Бадавлат Туркманистон фуқаролари Туркияда нима қилишади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Туркияда бадавлат оилаларда хизмат қилаётган марказий осиёликлар ҳақида аниқ рақамлар йўқ

"Соат 6:00да тураман. Болаларни мактабга юбораман. Кейин хонимимнинг нонуштасини ҳозирлайман. Шундан сўнг, уйни тозалашни бошлайман", дейди Ғунча кундалик иш тартиби ҳақида сўзларкан.

У мен билан сўзлаша туриб, уй ойналарни тозалайди, кирларни осади. Ошхонани тартибга солади.

"Уйда ўғлим, эрим, қайнона-қайнотам қолган. Икки йил бўлди, ўғлимни кўрмадим. Ўзим бу ерда бошқа бировнинг боласига қарайман..."

Ғунча Туркманистонда давлат ишхоналаридан бирида ишлагани, кейин қисқартиришга тушиб, уйда қолгани ҳақида ҳасрат қилади.

"Эрим олади ойлик, долларга ўгирсангиз, 250-300 бўлади, бу рўзғорни тебратишга етмайди", дейди у.

"Бу ерда 700 доллар маош оламан, уни оиламга жўнатаман, бу ердаги харажатларимни мен ишлаётган уй соҳиблари кўтаришади. Ҳозиргача ишлаган пулимга бир машина сотиб олдик. Энди уйимизни таъмир қилишимиз керак. Шундан сўнг, етар, кетаман".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Туркманистонда газга, сувга, электрга тўламаймиз. Шунда ҳам етмайди", дейди Ғунча

"Ҳозир эрим уйдан узоқда ишлайди. Боламизга қайнонам қарайди", дея қўшимча қилади Ғунча.

У мени каттагина, иккита ётоқ, шкаф, телевизор ва бошқа зарурий жиҳозлар билан ясатилган хонага бошлайди.

"Мана менинг ётоқхонам, оқшом 9:00да бўшайман, бу ерда кечалари дазмол қиламан. Ишлар битгач, телевизор кўриб, дам оламан", дейди у.

"Қанийди бизда ҳам иш бўлсайди", дея хўрсинади Ғунча. " Ватанда бирон бир оғайнимиз тўй қилса, 20-40 ёш оралиғида ҳеч ким йўқмиш. Кучи етган киши ишга бу ерга келади. Туркияда ҳар уйдан энг йўқ деганда 2-3 киши бор... Ёши тўлмаган болаларни бировларга бериб ишлаётган ёш оилалар-да бор... Негадир биз томондан Россияга кўплар боришмайди. Туркияда мусулмон кўп бўлгани учунми, оғайни-оғайни бўлиб ишлашади. Бир кун ишдан озод кунимизда бир-биримиз билан учрашамиз, бирга овқатланамиз, у ёқ бу ёққа борамиз...Энди яхши ишлаб юрганлар ҳам, иш топа олмай сарсон юрганлар ҳам бор."

"Туркманистонда газга, сувга, электрга тўламаймиз. Шунда ҳам етмайди. Энди, масалан, 300 доллар, биз учун нормал - емак учун, бошқа учун. Аммо, ундан ортиғига етмайди".

Ғунча турмуш ўртоғи 5 йил олийгоҳда таҳсил олгани, бироқ мутахассислиги бўйича иш тополмагани, ҳозир қора иш қилишини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Туркманистонда ҳам иш бўлса эди..."

"Ўзим ҳам мутахассислигим бўйича иш топа олганим йўқ. Майли, ўз ишимни қилмай, бошқа бирон иш қилай, десам ҳам ҳеч йўқ. Туркманистонда иш бўлса эди, бу ерларга келармидим".

"Бу ерда менга энг қийини - боламни, оиламни соғинаман. Соғинган пайтим, бир дақиқа ҳам кечмаётгандек туюлади, ҳеч ўтмайди".

Ғунча кетаман деган ният билан анчадан бери Истанбулда қолиб кетган ўн минглаб марказий осиёлик муҳожирларнинг бири...

Кузатувчиларга кўра, бу сон йилдан йилга ортиб бормоқда.

Таҳририятдан: Хавфсизлик хавотирлари боис, Ғунча билан тайёрланган видеолавҳани нашр эта олмадик. Қаҳрамоннинг исми ҳам ўзгартирилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ