояти хавфсизлик масъулларига кўра, куни кеча махсус хизмат ходимлари томонидан Толибонга тегишли олти киши қўлга олинган.

Қундуз вилоятининг полиция бошлиғи Ғулом Мустафо Муҳсиний матбуот йиғини орқали қўлга олинган шахсларнинг полиция зобитларини террор этиш учун масъулиятлари борлигини айтиб, улар бир йилдан бери бу борада Қундуз марказида фаолият юритишган ва бир неча зобитни ўлдирганларини маълум қилди.

"Улар текширилганда ёнларидан қурол ҳам чиқди. Бу гуруҳ полиция тарбиялаш идорасидаги ўқитувчини Седарак минтақасида ўлдирган, бундан бошқа бир неча зобитларни ҳам отганлар. Гуруҳ қўлга олиниши куни ҳам бир террористик амални бажаришни режалаштирган бўлган. Ўз вақтида улар ушланди", дейди Қундуз вилояти полиция бошлиғи Муҳсиний жаноблари.

Шунингдек, унинг айтишича, қўлга олинган шахслар ўз жиноятларини тан олган. Хусусан полиция тарбиялаш марказидаги ўқитувчилардан бирини 11 ёшли боласи билан ўзи ва шериги бирга ўлдирганларини айтган.

"Ўртоғим қўлидаги қуроли билан толибоннинг буйруғи асосида бир неча зобитларни ўлдирди. Аммо ҳозир ҳукуматдан талаб қиламизки, бизни авф этсин", дейди террористик гуруҳ аъзоларидан бири полиция сўровида.

"Мен Толибон буйруғи билан полис зобитларини ўлдирар эдим. Биз бу гуноҳни қилганимизни тан оламиз. Лекин бу ишни бажаришдан хурсанд эмасмиз", дейди жангарилардан бири.

Айтилишича, бу террористик гуруҳ Толибонга нисбат берилади. Лекин Толибон гуруҳи шу пайтгача қўлга олинган шахслар ҳақида бирор бир муносабат билдирмаган.

Шимолий-шарқий Қундуз вилояти мамлакатнинг анча нотинч вилоятларидан саналиб, хусусан Толибон гуруҳи ўз фаолиятини бу вилоятнинг турли ҳудудларида ортиб бормоқда. Аҳоли эса бу ҳолатдан жиддий ташвиш билдиради.

Лекин хавфсизлик кучлари Қундузда жангариларнинг ҳужумларини олдини олиш учун уларга қарши ҳарбий амалиётларни йўлга қўйганини маълум қилиб, ҳозиргача Толибонга пухта зарар етказилганини иддао қилади.

2014 йил охирида Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқилгач, Толибон фаол минтақалардаги хавфсизлик масаласи кўпчиликни хавотирга солади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.