"Қонундаги ўғри" Қамчибек Кўлбоев озодликка чиқиши мумкин

Қамчибек Кўлбоев камоқда сақланган вақтнинг ҳар бир куни маҳкама белгилаган муддатнинг икки кунига тенг бўлганидан, у яқин келажакда озодликка чиқиши кутилмоқда.

АҚШ Қирғизистон фуқароси Қамчибек Кўлбоевнинг жиноий гуруҳи молия билан таъминланишини тўхтатадиган маълумот учун бир миллион доллар миқдорида мукофот эълон қилди. Мазкур баёнот уч йиллик муддатга ҳукм қилинган Қамчибек Кўлбоевни яқинда озодликка чиқиши билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли бор.

Қирғизистон ҳукумати АҚШнинг ушбу эълонига жавоб беришга шошилмаган. Ички ишлар вазирлиги яқин кунларда Кўлбоевнинг жиноий ишига боғлиқ баёнот тарқатишга ваъда берган.

"Коля-қирғиз"

Қирқ ёшдаги, жиноий доирада "Коля-қирғиз" деган лақаб остида маълум бўлган Қамчибек Кўлбоевга Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари "инсон ўғирлаш, жиноий ташкилот уюштириш, қуролни ноқонуний олиб юриш, гиёхванд моддалар савдоси, хокимият вакилларига қарата куч қўллаш" каби турли айбловлар қўйган.

Қирғизистон ҳукуматининг Интерпол ташкилоти орқали Кўлбоевни халқаро қидирувга бериши орқасидан у 2012 йилнинг охирида Дубайда қўлга туширилган ва ватанига қайтарилган. Баъзи манбалар эса Кўлбоев давлатга ўз ихтиёри билан келганлигини айтади.

2013 йилнинг апрел ойида бошланган биринчи маҳкама йиғинида қоралов томонининг билдиришича, Қамчи Кўлбоев жиноий доирада "қонундаги ўғри" деган норасмий "мақом"га эга бўлган ва жуда оғир жиноятлар қилиб, шу орқали ноқонуний йўл билан бой бўлиш максадида жиноий ташкилот уюштирган.

Маҳкама жараёнида эълон қилинган тергов хужжатларига мувофиқ, Кўлбоев ноқонуний йўл билан йиғиб олган пулларни сақлаш учун икки қисмдан иборат бюджет тузган. Улардан бири ўғрилардан келиб тушган молиявий хазина бўлган, иккинчиси эса "қонундаги ўғри"ларнинг хусусий эхтиёжларини қониқтириш учун ташкил этилган.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари Кўлбоевга қўйган айбловларнинг барчасини исботлашга қурби етмаган. Деярли барча гувоҳлар ва жабрланганлар Кўлбоевга қарши гувоҳлик беришдан воз кечишган. Оқибатда маҳкама олдинроқ Кўлбоевга қўйилган айбловларнинг аксарияти буйича уни октябр ойида оқлаган ва фақат "пўписа қилиб, пул ундириш" айблови бўйича айбдор дея тан олиб, Кўлбоевни беш йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилган. Кейин эса Бишкек шаҳар маҳкамаси мазкур ҳукмни кўриб чиқиб, жазо муддатини уч йилгача қисқартирган.

Шу йилнинг 14 май куни Қирғизистон Олий Маҳкамаси шаҳар маҳкамасининг ҳукмини кучида қолдирди. Яъни, Қамчи Кўлбоев уч йиллик муддатни тартиб-интизоми кучайтирилган қамоқхонада ўташга ҳукм этилган. Лекин Қамчибек Кўлбоев маҳкама бошланишидан олдин қамоқда сақланган вақтнинг ҳар бир куни маҳкама белгилаган муддатнинг икки кунига баравар бўлганликдан, у шу кунларда озодликка чиқиб қолиши мумкин.

Маҳкама идораларининг айбланувчини озодликка чикишга имкон берган қарорларининг қонунийлиги кўплаб норозиликларларни пайдо қилмокда. Энг аввало Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти маҳкама идорасини у уюшган жиноий гуруҳ раҳбарига ён босиб қарор чиқарган, дея кескин танқид қилмоқда.

Яқин шериклар

Ички ишлар вазирлиги Қамчи Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳидаги энг яқин шериклари сифатида Адилет Қасенов, Алмамбет Анапиёев исмларини атаб келади. Адилет Қасенов Қамчи Кўлбоевдан олдинроқ қўлга туширилиб, саккиз йилга кесилганди. Анапиёев эса айни пайтда хорижда ва у қидирувга берилган. Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга карши курашиш бошқармасининг собиқ бошлиғи, айни дамда ички ишлар вазирининг ўринбосари Қалибек Сотиволдиев мазкур шахслар уюшган жиноий гуруҳ эканлиги хақида айтади.

Қамчибек Кўлбоев Қирғизистон республикаси Жиноят кодексининг "Одам ўлдириш, қурол-яроғ савдоси, қуролни ноқонуний ҳолда олиб юриш» моддалари бўйича биринчи марта 2000 йилда айбланиб, 25 йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилинган. У етти йилини ўтагандан сўнг, амнистия орқали жазо вақти қисқартирилган ҳамда 2008 йилда Кўлбоев озодликка чиққан.

"Нашавандий шоҳ"ларнинг халқаро рўйхатида

2012 йилда АҚШ президенти Барак Обама Қамчи Кўлбоевни дунёда гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор энг йирик ноқонуний фаолларнинг "қора рўйхати"га киритилганлиги тўғрисида Конгрессда билдирган.

Шу билан бирга, АҚШ Молия вазирлиги "Биродарлар давраси" деб аталмиш халқаро жиноий гуруҳга аъзоликда гумон қилинган бир қатор шахслар орасида Қамчи Кўлбоев ҳам бор лиги ҳақида маълумот тарқатган ва уларнинг банклардаги хисоб-китобларини музлатилганини эълон қилган.

АҚШ Молия вазирлигининг расмий Интернет саҳифасида жойлаштирилган маълумотга биноан, "Биродарлар давраси"га асли Овросиёдан, собиқ Иттифоқ республикаларидан чиққан жиноий доира бошлиқлари раҳбарлик қилмоқда. Қамчибек Кўлбоев ушбу рўйхатнинг олдинги қаторларидан ўрин олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ