Муҳожирлар учун янги қонун лойиҳасининг нима аҳамияти бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия ҳукумати Давлат думасининг мамлакатга кириш визаси талаб қилинмайдиган муҳожирларга ишлашга рухсат, уларнинг миграцион картасида "Россияга ташрифдан мақсад- иш" деб кўрсатганидан кейин берилиши тартиби ҳақидаги қонун лойиҳасини қувватлаган.

Бу ҳақда Россия Вазирлар маҳкамаси расмий сайтида ҳам қайд этилган.

"Россия Федерациясида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мавқеи" федерал қонунига ўзгартиришлар Думага феврал ойида "Единая Россия" партияси депутатлари Ирина Яровая, Александр Хинштейн ва Игор Руденский томонидан киритилган.

Қонун лойиҳаси муаллифлари уни қабул қилиниши Россияга ишлашга келувчиларни назорат қилиш имконини беради деган фикрда. Уларга кўра, бу Россиядаги миграция вазиятини кўпроқ ойдинлаштиради.

Айни пайтда Россияга визасиз кириб келадиган хорижликлар, жумладан Марказий Осиё фуқаролари миграция ҳужжатида Россияга ишлашга келганини кўрсатмасдан ҳам ишлашга рухсат сўраб мурожаат қила олади.

Депутатлар бу ҳол Россияда ноқонуний муҳожирлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетаётганига ҳам сабаб деб кўрсатишади.

Москвада "Қонун ва муҳожирлар" марказининг раҳбари Юлдуз Отаниёзова Дума таклиф қилаётган қонун лойиҳаси меҳнат муҳожирларига қонун томонидан яхши эканлигини айтади.

"Кўп муҳожирлар миграцион картани тўлдирилаётганда тушунмасдан қариндошини кўргани келгани ёки туризм, деб кўрсатадида, бу ерда иш қидиради. Ишлаб юрганларнинг ҳужжатларига қаралса, мақсади туризм деб ёзилган бўлади. Айтиладиган қонун кучга кирса, ишлашга келгани ёзилган муҳожирлар белгиланган 90 кун тугагач, чиқиб кетмайди балки қолиб ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Биз бу қонун билан бирга патент нархлари ва муҳожирларни ётоқхона билан таъминлаш кераклигини ҳам Муҳожирлик хизматига олиб чиққанмиз. Қонун лойиҳасига шу шартлар ҳам киритилиши керак эди. Лекин кейинги Украина воқеалари сабаб, миграция масалаларига эътибор бироз четда қолди ва бизнинг таклифимиз амалга ошмади. Биз бу масалада яна ишлаяпмиз ҳозир. Ҳар бир муҳожир хорижий давлатга кириш олди ёлғон гапирмасдан, нимага келганини аниқ ёзса, ўзига кейинчалик муаммо туғилмайди", дейди ҳуқуқшунос Юлдуз Отаниёзова.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.