Янги Иқтисодий Иттифоқдан кимга қандай наф бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Янги Иқтисодий иттифоқ раҳбарлари

Қозоғистон, Россия ва Белорус ўртасида Божхона Иттифоқи бир мунча муддатдан бери амал қилиб келмоқда эди. Эндиликда Иқтисодий Иттифоқ чуқурроқ ва кенгроқ иқтисодий интеграцияни назар тутиши давъо қилинар экан, бу минтақа учун нимани англатади? Чуқур ва ё яқинроқ иқтисодий алоқалар нималарни ўз ичига олади? Минтақа масалалари бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллис билан суҳбат.

Жоанна Лиллис: Остонада бугун ташкил этилган ташкилот унга аъзо давлатлар, Россия, Қозоғистон ва Белорус, шунингдек, кейинчалик аъзо бўлиб киришга номзод давлатлар Қирғизистон ва Арманистон иқтисодларининг анчайин чуқурроқ интеграциясини назарда тутади. Демакки, биз иқтисодий соҳада яна ҳам яқин ҳамкорликни кутишимиз мумкин бўлади.

Би-би-си: Лекин бу чуқурроқ ва кенгроқ интеграция нималарни ўз ичига олади, бунинг тафсилотлари борми?

Жоанна Лиллис: Бугун имзоланган битим ва ташкил этилган ташкилотнинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, у нималарни ўз ичига олишини биз билмаймиз. Бу тафсилотлар очиқланмаган. Имзоланган битимнинг ниҳоий нусхаси оммага шкор этилмаган. Ана шу жиҳатдан ҳам бу битим қарама-қарши фикрларни уйғотмоқда. Бугун имзолаш маросимидан сўнг сўзлаган президентлар кенгроқ иқтисодий ҳамкорлик ва халқлар учун кўплаб фойда бўлиши ҳақида гапирдилар. 170 миллион киши учун яратилаётган улкан бозор тилга олинди. Лекин айтганимдек бу чуқурроқ ҳамкорликнинг қирралари ва тафсилотлари, нималардан иборат бўлиши ҳақида ҳеч нима айтилмади.

Би-би-си: Бу тафсилотлар ошкор этилмаётгани сабаби нима бўлиши мумкин?

Жоанна Лиллис: Факт шуки, битим шартлари ҳақида музокаралар имзолаш маросимидан аввал охирги дақиқаларга қадар давом этди. Ташкилот асосчилари ҳисобланган уч президент ўртасида ташкилотнинг шакли ва Овросиё иқтисодий Уюшмасининг шакли ҳақида келишмовчиликлар охирги дақиқаларга қадар бўй кўрсатиб турди...Масалан, айниқса Қозоғистонда Россиянинг ташкилотдаги эҳтимолий устуворлиги борасида анчайин хавотирлар бор эди. Албатта Россиянинг иқтисоди энг улкани бўлибгина қолмай, сиёсий жиҳатдан ҳам энг қудратли давлатдир. Ҳатто минтақавий интеграцион жараёнларнинг қўлловчиси бўлган ва Овроосиё уюшмаси ғоясини 20 йил аввал илгари сурган президент Назарбоев ҳам, анчайин эҳтиёткор шаклда бўлса ҳам сиёсий устуворлик ҳақидаги ўз хавотирларини изҳор этиб келди. Бу мутлақо иқтисодий бирлашма эканлигини қайта-қайта уқтирди. Лекин минтақа таҳлилчиларининг аксари бу каби ташкилотлар сиёсий жиҳатга ҳам албатта эга бўлишини айтиб келадилар. Бу ташкилотга қарши Қозоғистонда, кичик бўлса ҳам овози анчайин баралла янграган қатлам бор.

Би-би-си: Минтақадаги бошқа давлатларниннг бу Иттифоққа муносабати қандай ?

Жоанна Лиллис: Қирғизистон Иттифоққа кириш учун расман номзод. Арманистон ҳам шу мавқеда, лекин Ереваннинг аъзо бўлиб кириш жараёни Қирғизистонникига қраганда анчайин тезроқ силжимоқда. Остонада бугун Қирғизистон президенти ҳам бор эди ва у аъзо бўлиб кириш ҳаракатларини давом эттириш истагини изҳор этган. Келаси йил январ ойидан бошлаб Иттифоқ кучга кирган вақти улар ҳам тўлиқ аъзо бўлишга ҳаракат қилаётганларини билдирди. Лекин бунга эриша оладиларми йўқми номаълум, ҳали анчайин ишлар қилиниши керак. Тожикистон сўзда аъзо бўлиб киришга қизиқиш изҳор этган, лекин ҳозирча расман номзод мамлакат эмас. Лекин Қирғизистонда ҳам бунга қарши овозлар бор, иқтисоди анчайин кичкина бўлган мамлакатда айниқса тужжорлар уларнинг бизнесига зарар етишидан хавотирдалар. Тожикистон рамсийлари Қирғизистон тажрибасини яқиндан кузатишлари ва шундан келиб чиқиб ўз имкониятларини кўриб чиқишларини айтишган.

Би-би-си: Остонада президентлар Иттифоқ битимини имзолаётган эканлар, айни вақтда Ўзбекистон анчайин узоқроқ жойлашган Латвия билан иқтисодий ҳамкорлик жиҳатларини кўриб чиқиб, бутунлай ўзга йўналишга кўз тутмоқда, шундайми?

Ҳа,Ўзбекистон Овросиё Иттифоқига аъзо бўлиб кириш истагини расмий даражада изҳор этмаган. Тошкент Россия бошчилигидаги интеграцион жараёнларга ҳамиша ишончсизлик билан қараб келган. Шунинг учун яқин орада Ўзбекистоннинг бу Иттифоққа аъзо бўлиб кириш эҳтимолини кўрамиз, деб ўйламайман. Албатта, айтиб ўтганимдек, бу хавотирлар минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам бор. Лекин бошқа мамлакатлар Россия билан ҳамкорликнинг фойдали томонларини ҳам кўрган ва ё бир маънода қочиб қутулиб бўлмайдиган нарса сифатида кўраётган бўлишлари ҳам мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ