Қамчибек Колбаев Қирғиз қамоқхонасидан озод қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи b

Қирғизистондаги жазони ижро этиш хизматидан маълум қилишларича, жиноят оламида “қонундаги ўғри” ҳисобланадиган Қамчибек Колбаев озодликка чиқарилган.

"8 июн куни жазо муддатини ўтаганидан кейин тутқун Қамчи Колбаев озодликдан маҳрум қилиш масканидан озод қилинган", дея хабар тарқатган Қирғизистон Давлат Жазони ижро этиш хизмати.

40 ёшли Қамчибек Колбаевга қарши Қирғизистонда одам ўғирлаш, қароқчилик, уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилиш айбловлари билан қидирув эълон қилинган, бу пайтда у хорижий мамлакатда бўлган.

2012 йил 8 декабрида Бишкекка қайтган Қамчибек Колбаев ҳибсга олинган эди.

Бишкекдаги маҳкама Колбаевни товламачилик банди бўйича айбдор деб топиб 5 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Шу йилнинг 14 майида Қирғизистон Олий маҳкамаси олдинги ҳукмни ўз кучида қолдирган, бироқ қамоқ жазосини 3 йил қилиб белгилаган.

Вақтинча сақлаш изоляторидаги бир кун икки кун деб ҳисобланиши муносабати билан Қамчибек Колбаевнинг ҳибсда ўтказган бир ярим йили уч йил деб ҳисобланган ва у жазо муддатини ўтаб бўлган деб кўрилади.

30 май куни АҚШ Давлат департаменти Қамчибек Колбаевнинг жиноий гуруҳи ҳақидаги маълумот учун 1 миллион долларлик мукофот эълон қилди.

Америка Давлат департаментига кўра, Қамчибек Колбаев Марказий Осиёда жиноий гуруҳ тузган, бу гуруҳ ноқонуний гиёҳванд моддалар айланиши, одам ва қурол-яроғ савдолари, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этган.

АҚШ расмийлари Қамчибек Колбаев гуруҳини Оврўпо ва Осиёда фаолият юритадиган, рус тилида "Братский круг" деб ном берилган уюшган жиноий гуруҳнинг таркибий бир қисми деб кўради.

Бу гуруҳга АҚШ тарафидан ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов ҳам киритилган.

Бу гуруҳ аъзолари деб кўрилган шахсларга нисбатан Америка қатор жазо чораларини кўзлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Матнда хатога кўзингиз тушса бизга хабар қилинг.