Каримов: 'Овросиё Иттифоқи-мустақилликка таҳдид '

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Президент Ислом Каримов Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ўтган ой таъсис этилган иқтисодий иттифоқ собиқ совет давлатларининг сиёсий мустақиллигига таҳдид солишини айтган.

Жума куни Тошкентда озиқ-овқат масалаларига бағишланган халқаро анжуманда гапирган жаноб Каримов уч давлат раҳбарларининг янги иттифоқ сиёсий мустақилликка рахна солмайди, деган ишонтиришларини рад этган.

"Улар фақат умумий бозор яратаётганлари, ўз мустақилликлари ва суверенитетларидан воз кечмасликларини айтишаяпти. Аммо қани айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми?", - дея жаноб Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтиради Франс Пресс агентлиги.

29 май куни Россия, Беларус ва Қозоғистон раҳбарлари Остонада Овросиё Иттифоқини тузишга доир битимни имзолаганлар.

Президенти Путин битимнинг имзоланишини "улкан аҳамиятга молик" воқеа, деб таърифлаган.

Унга кўра, Божхона Иттифоқига аъзо уч давлат ўз суверенитетларини тўла сақлаб қолган ҳолда, ўзаро интеграциянинг янги босқичига чиқишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Каримов Россия бошчилигидаги иттифоқларга шубҳа билан қарайди

Россия раҳбари аъзо давлатлар "170 миллион инсонни бирлаштирган йирик минтақавий бозор ва қудратли ҳамда жозибали иқтисодий тараққиёт марказини яратаётгани"ни таъкидлаган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Овросиё иттифоқини "Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк" деб атаган.

Путиннинг Овросиё Иттифоқи ғоясига аввал-бошдан қарши чиққан Президент Ислом Каримов 2011 йилда Совет Иттифоқининг қулашини "табиий ва қонуний жараён" деб атаган.

У интеграция ғоялари тобора сиёсий тус олаётганини урғулаб, уларга эҳтиёткорлик билан ёндошишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.