Постсовет Қирғизистонида руҳий даволанишнинг туғилиши

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Менинг Бишкекдаги 2011-2013 йиллар оралиғида ўтказган антропологик тадқиқотим одамларнинг соғлиқни тиклаш йўллари ва танловлари ҳамда касалликдан сақланиш усулларига қаратилган.

Шаҳарликларнинг кўп усуллар орасидан танлаш имкониятлари мавжуд, булар давлат ва хусусий тиббий клиникалардан тортиб, биомедицинанинг халқ табобатига асосланган игна санчиб ёки зулук қўйиб даволаш усуллари кабиларидир. Бундан ташқари, турфа хил уй маросимлари одатдаги каби биринчи ёрдам вазифасини ўтайди.

Совет Иттифоқининг тарқалишидан кейин "анъанавий" Қирғиз руҳий даволаш усуллари кенг тарқалганини кузатиш мумкин. Улар эътиқодга ва руҳларнинг иштирокига асосланади, ота-боболар руҳлари, хусусан нафақат табибларга ёрдам беради, балки даволаш вазифасини ҳам бажаради. Бундай табобат ўзида анъанавий томонларни сақлаб қолган, асосий эътибор шунга қаратиладики, "касаллик қўзғовчи" сифатида маълум руҳлар ўзларининг қобилиятларини тақдим қилиш учун бўлғуси табибни танлайдилар. Шуни таъкидлаш керакки, тиббий сеанслар исломдан олдин мавжуд бўлган одатдан ташқари, исломий дуо ва бошқа ритуаллардан иборат.

Бундан ташқари, ушбу тажрибада ҳар хил янги метод ва технологиялар қўлланилади, жумладан экстрасенсор даволаш деб аталадиган усулда ишлатиладиган "биоэнергетика" тушунчасига асосланади.

Бу ўз ўрнида қўшимча терапия бўлиб, 1980 йилларда Совет Иттифоқида жуда машҳур бўлган ва ҳозиргача кенг фойдаланилади. Мен учрашган табиб, анъанавий усулларни ва ари заҳри билан даволашни биргаликда қўллайди. Табиблар кўпинча соғлиқ билан муаммоларни даволабгина қолмай, бошқа ташвишлар, бизнесни юритиш, оилавий можароларни ечиш кабилар билан ҳам шуғулланишади.

Қабристонда, авлиёлар ва аждодлар қабри ёки бошқа зиёратгоҳ жойларда кўпинча ёлғиз дарахтлар, ноодатий тошларни кўриш мумкин. Ёки соғайиш учун баҳор мавсумини танлаш тикланиш, соғайиш жараёнининг муҳим қисми ҳисобланади. Бу ерларда даволаш қудратли руҳларнинг ташрифи юзасидан янада кўпроқ таъсирга эга ҳисобланади ва табиб ёрдамчилари уларнинг ёрдамини олишга кўмаклашади. Бундан ташқари қабрларни зиёрат қилиш руҳий даволашнинг таркибий бўлаги саналади. Айни пайтда "проваслав" насронийлик ёки соф ислом тарафдорлари амалиётда руҳий даволанишдан фойдаланишни қатъий рад қилсада, Қирғизистон ва Қозоғистонда кўпчилик авлиёлар қабрларини зиёрат қилиш ва марҳумларга сиғинишни мусулмончиликнинг, айни пайтда қирғизчилик ва қозоқчиликнинг таркибий қисми деб биладилар.

Қирғизистонда бундан олдин мен Қозоғистонда кузатганим руҳий даволанишнинг уйғониши асосий сабаблари нимада?

1990 йилларда ўз миллати маданиятини қайта тиклашга ҳаракат таъсири остида Марказий Осиёдаги янги мустақил давлатларда бундай уйғониш табиий эди.

Халқ табобати, хусусан руҳий даволашга халқ анъаналарининг, маданий мероснинг қимматли бир бўлаги деб муносабатда бўлинган. Постсовет республикаларида соғлиқни сақлаш тизимининг кескин ёмонлашуви анъанавий даволаш усулларига мурожаат қилишни уйғотди. Натижада бу усуллар расман тан олинди ва табиблар Бишкекдаги "Бейиш" халқ табобати марказида малака ошириш жараёнидан ўтишди. Бироқ бу жараён охирги ўн йилликда эътибордан қолиб, ўз-ўзидан ҳукумат ва тиббий муассасаларнинг халқ табобатига муносабати доимо ўзгариб борганини кўрсатади. Табиблар ишлаш ва эркин рақобат қилишса ҳам, собиқ "Бейиш"ни қайта тиклаш учун энди расман дастаклов зарур.

Шу билан бирга, бу вазият руҳий даволашнинг машҳурлигини камайтирмайди. Мен билан гаплашган оддий одамлар ҳам тиббиёт мулозимлари ҳам 1990 йиллар билан солиштирганда охирги пайтларда табибларга қизиқиш анча ошганини айтишади.

Табибларнинг кўплари Бишкекда, турли туманларда ишлашади. Баъзан уларни газеталардаги эълонлар орқали топишади, лекин кўп ҳолларда интернетдан, ҳамда қариндошлар ва дўстлар орқали хабар топиб учрашишади. Мижозлар орасида нафақат Қирғизистондан, балки бошқа миллат вакиллари, жумладан руслар ҳам бор. Шуни таъкидлаш керакки, баъзи нуфузли табиблар мамлакатнинг чекка ҳудудларидан ҳам одамларни ўзларига жалб қилишади.

Менинг тадқиқотим шуни кўрсатадики, тиббий ходимларнинг малакаси ва ахлоқий меъёрларига ишончсизлик руҳий табибларнинг халқ орасида машҳурлигининг асосий сабабларидан биридир. Халқ орасида кенг тарқалган фикрга кўра, "ҳамма яхши врачлар ўтиб кетишди ёки мамлакатни тарк этишди". Аслида, врачларнинг етишмаслиги Қозоғистон ва Россияга оммавий чиқиб кетиш билан изоҳланади. Мамлакатдаги эпидимиологик вазият кўп соҳаларда ҳамон мураккаб ва коррупция энг кўп тарқалган ҳолатлардан бири. Ислоҳотлар ўтказилаётганига қарамасдан соғлиқни сақлаш тизими аҳволи ҳавас қиладиган эмас. Бу албатта, руҳий даволашни қайта уйғонишига туртки бўлсада, у кенг миқёсда олганда, миллий анъаналарга ортиқча баҳо сифатида қаралиши керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ