Роҳат Алиевнинг ҳибсга олингани Остонада қандай кутиб олинди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Роҳат Алиев 2008 йилга қадар Қозоғистон президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг турмуш ўртоғи эди.

азарбоева хоним иқтидордаги Нур Отан партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари ва отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилади.

оҳат Алиев Президент Назарбоев Қозоғистонни хусусийлаштириб олганини даъво қилган ва интернетда президент оиласини фош этувчи материлларни эълон қилиб келган.

Президент Назарбоев Австрияни Рохат Алиевни топширмагани учун шахсан танқид қилган эди.

Хўш, собиқ куёвнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар Остонада қандай кутиб олинган. Бу ҳақда Олма-Отадаги Би-би-си журналисти Динмуҳаммад Каликулов гапирди.

Динмуҳаммад Каликулов: Аввало шуни айтмоқчи эдимки, оммавий ахборот воситаларида қувғиндаги, Қозоғистоннинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиевнинг ҳибсга олиниши ҳақида хабар чиқиши очиқ осмонда момақалдироқ гумбурлагандек бўлди. Ҳеч ким бу қачондир содир бўлишини кутмаганди. Лекин қайд этиш керакки, бу борада ҳукумат томонидан ҳеч қандай расмий муносабат билдирилгани йўқ. Балки бу хабар яқиндагина пайдо бўлгани билан боғлиқдир. Лекин одатда Қозоғистон Ташқи Ишлар вазирлиги, прокуратура, умуман расмий идоралар Роҳат Алиевнинг иши бўйича бир неча марта изоҳ берганлар. Ўйлайманки, яқин вақтда қандайдир муносабат ёки чиқиш бўлади ва расмийлар бу борада нимадир дейишади. Умуман олганда, ҳозир Қозоғистонда Роҳат Алиевни ҳибсга олинишини қизғин муҳокама қилишмоқда. Кўпчилик ишонмаяпти. Аксарият бу нимадан келиб чиққанини ўзича башорат қиляпти. Нима учун у бирданига ўзини топширишга қарор қилди? Оммавий ахборот воситалари Алиев ўз ихтиёри билан борганини ёзмоқда. Шу ҳолатда у нима қилиши мумкинлиги тахмин қилиняпти. Чунки Роҳат Алиев кўп маротаба ўзида Қозоғистоннинг кўплаб юқори лавозимли мулозимлари ҳақида далил ва маълумотлар борлигини айтган. Ва сир эмас, Роҳат Алиевнинг ўзи кўп йиллар юқори лавозимларни, бу Миллий хавфсизлик хизматидан тортиб мамлакатнинг Австриядаги элчисигача вазифаларни бажарган. Шунинг учун ҳақиқатдан унинг қўлида ошкор қилиниши хоҳланмайдиган муҳим маълумотлар бўлиши мумкин.

Би-би-си: Роҳат Алиевни Қозоғистонда қандай эслашади?

Динмуҳаммад Каликулов: Роҳат Алиев жуда ўзига хос шахс ва уни шунчаки эсдан чиқариш осон эмас деб ўйлайман. Ўз вақтида у юқори лавозимларни эгаллагани боис, ҳаммага таниқли эди. Шунингдек, Қозоғистондаги йирик медиакомпанияга эгалик қиларди. Шунинг учун унинг исми ҳар доим оғизда эди. Айниқса, жанжалли воқеа- икки банкирни ўлдирилиши билан уни жуда кўп муҳокама қилишганди. Ўйлайман, кўпчилик у ҳақидаги янгиликларни ҳам кузатиб боришган. Бундай янгиликлар деярли ҳар ҳафта пайдо бўлар эди. Роҳат Алиев тез тез оммавий ахборот воситаларида қандайдир мурожаатлар билан чиқар, кейин яна қисқа муддатга кўздан йўқолар эди.

Би-би-си: Қозоғистон сиёсий ҳаётида Роҳат Алиев қандай рол ўйнаган дейиш мумкин?

Динмуҳаммад Каликулов: Айтишимиз мумкинки, уни давлат тўнтаришига, ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айблашганини инобатга олсак, у сиёсий ҳаётда ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнаган. Ҳокимиятнинг юқори қисмларида унинг қўлида жиддий ричаглар тўпланган эди дейиш мумкин. Айтиб ўтганимдек, у Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб, у армиянинг махсус хизматини назорат қилган, маълумотларга кўра, телефон сўзлашувларини тинглаган ва шунинг учун қўрқмасдан айтиш мумкинки, у албатта асосий сўзни айтувчилар қаторида бўлган.

Би-би-си: Роҳат Алиевнинг қўлга олинишидан Қозоғистон қандай манфаатдор?

Динмуҳаммад Каликулов: Биринчидан, ниҳоят унинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган Нурбанкнинг икки топменежерининг шов-шувли қотиллиги ҳақидаги ҳақиқат юзага чиқиши мумкин. Кўпчилик у ҳақиқатдан айбдорми ёки йўқлигини, банкирларнинг ўлимига боғлиқлигини билишни истайди. Маълумки, унинг ўзи буни кескин рад қилиб келади. Унинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Баъзи фойдаланувчилар фикрича, Роҳат Алиевнинг пули тугаган бўлиши мумкин. Бир пайтлар у жуда бадавлат одам эди. У медиамагнат, шакар заводи акцияларига эга эди. Лекин унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар орқасидан турли юридик жараёнларга, қиммат ҳимоячиларга катта пуллар сарфланиши уни камбағал қилиб қўйган бўлиши тахмин қилинади. Шунингдек, Оврўпода ҳибсда 72 соатгача ушлаб турилиши ҳисобга олинса, ушбу муддатдан кейин Австрия куч ишлатар тизимлари уни ҳибсда қолдириш ёки қўйвориш ҳақида қарор беришлари керак. Лекин кўплар уни Қозоғистонга қайтиб келишига ишонмайди. Чунки у Қозоғистонни тарк этганида кўпчилик унинг мамлакатдан бемалол чиқиб кетишига етарли вақт беришган, деб ишонади.