"Ўш воқеалари такрорланмаслиги учун демократия ва фаровонлик бўлиши керак"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Storyscape

Қирғизистон жанубидаги этник тўқнашувлардан тўрт йил ўтиб, қирғиз ҳукумати бу фожиадан сабоқ чиқаришда давом этмоқда. Ўш ва Жалолобод воқеаларининг навбатдаги санаси арафасида Президент Атамбаев ана шундай баёнот берган.

Унга кўра, бу каби воқеаларнинг такрорланмаслиги учун энг яхши кафолат иқтисодий фаровонлик ва демократиядир.

2010 йилнинг 10 июнь куни бошланган тўқнашувларда 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, мингдан ортиқ одамлар яраланган. Қурбонлар ва кейинроқ жазога тортилганларнинг аксарияти ўзбеклардир.

Би-би-си ўшлик журналист Шоҳрух Соиповдан Ўшдаги вазият ва одамларнинг кайфиятлари ҳақида сўради.

Соипов: 2010 йилда бўлиб ўтган қонли воқелардан тўрт йил кейинги Ўшдаги вазият нисбатан яхши деб айтсак бўлади. Шаҳарда асосий икки миллат, қирғиз ва ўзбек миллати бир-бирлари билан кундалик тирикчилигини ўтказмоқдалар. Кўча-кўйда, бозорларда аввалгидек аралашиб бирга юрганларини кўрсангиз бўлади. Эртага июн воқеасининг тўрт йиллигига бағишланиб, маҳаллий миқёсда турли тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Лекин, юқори лавозимли расмийлар: президент ёки бош вазир иштирокида бирон-бир тадбир ўтказилиши режалаштирилмаган.

Би-би-си: Қонли воқеага алоқадор деб айтилаётган собиқ шаҳар ҳокими Мелис Мирақматовдан кейинги вазият қандай?

Соипов: Ҳақиқатан, ўтган уч йил оралиқда шаҳардаги деярли ҳар бир ўзгариш собиқ ҳоким Мелис Мирақматовнинг номи билан боғлантирилган эди. Ўзбекларнинг ноқонуний қўлга олиниши, уларга бўлаётган босимлар деймизми, бир сўз билан айтганда, ўзининг миллатчилик чиқишлари билан танилган Мирзақматов номи сиёсийлаштирилган эди. Ҳозир эса ундай эмас. Янги ҳоким Айтмамат Қадирбаевнинг номи деряли ҳеч қаерда тилга олинмайди. Шаҳарнинг ижтимоий ҳаёти ўз йўналишида, ҳар бир ишхона, муассаса ўз йўналишида ишлаяпти. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.

Би-би-си: Сиз бозор ҳақида ҳам гапириб ўтдингиз, воқеадан сўнг ўзбек тадбиркорларидан тортиб олинган бизнеслар ўз эгаларига қайтарилганми?

Соипов: Воқеадан сўнг кўп ўзбек зиёлилари, улар қаторида бизнесменлар ҳам ватанни тарк этгандилар. Лекин, маълум вақт ўтганидан кейин, бизнесменларнинг аксарияти қайтиб келиб, аввалги ишларини давом эттирмоқдалар. Албатта, тортиб олинган ҳамма бизнеслар ҳам қайтарилмаган. Юз фоиздан ярми, яъни 50 фоизи қайтарилган десак ҳам бўлади.

Би-би-си: Воқеада жабрланган, вафот этганларнинг яқинлари адолат тикланди деб ҳисоблайдиларми?

Соипов: Яқинларини йўқотган ёки воқеадан қандайдир бир талофат кўрганлар номидан гапириш, уларнинг ички ҳис туйғусини, аламини сезиш қийинроқ бўлади. Адолат тикландими деган саволга икки тарафнинг кўз қараши билан жавоб бериш мумкин. Биринчиси, жабрланган қирғиз милллатидаги инсонлар. Улар айтадиларки, "турли айбловлар билан ҳозирги кунда қамоқ жазосини ўтаётган ўзбеклар бундан ҳам олийроқ жазога ҳукм этилиши керак эди" дейдилар. Иккинчи жабрланган тараф, яъни ўзбекларнинг аксарияти эса, "бу бизга Аллоҳдан келган бало" дея ўзларини овунтирадилар. Вафот этганларга Қуръон тиловот, дуо қилиш билан чекланадилар. Сабаби, ҳали ҳануз воқеада ўлган биронта ўзбек бўйича жиноий иш очилмаган. Умумий қилиб айтганда, қонли воқеа яралари ҳали битганича йўқ.

Би-би-си: Июн воқеаси бўйича ҳозирги кунда ҳам ноқонуний қўлга олишлар давом этаяптими? Умуман, воқеа юзасидан очилган жиноий ишлар якунига етганми?

Соипов: Ҳозирги кунда июн воқеаси бўйича янги жиноий иш очилмаяпти. Аввал очилганларнинг орасида якунига етмаганлари бор. Бир неча суд жараёнлари бўлиб, қайта кўрилиб чиқаётган ишлар бор. Шундайлардан бири, бир ой аввал Дилмурод Ҳайдаров деган инсоннинг иши якунига етиб, у озодликка чиқди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer