Порошенко Украина Президенти сифатида қасамёд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN
Image caption Порошенко Украинани Оврўпо Иттифоқига олиб киришга ваъда берган

Киевда Украинанинг янги сайланган Президенти Петро Порошенконинг қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтган.

Жаноб Порошенко Украинанинг мустақиллигини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга ваъда берган.

У Украинанинг барча минтақаларига тинчлик олиб келишга ваъда берган ҳамда "бандитлар эмас, балки тинч фуқаролар билан мулоқот қилиш"га тайёрлигини билдирган.

Украина парламенти - Радада ўтган қасамёд маросимида юқори мартабали хорижий меҳмонлар, жумладан, АҚШ вице-президенти Жо Байден ва Беларус Президенти Александр Лукашенко иштирок этишган.

Россиянинг Украианага янги қайтган элчиси Михаил Зурабов ҳам маросимда ҳозир бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистонни ҳам мамлакатнинг Украинадаги элчиси намоён этиши хабар қилинганди.

Президент Ислом Каримов Порошенкога табрик йўллаб-йўлламагани маълум эмас.

Аммо жаноб Каримов собиқ совет лидерлари орасида биринчилардан бўлиб Украинадаги президентлик сайловларини олқишлаган.

Ўзбекистон раҳбари сайловлар Украинанинг қўшниларини "тинчлантиргани"ни айтган.

48 ёшли миллиардер ишбилармон Петро Порошенко 25 май куни ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида 55 фоиз овоз олган.

Оврўпога йўл

Мамлакат жануби-шарқидаги вазият ҳақида гапира туриб, жаноб Порошенко қуролини топширганларни авф этиш ва "россиялик ёлланма жангчиларга" хавфсиз йўлак очиб беришга тайёрлигини айтган.

"Марҳамат, қуролни ташланг ва мен қўли қонга ботмаган биронта одамни ҳам таъқиб қилмасликка ваъда бераман", - деган Украинанинг янги раҳбари.

"Мен урушни истамайман, қасосни истамайман, мен тинчлик истайман", - деб айтган у.

Донбасс аҳолисига рус тилида мурожаат қилган жаноб Порошенко жануби-шарқда муддатидан аввал сайловлар эълон қилишга тайёрлиги ва русийзабон аҳолининг ҳуқуқларини таъминлашини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жума куни Порошенко ва Путин ўртасида қисқа мулоқот бўлиб ўтган

"Украинанинг ҳудудий яхлитлиги масаласи муҳокама этилмайди", - деб айтган Порошенко ва "Қрим Украинаники бўлган, ҳозир ҳам шундай ва келажакда ҳам Украинаники бўлади", -дея икки марта такрорлаган.

Янги президент Украинани Оврўпо Иттифоқига олиб киришга ваъда берган.

"Биз Оврўпога қайтаяпмиз. Украинага шон-шарафлар бўлсин!", - деб айтган жаноб Порошенко.

Йиғилганлар унинг ушбу сўзларини тик туриб олқишлаганлар.

Қисқа мулоқот

Жума куни Нормандияга иттифоқчи қўшинлар ташланганининг 70 йиллик санаси нишонланган Францияда жаноб Порошенко ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида қисқа мулоқот бўлиб ўтган.

Шундан сўнг Путин Украинанинг янги раҳбарининг қон тўкилишини тўхтатиш керак, деган мавқеъини олқишлашини айтган.

У шунингдек, Олмония канцлери Ангела Меркел иштирокидаги учрашувда Украина билан иқтисодий муносабатлар масаласи ҳам тилга олинганини айтган.

Киев Москвани мамлакат шарқидаги қуролли бўлгинчиларни дастаклашда айблайди, Москва эса буни рад этиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.