Остонада Овросиё Иттифоқига доир битим имзоланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путин СССРни қайта тиклашга уринаётганини рад этади

Россия, Беларус ва Қозоғистон раҳбарлари Остонада уч давлат ўртасидаги иқтисодий иттифоқни тузишга доир битимни имзолаганлар.

Москва Овросиё иқтисодий иттифоқи ягона бозор яратиш ва иштирокчи давлатларнинг иқтисодий сиёсатларини бирлаштиришга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.

Иттифоққа қарши чиқаётганлар Кремл СССРни қайта тиклашга уринаётганини айтишади.

Битим келаси йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради.

Остонадаги битимни имзолаш маросими арафасида Олма-ота шаҳрида Овросиё иттифоқига қарши йирик анжуман бўлиб ўтган.

500 га яқин фуқаро ва экспертлар Россия бошчилигидаги Иттифоқ Қозоғистон учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиришини таъкидлашган.

Қозоғистон ижтимоий тармоқларида Овросиё иқтисодий иттифоқига қарши норозилик амаллари ўтказилган.

Таҳлилчилар катта сондаги русийзабон аҳолига эга Қозоғистон Украинадаги воқеаларни хавотир билан кузатаётганини айтишади.

Шу ой бошида Минскда ўтган саммитда Қозоғистон ва Беларус раҳбарлари- Назарбоев ва Лукашенко иттифоқни тузишга доир битимнинг камчиликлари ҳақида гапиришган, аммо Президент Путин Остонадаги учрашувда битимнинг имзоланишига ишончи комил эканини айтганди.

'Улкан воқеа'

Остонадаги анжуманда гапирган Россия Президенти Владимир Путин Овросиё иқтисодий иттифоқини тузишга доир битимнинг имзоланишини "улкан аҳамиятга эга" воқеа, деб таърифлаган.

"Бизнинг бугунги учрашувимиз, ҳеч бир муболағасиз ва шубҳасиз, улкан аҳамиятга эга. Россия, Беларус ва Қозоғистон Овросиё иқтисодий иттифоқига доир битимни имзоламоқда. Ушбу ҳужжат бизнинг давлатларимизни ўз суверенитетларини тўла сақлаб қолган ҳолда ўзаро интеграциянинг янги босқичига олиб чиқади", - деб айтган жаноб Путин.

Россия раҳбари уч давлат "170 миллион инсонни бирлаштирган йирик минтақавий бозор ва қудратли ҳамда жозибали иқтисодий тараққиёт марказини яратаётгани"ни таъкидлаган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Овросиё иттифоқини "Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк" деб атаган.

Унга кўра, имзоланган ҳужжат "барча давлатларнинг манфаатларини акс эттиради".

Остонадаги маросим арафасида Беларус Президенти Александр Лукашенко Овросиё иқтисодий иттифоқини тузишга доир битим "Беларус умид қилган ва иштирокчилар аввал-бошда муҳокама қилган ҳужжат эмас"лигини айтган.

"Биз имзолашимиз мумкин бўлган ҳужжат бир маънода муросадир", деб айтган жаноб Лукашенко чоршанба куни Минскда ўтган ҳукумат йиғилишида.

Аввалроқ у Минск шартноманинг имзоланишига тўсқинлик қилмаслигини билдирганди.

Жаноб Лукашенконинг ушбу баёноти Россия Беларусга 2 миллиард долларлик кредит беришини эълон қилиши ортидан янграган.

Сиёсий эмас

2011 йилда учинчи муддатга Кремлга қайтган Президент Путин Овросиё иттифоқини янги президентлик муддатининг устивор вазифаси, деб эълон қилган эди.

Аммо шу йил бошида Путиннинг Украинани ўз томонига оғдириш ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраган.

Таҳлилчиларга кўра, жаноб Путин Овросиё иттифоқи билан тарихда ном қолдиришни истайди, аммо Путиннинг ўзи янги тузилма сиёсий иттифоқ эмаслигини урғулаб келади.

Россия Қозоғистоннинг бошқа қўшниларини ҳам иқтисодий иттифоққа қўшилишга чақирган.

Қирғизистон бу борадаги музокараларни аллақачон бошлаб юборган.

Ўзбекистон эса биринчилардан бўлиб бу ғояни рад этган.

Президент Каримов собиқ Совет Иттифоқининг қулашини "табиий ва қонуний жараён" деб атаган.

У интеграция ғоялари тобора сиёсий тус олаётганини урғулаб, уларга эҳтиёткорлик билан ёндошишга чақирган.

Овросиё иттифоқини қўллаб-қувватлаган ва ушбу ғоя муаллифи Президент Назарбоев эканини айтган Қозоғистон ҳам кейинроқ сиёсий бирлик ғоясига қарши чиққан.

"Шахсан менинг ташаббусим билан амалга оширилаётган Овросиё интеграцияси ҳеч қачон қандайдир сиёсий иттифоқлар, айниқса, аллақачон ҳамманинг эсидан чиқиб кетган собиқ Советлар Иттифоқини қайта тиклашга қаратилмайди", - деб айтган Президент Назарбоев.

Янги битим 2010 йилда Божхона Иттифоқини тузган уч давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириши кутилади.

Шартнома уч давлат ўртасида маҳсулот, хизматлар, сармоя ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини кафолатлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.